Бир куни...
Электорат (лотинча еlectorates – сайловчи, сайлайдиган) – сиёсий партиялар нуқтаи назаридан Парламент, Президент ёки давлат ҳокимияти маҳаллий вакиллик органлари ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига ўтказиладиган сайловларда муайян сиёсий партия, партияларнинг сайловолди блоки ёки мустақил номзодлар бирлашмалари томонидан кўрсатилган номзодлар учун овоз берувчи сайловчилар гуруҳи. Сайловчилар томонидан у ёки бу сиёсий партия номзодларининг қўллаб-қувватланиши уларнинг манфаатлари муайян партия ёки унинг номзодлари дастурларида, сайловолди ҳужжатлари ва фаолиятида ўз аксини топгани билан изоҳланади. Ҳозирги замон халқаро сиёсат майдонида гарчи «Электорат» атамаси янги ибора бўлмаса-да, бу атама Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига мустақилликка эришилгандан сўнг, хусусан, мамлакатимизда демократик жамиятни барпо этиш жараёнида кўппартиявийлик тизими вужудга келиб, ҳақиқий демократик сайловлар ўтказилиши муносабати билан жадал кириб келди. Амалга оширилган парламент ислоҳоти ва икки палатали Олий Мажлисга ўтказилган сайловларда сиёсий партиялар ўртасида сиёсий рақобатнинг кучайиши туфайли электорат масаласи ўта долзарблик касб этди. Мазкур масала сиёсий партиялар учун нафақат назарий, балки кўпроқ амалий аҳамиятга эга. Чунки, ўз электоратини билмайдиган, у тўғрисида етарли тасаввурга эга бўлмаган, унинг ижтимоий таркиби, манфаатлари ва эҳтиёжларини ўрганмаган сиёсий партия ўз мақсад-муддаосини белгилай олмайди, истиқболдаги ва жорий вазифаларини аниқлашда қийналади. Бундай партия кимларга таянишини, ким учун фаолият кўрсатиши ва кимлар ўртасида ишлашини, бир сўз билан айтганда, кимларни ўз ортидан эргаштириши кераклигини билмайди. Табиийки, бу партия узоқ мавжуд бўлмайди.
Электорат вакиллари у ёки бу сиёсий партияга муайян қатламларга мансуб бўлганлиги ёки сиёсий партия дастурида уларнинг манфаатлари у ёки бу тарзда акс эттирилгани учун эмас, балки мазкур сиёсий партия уларнинг манфаатларини нечоғлик чуқур ўргангани, билиши ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришига мувофиқ дастурий ҳужжатларида инобатга олганига қараб мойиллик билдиради. Энг муҳими, сайловчи сиёсий партиянинг амалий ишларига қараб, уни ташвишлантираётган муаммоларини ҳал қилиши ёки ҳал эта олмаслигига қараб баҳо беради ва қўллаб-қувватлайди. Электорат манфаатлари хилма-хил бўлади. Ушбу масалага сиёсий партияларнинг фаолияти нуқтаи назаридан ёндашилганда, сиёсий манфаатлар биринчи ўринда туриши, шубҳасиз. Зеро, ҳар қандай партия учун давлат ҳокимияти органлари ва бошқарув идораларида, уларни шакллантириш ва фаолият юритишига сиёсий таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлиш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар ўз электоратига эга бўлган партиялардир. Электорат орасида мунтазам иш олиб бориш, унинг манфаатларини ифода ва ҳимоя этиш йўлида доимий ҳаракат қилиш сиёсий партияларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Фақат ана шу йўл билангина сиёсий партиялар ўз дастурларида белгиланган стратегик мақсадларга эришишлари мумкин. Ҳар бир партия электоратининг ўз партияси ғоялари билан боғлиқ маънавий мезонлари мавжуд бўлади. Ана шу маънавий яқинлик одамларни ягона электорат доирасида бирлаштириб туради. Шунингдек, электорат маънавияти партияларнинг айрим масалаларни умумхалқ муҳокамасига қўйиши масаласини белгилаб беради. Партиялар илгари сурадиган ғоялар шу жиҳатдан электорат маънавиятини кўрсатиб туради.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ