Бир куни...
Эгоцентризм (лотинча ego – мен ва centrism – марказ) – эгоизмнинг ўта кескин шакли бўлиб, индивид шахсий манфаатларининг устувор аҳамият касб этиши оқибатида унинг бошқа объект, кишилар фикр-мулоҳазаси ёки тасаввурларига нисбатан муносабатини ўзгартиришга қодир эмаслигини англатади. Эгоцентризм илдизлари субъект томонидан ўзгача, ҳатто қарама-қарши нуқтаи назарлар ҳам бўлиши мумкинлиги англанмаслиги, ўзга кишиларнинг психологик хусусиятлари уники билан айнан мос эканига ишонишига асосланган. Эгоцентризм, айниқса, 12–14 ёшлар атрофидаги болаларда яққол намоён бўлсада, баъзи кишиларнинг кексайган чоғида эгоцентрик майлларнинг кучайиш ҳоллари ҳам кузатилади. Илмий тадқиқотда эгоцентризмнинг бир неча турлари қўлланади: билиш эгоцентризми – қабул қилиш ва тафаккур қилиш жараёнларини акс эттиради; ахлоқий эгоцентризми – муайян индивиднинг ўзга кишиларнинг ахлоқий хатти-ҳаракатлари ва фаолиятини қабул қилишга қодир эмаслигидан далолат беради; коммуникатив эгоцентризм – субъект томонидан бошқа кишиларга маълумот етказиш жараёнида кузатилади. Бу ҳол тушунчаларнинг мантиқий ўзагини тан олмасликда, ўзгалар нуқтаи назарини менсимасликда намоён бўлади. Эгоцентризм тушунчаси фанга илк бор таниқли француз олими Жан Пиаже томонидан киритилган. Пиаже эгоцентризмни бола ақлий ривожининг бир неча босқичларида ўзлигини ва дунёни англаш жараёнида тутган йўли ва нуқтаи назари сифатида талқин этади.
Эгоцентризмнинг илмий ва турмушда қўлланадиган тушунчалари ўртасида катта фарқ мавжудлиги боис, унинг пайдо бўлиши талай тушунмовчиликларга сабаб бўлган эди. Кейинчалик эгоцентризм тушунчаси фанда кенг маънода талқин этила бошлагани, бир томондан, ривожланаётган фан учун табиий ҳол бўлса, иккинчи томондан, тадқиқот ишларида муайян қийинчиликларни келтириб чиқарди. Эгоцентризмда индивид бошқалар фикрига зид равишда ўзининг шахсий фикрини ягона маъқул вариант сифатида энг олдинги даражага қўяди. Бундай кишилар учун фақатгина ўз нуқтаи назари муҳим. Шу сабаб у бошқаларнинг далил-исботларини қабул қилмаслиги, хом хаёлларга берилиб, воқеа ва ҳодисалар юзасидан хато хулосалар чиқариши мумкин. Шу ўринда «Эгоцентризм» ва «эгоизм» тушунчаларини фарқлаш лозим. Эгоист инсон шахсий истакларига мувофиқ фаолият юритиб, ўзгаларнинг қизиқишларини менсимайди ва бундай хулқ шахснинг ахлоқий нуқтаи назарига, ўзига хос ҳаётий фалсафасига айланади. Эгоцентризм эса инсоннинг бевосита билиш жараёнлари билан боғлиқ ҳодисадир. Эгоцентрик инсон бошқалар фикрининг мақсад-муддаоларини, уларнинг манфаатлари нимага асосланганини тушунишга қодир бўлмайди. Бундан ташқари, эгоцентризм шизофрения, жазава, васваса каби руҳий касалликларга чалинган кишилар орасида ҳам учрайди. Агар эгоцентрик хусусиятга эга бўлган икки инсоннинг суҳбатини кузатадиган бўлсак, бундай вазиятда ҳамсуҳбатлик ҳисси йўқолганининг гувоҳи бўламиз, яъни улар бир-бирини эшитмасдан, суҳбатдошининг фикрини идрок қилмасдан, фақатгина ўз фикрини баён этиш ва тасдиқлаш билан овора бўлади. Эгоцентризм муаммоси билан Ж.Пиажедан ташқари Л.С.Виготский, Ш.Бюпер, В.Штерн, Г.Айзенк каби олимлар ҳам шуғулланган.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ