Эпос


Сақлаш
16:12 / 14.12.2023 0 361

Эпос (грекча ероs – сўз, нутқ, ҳикоя) – 1) кенг маънода, воқеабанд бадиий асар, бадиий адабиётнинг баён тарзидаги биртури; 2) тор маънода, халқ эпоси – оғзаки яратилган ва бирор чолғу асбоби жўрлигида оғзаки ижро этиладиган, халқнинг қаҳрамонона ўтмиши, орзу-умидларини ифодаловчи катта эпик асарлар. Эпос қадимги қабила ёки уруғнинг маиший ҳаётини ҳикоя қилувчи оғзаки ва ёзма шаклдаги бадиий асар ҳамдир. Бу асарлар секин-аста тараққий қилиб, шеърий ва насрий йўлда мукаммал бадиий асарларга айланади. Бу жараёнда эпик асарлар такомиллашади, турлича композицион восита ва усулларга эга бўлади, ўзига хос бадиий тил хусусиятларини касб этади. Эпос, дастлаб воқеликни ўз ҳолича объектив тарзда акс эттирган бўлса, кейинчалик бу нарса тамоман бузилди, яъни объектив воқелик баёни ё муаллиф томонидан, ё шартли ҳикоячи томонидан ёхуд асар қаҳрамони томонидан олиб бориладиган бўлди. Бундан ташқари, эпосда баён шакли ва усуллари бойиди. Бу шакл ва усуллар эса оддий тафсилий баён, диалог, монолог, автор чекиниши, ўйлаш, ички нутқ кабилардан иборат. Эпос воқеликни акс эттириш, инсон руҳий оламини чуқур ёритишнинг чексиз имкониятларига эга. Агар лирикада воқелик лирик қаҳрамон, бирор субъект ёки ижодкорнинг ҳис-ҳаяжони, руҳий кечинмалари орқали акс этса, эпосда воқелик ижодкор идеали, дунёқараши доирасида объектив тасвирланади. Халқ эпоси турли халқларда турли шакл, ҳажм ва номда юритилади. Масалан, ўзбек халқ достонлари, рус билиналари, украин думалари ва бошқалар.

 

Халқ эпоси ўз характерига кўра, бир неча турларга бўлинади, масалан: қаҳрамонлик эпоси, романтик эпос, тарихий эпос, жангнома ва ҳоказо. Эпосда халқ, мамлакат тақдири учун олиб борилган қаҳрамонона курашлар тасвирланса, у қаҳрамонлик эпоси ҳисобланади. Қаҳрамонлик эпоси турли халқларда турли даврларда юзага келган. Бироқ ҳамма ҳолларда ҳам у халқ тақдири ҳал бўладиган ижтимоий тузумларнинг ўзгариши даврларида юзага келади. Масалан, ўзбек қаҳрамонлик эпоси «Алпомиш» достони бунга мисол бўла олади. Эпосда халқнинг яхшилик, соф муҳаббат, вафо, ботирлик ва мардлик ҳақидаги орзу-умидлари тасвирланса, у романтик эпос саналади. Ўзбек халқ эпосидаги «Гўрўғли», «Рустамхон» циклидаги достонлар романтик эпослардир. Шунингдек, тарих ҳамда жангнома характеридаги эпос ҳам ўзига хос хусусият ва белгиларга эга. Халқ эпоси фольклорнинг бошқа жанрларидан ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради, булар: сюжетнинг кенглиги ва кўпинча, кетма-кет композиция асосига қурилиши, драматизмнинг кучлилиги, барқарор тизимга эга бўлиши, баёнда эпик салмоқнинг етакчилик қилиши, анъанавий типик ўринларга эга бўлиши, бутун воқеаларнинг ягона қаҳрамон билан боғлиқ ҳолда тасвирланиши ва ниҳоят, ўзига хос бадиий тилнинг мавжудлиги ва ҳоказо. Халқ эпосининг энг қадимги намуналари ибтидоий жамоа тузуми даврларида пайдо бўлган бўлиб, уларнинг асосий мазмуни инсоннинг меҳнат жараёни ва қабилаларнинг ўзаро тўқнашувларини акс эттириши билан характерланган. Бу нарса ҳозир кўпгина археологик қазилмалар натижасида топилган ов тасвири, тош қурол, ўқ-ёй ёки қилич ва бошқа қуроллар воситасида жанг қилаётган кишилар тасвирини эпосдаги ана шундай тасвирга қиёслаш орқали тасдиқланади. Кейинчалик қадимги инсонга хос барча қарашлар тизими бўлган мифология халқ эпосига материал берди. Қадимги ҳинд, юнон эпоси намуналари бунинг тасдиғидир. Умуман олганда, халқ эпоси жуда узоқ тарихий тараққиётни босиб ўтди. Ҳар бир халқнинг эпоси ўзига хос миллий ва маънавий хусусиятларга эга. Чунки уларда шу эпосни яратган халқнинг каҳрамонона ўтмиши, маданияти, маънавияти, маиший ва сиёсий ҳаёти, тили ва урф-одатлари, орзу-умидлари акс этади. Халқ эпоси ҳамма вақт умумхалқ ижоди, халқнинг миллий ифтихори, «кишиликнинг бахтли болалиги»ни куйловчи миллий маданий бойлик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам халқ эпоси ҳамма вақт катта таълим-тарбиявий аҳамият касб этади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//