Бир куни...
Шуҳратпарастлик (арабча машҳур бўлишни севиш) – маънавият тамойилларининг бузилиши оқибатида намоён бўладиган шахсий хусусият; фазилатларини пеш қилиб, шон-шуҳрат кетидан қувиш, юқори мартабага интилишни ҳаёт мазмунига айлантиришни англатувчи тушунча. Шуҳратпарастлик киши руҳиятидаги номақбул ўзгариш натижасидир. Шунингдек, шуҳратпарастлик шон-шуҳрат кетидан қувиш йўлида ҳар қандай ахлоқсизликдан қайтмайдиган инсонлар тоифа сининг хусусияти. Шуҳратпараст одам доимо атрофидагилар ва жамият диққат марказида туришга, машҳурлик, шов-шув, мақтовга ички эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж охир-оқибат уни жамтнинг ахлоқий-ижтимоий талаблари билан ҳам, индивид сифатида биологик ва маънавий-интеллектуал имкониятлари билан ҳам мутлақо ҳисоблашмайдиган нафс бандасига айлантириб қўяди. Шуҳратпарастлик инсонга хос «мен»лик туйғусининг манманлик билан туташганида юзага келади. Инсон ўзини бошқалардан кам эмас, ортиқ эканини исботлашга уринар экан, бу «мен»лик туйғусининг меъёридан ортиб кетиши уни инсониятга зид хатти-ҳаракатга ундаши мумкин. Шунинг учун халқимиз шуҳратпарастликни оқламайди, балки унга камтарликнинг зидди сифатида салбий хусусият, деб қарайди.
Шуҳратпарастликнинг ахлоқий иллат сифатидаги хатарли жиҳати шундаки, у ривожланиш хусусиятига эга: даставвал киши ўз «мен»ининг бошқа «мен»лардан кам бўлмаслигини талаб қилади, кейин аста-секин унинг баланд туришини хоҳлаб қолади ва нима қилиб бўлса ҳам шу хоҳишни амалга оширишга интилади. Натижада у мавжуд воқеликни, атрофдагиларнинг унга нисбатан муносабатини ҳаққоний баҳолай олмайди; қаерда уни «кўтар-кўтар» қилиб мақташса, ўша ерга ўзини уради, ҳаётда инсоний вазифасини бажаришдан чалғийди, тузатиб бўлмас хатоларга йўл қўяди. Масалан, шуҳратпарастликнинг ёрқин тимсолига айланган Герострат абадий шуҳрат қозониш учун дунёнинг етти мўъжизасидан бири – Эфес шаҳридаги Артемида ибодатхонасига ўт қўйган. Унинг номи ҳозиргача таажжуб, ҳайрат ва айни пайтда, нафрат, лаънат билан тилга олинади.
Шуҳратпарастлик ҳам худди худбинлик каби замонавий жамиятда авж олган иллатлардан ҳисобланади. Агар худбинликнинг кенг ёйилишига маълум маънода шахс эркинлигининг қонуний муҳофазаси, баъзи демократик тамойиллар йўл очиб берса, замонавий ОАВ шуҳратпарастликнинг оммалашувига хизмат қилмоқда. Ницше айтганидек, ҳозирги пайтда ҳар қандай кичкинагина «мен» йўлини топиб, саҳнадан, саҳифадан ёки экрандан ўзи ҳақида жаҳонга жар солиш ҳуқуқи ва имконига эга. Матбуот ва сўз эркинлигидан ғаразли мақсадларда фойдаланадиган, «машҳур»лар ҳақида шов-шув тарқатаётган кўплаб нашрлар, кўрсатув ва эшиттиришлар шуҳратпарастликнинг оммалашувини таъминламоқда. Бу жараёнга, айниқса, Ғарб «оммавий маданияти»нинг салбий намуналари рекламаларда ўзини кўз-кўз қилиш, уй-жой, қимматбаҳо машина ва шу кабилар орқали сохта «имиж» яратувчилар ҳақидаги кўрсатувлар ижтимоий онгга таъсир қилмоқда. Шарқона урф-одат ва қадриятларимизга хос бўлган камтарлик, самимийликни йўқотмаслик ҳамда мол-дунё, бойликларни ўткинчи эканини ҳис қилиб, уларни асосий омил, мақсад деб билмаслик, ҳар қандай ҳолатда ҳам инсонийликни сақлаб қолиш керак. Бу эса аждодлар қолдирган маънавий-маърифий меросга таяниб, юксак маънавий идеалларни шакллантириш борасида ташвиқот-тарғибот ишларини узлуксиз олиб боришни тақозо этади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ