Бир куни...
Эл – қадимий туркий сўз. Эл муайян жой, вилоят ёки ҳудудда истиқомат қиладиган одамлар маъносини англатади. Масалан, Хоразм эли, Қашқар эли. Эл сўзи бир қабилага мансуб кишиларга нисбатан қўлланади. Масалан, қипчоқ эли, манғит эли. Мазкур тушунча миллат, халқ маъносини ҳам ифодалайди, шунингдек, юрт, мамлакат маъноларида ҳам қўлланади.
Элат – кишиларнинг тил, ҳудуд, иқтисодий ва маданий жиҳатдан тарихан таркиб топган бирлиги. Элатга кўп жиҳатдан бир-бирига яқин қабилалар бирлашади. Қадимда кишиларнинг элат бўлиб, бир ҳудудда яшашлари улар орасида умумий манфаатдорлик, қон-қариндошлик ҳис-туйғуларини кучайтирган. Элатлар, кучли қабилаларнинг кучсиз қабилаларни ўзига бўйсундириши ва улар билан аралашиб кетиши натижасида ҳам шаклланган. Элат ўз қиёфасини сақлаб қолиши, ривожланиб, миллат даражасига кўтарилиши учун ўз давлатига эга бўлиши керак. Умумий манфаатдорлик ҳисси ва уни ҳимоя қилиш масъулияти элатни вужудга келтирган. Нисбатан марказлашган дастлабки давлатлар Қадимги Миср, Қадимги Бобил, Қадимги Турон ва бошқа жойларда пайдо бўлган. Сайёрамизнинг бошқа жойларида, жумладан, Ғарбий ва Шарқий Европада элатлар ўрта асрларда шаклланган. Дунёда бундай жараёнлар давом этаётган мамлакатлар ҳозир ҳам бор. Шунинг учун жонли сўзлашув тилида миллат ва элатлар деган иборалар ишлатиб турилади. Кўпинча, элат деганда, камсонли, маданий-маърифий, иқтисодий-сиёсий жиҳатдан нисбатан кам ривожланган халқлар ҳам тушунилади. Собиқ Иттифоқда 1926 йилда аниқланган аҳоли рўйхатида 230 дан ортиқ миллат ва элат яшайди, дейилган бўлса, 1959 йилги аҳоли рўйхатида бу рақам 129тага тушиб қолган. Демак, 100 дан ортиқ элат, асосан, кам сонли халқлар ўз миллий қиёфаларини йўқотиб, кўп сонли халқнинг миқдорини оширган.
Шўровий мафкура «ўз ривожланишига кўра орқада қолган кўпгина элатлар, асосан, майда элатлар, миллатга айланмаслиги ҳам мумкин. Улар вақт ўтиши билан иқтисодий ва маданий жиҳатдан юксалган бошқа элат ва миллатлар билан яқиндан алоқа қилишга ўтиши натижасида илғор халқнинг маданияти, тилини ўзлаштиради ва аста-секин ўша миллатнинг таркибига сингиб кетади», деб уқтирарди. (Бу кўчирма Ўзбек Совет Энциклопедиясининг 13-жилдидан келтирилди). Бундан кўринадики, Чор Россиясида XVI асрнинг ўрталаридан бошланган бундай сиёсат шўро даврида ҳам пинҳона давом эттирилди. Шуниси қизиқки, қаердаки миллий уйғониш юз бериб, миллий мустақиллик талаб этилса, шу халқни, шу халқ раҳбарларини сепаратизмда айблаш мустамлакачиларга хос усулдир. «Сепаратизм» лотиндан олинган атама ҳисобланиб, ажралиб чиқишга, алоҳида бўлишга интилиш маъносини билдиради. Масалан, бир бутун мамлакатнинг бир вилояти ажралиб чиқишни истаса – бу сепаратизм бўлади, бу ҳаракатнинг тепасида турганларни сепаратчи дейиш мумкин. Бундай интилишларни соғлом фикрли ҳеч бир киши оқламайди ва ёқламайди. Бу мамлакатнинг яхлитлигига раҳна солади, бутун бир халқни пароканда қилади. Лекин тили, дини, турмуш тарзи мутлақо бошқача бўлган, ўз ватанига эга бир халқнинг мустақилликни истаб, ҳукмрон тузум исканжасидан ажралиб чиқиши сепаратизм эмас, балки миллий давлатчиликни тиклаш йўлидир. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ана шу тамойил мазмунига мос келади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ