Бир куни...
Эвдемонизм (юнонча еudaimonia – бахт-саодат, роҳат-фароғат) – бахт-саодат, роҳат-фароғатни кишилар ҳаётининг олий мақсади деб ҳисоблайдиган ахлоқий йўналиш. Бу ибора этимологик жиҳатдан, биринчидан, қониқиш ҳиссининг субъектив ҳолатини, иккинчидан, қониқишга хизмат қиладиган объектив шароит, яъни ташқи неъматларни англатади. Бу икки жиҳат узвий боғлиқ бўлса-да, баъзан улар бир-биридан фарқ қилиши, масалан, барча моддий неъматларга эга одам бахтсиз бўлиши ва аксинча, қашшоқ, уст-боши юпун инсон ўзини бахтли ҳис этиши мумкин. Эвдемонизм юнон этикасининг асосий тамойилларидан бири бўлиб, у Суқротнинг шахс ички эркинлиги, инсоннинг ташқи дунёга қарам эмаслиги тўғрисидаги ғояси билан узвий боғлиқ. Эвдемонизм бахт-саодатни жисмоний ва маънавий ҳузур, лаззат билан тенглаштирмайди, балки уни кенг маънода, барча жисмоний ва маънавий (кўпинча фуқароликка ҳам оид) қадриятларнинг мажмуи тарзида тушунади.
Бу таълимотга кўра, ўз шахсиятида ана шу қадриятларни мужассамлантира олган кишигина чинакам бахт-саодат соҳибидир, шундай бахтгина инсонга ҳақиқий лаззат, фароғат бахш этади. Қадимги юнон алломалари Демокрит ва Эпикур эвдемонизмнинг ёрқин намояндаларидир. Юнон мутафаккирларининг қарашларида «бахт» тор, индивидуал ахлоқ доирасида (хусусан, бахт инсон ижоди билан бевосита боғлиқ ҳолда) талқин этилган бўлса, насроний ахлоқда бахт ҳақидаги ахлоқий меъёр ва тушунчалар онгдан ташқарида бўлган диний тасаввурлар билан боғлиқлиги асосланади. Бошқача айтганда, инсон ахлоқи ва маънавиятининг мазмун-моҳиятини белгилаб берадиган чинакам бахтга қадр-қиммат ва унинг маҳсули бўлган бахт ўртасида зиддият бўлмаган дунёдагина эришиш мумкин. Янги даврда эвдемонизм кўплаб файласуфлар томонидан ривожлантирилган. Масалан, Б.Спиноза ва П.Гассенди оқилона билиш ва ҳиссий эҳтирослар ўртасидаги зиддиятларга эътибор қаратиб, ҳузур-ҳаловатни ақл воситасида англаш масаласини ўртага ташлайди. Француз материалистлари (Гельвеций, Гольбах, Вольтер ва бошқа) «бахт» тушунчасига ошкора гедонистик тус беради. Улар бахтга интилишни табиий жараён ва шу билан бирга, асосий ахлоқий тамойил, ҳар қандай жамият ва инсон фаолиятининг бош мақсади, дея талқин этади. Бу ёндашув имкон борича кўпроқ кишиларнинг бахтли бўлиши тамойилини илгари сурган инглиз утилитаризми вакиллари томонидан янада ривожлантирилади.
ХХ аср Ғарб фалсафаси ва ахлоқшунослигининг йирик вакиллари Дрейк, Сантаяна, Рассел, Дж.Маккей, М.Шлик, О.Нейрат асарларида ҳам бахт – инсоннинг табиий интилиши маҳсули, ахлоқ эса – унга эришиш йўллари ҳақидаги фан сифатида талқин этилади. Бироқ айрим файласуфлар, чунончи, Нейрат қарашларида «бахт» тушунчаси норматив мазмунга эга бўлмагани боис маънисизлик намоён бўлади: хусусан, унинг назарида, кишилар қандай мақсадларни кўзлаётгани ва қандай натижаларга эришаётгани муҳим эмас, бахтни ҳис этишгина ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бу ўринда ахлоқнинг асосий вазифаси – кишилар онгига таъсир этиш, ана шу ҳиссиётни кишилар онгига сингдириш усуллари ҳақидаги фандан иборатдир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ