Эркинлик


Сақлаш
16:12 / 14.12.2023 0 370

Эркинлик – этика, эстетика, ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик каби ижтимоий гуманитар билим соҳаларида кенг ишлатиладиган фалсафий тушунча. Луғавий маънода кишининг ўз истаги бўйича иш тутишини англатади. Эркинлик тушунчаси жамиятнинг турли соҳалари билан боғлиқ ҳолда муайян тушунчалар орқали талқин этилади. Масалан, виждон эркинлиги, фуқаролар эркинлиги, ирода эркинлиги, фикр эркинлиги, сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва ҳоказо. Эркинлик ҳақидаги илк фалсафий қарашлар Шарқда, «Авесто» замонларидаёқ шаклланган. Эркинликни ҳимоя қилувчи сиёсий институтлар (Спарта ва Афина демократияси, Солон ва Перикл ислоҳотлари, Рим ҳуқуқи) тизими Ғарбда, аниқроғи, Қадимги Юнонистон заминида ҳам аста-секин вужудга келган. Антик даврда эркинлик борасида илгари сурилган таълимотлар унинг замонавий концепцияларидан тубдан фарқ қилади. Масалан, замонавий ғарбона концепцияларда асосий урғу шахснинг сиёсий-иқтисодий назорат ва аралашувдан эркинлигига қаратилган бўлса, юнонлар эса зўравонликка таянмаган, қонун асосида амалга ошириладиган ҳокимиятни табиий деб билган ва жамиятнинг шахс устидан ҳукмронлигини тан олган. Бироқ антик даврдаёқ айрим файласуфлар шахсий эркинликка интилиш ва жамият манфаат-эҳтиёжлари ўртасида кескин зиддият вужудга келиши мумкинлигига эътибор қаратган. Бу зиддият турли фалсафий оқим ва мактаблар вакиллари томонидан ўзига хос тарзда ҳал этилган. Масалан, Афлотун ва унинг мактабига мансуб файласуфлар шахс манфаатлари жамият манфаатларига тўлиқ бўйсундирилиши зарурлигини асослашга интилган. Чунончи, Афлотун «Қонунлар» асарида «Воқелик сен учун эмас, сен воқелик учун вужудга келасан» деб ёзади. Киниклар эса, аксинча, ижтимоий ҳаёт қадриятларини бутунлай инкор этиб, шахс манфаатлари, унинг эркинлиги устуворлигини ёқлаб келган. Мазкур таълимотни юнон файласуфи Антисфен яратган бўлса-да, фалсафий адабиётда унинг шогирди, кинизм оқимининг ёрқин вакили – ғайриодатий хатти-ҳаракати ва юриш-туриши билан шуҳрат қозонган Диоген кўпроқ тилга олинади. Унинг эркинлик масаласига оид қарашлари ўта бирёқламалиги билан ажралиб турган.

 

Диогеннинг фикрича, инсон эркинлиги чек-чегарасиз бўлиши, давлат ҳам, оила-никоҳ муносабатлари ҳам, ахлоқий қадриятлар ҳам унга тўсқинлик қилмаслиги керак. Бундай талқиндаги эркинлик жамият маънавий-ахлоқий асосларини емириб, ёвуз, бузғунчи куч сифатида намоён бўлади. Экзистенциализм вакилларининг фикрига кўра, эркинлик инсоннинг ҳаётдаги масъулияти, ҳамма қилган ишлари учун жавобгар бўлишидир. Теварак-атрофда қилинаётган ҳамма ишлар учун айбни сезиш – бу эркин инсонга хос ҳиссиётдир. «Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси»нинг 1-моддасида: «Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқлари бўйича эркин ва тенг бўлиб туғиладилар...», 18-моддасида эса: «... ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълим олиш, тоат-ибодат қилиш ҳамда диний расм-русум ва маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига якка ўзи, шунингдек, бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади», деб таъкидланади. Ўзбекистон Республикасида барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги Конституция билан кафолатланади. Эътиқод эркинлиги инсоннинг бирор-бир динга эътиқод қилишида ўз ихтиёри билан иш тутишини ифодалайди. У инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ичида марказий ўринда турувчи қадриятлардан бири ҳисобланади. Эътиқод эркинлиги сиёсий, ахлоқий, илмий, диний ва шу каби хилма-хил турларга бўлинади. Инсон ўз ҳаётида шу турлардан бирига алоҳида ихлос қўйиши, шу турни ўз турмуш тарзи, хатти-ҳаракатлари, орзу-мақсадлари, интилишларини белгиловчи тамойил сифатида қабул қилиши мумкин.

 

Виждон эркинлиги эса муайян кишининг бирор динга, ғояга эътиқод қилиши ёки эътиқод қилмаслигини англатади. У дунёвий ёки диний билимлар тарафдори бўлиши мумкин. Кимнинг нимага эътиқод қилиши ўзининг ихтиёрида. Бироқ, бу тамойил жамиятдаги бошқа умуминсоний талаблар ва фуқаролик бурчларини тан олмаслик, турли ақидаларни мутлақлаштириш, бошқалар учун қадрият бўлган нарсаларни менсимасликни билдирмайди. Миллий истиқлол мафкураси шахс эркинлиги ғоясига таянади. Ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, айни пайтда ўз манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғунлаштирадиган инсонгина миллий ғоямиз тамойилларини тўғри баҳолай олади. Эркинлаштириш жараёнида инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлаш, инсонпарварлик ва умуминсоний қадриятларга риоя этиб яшаш жамият ҳаётининг асосий мезонига айланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//