Шаҳар. Шаҳарсозлик


Сақлаш
16:12 / 07.12.2023 0 381

Шаҳар – аҳолиси нисбатан зич, асосан, саноат, савдо, шунингдек, хизмат кўрсатиш, бошқарув, фан ва маданият соҳаларида банд бўлган йирик маъмурий, маданий манзилгоҳ, бевосита қишлоқ хўжалиги билан банд бўлмаган аҳоли яшаш жойи. Шаҳар тушунчасида социология фани нуқтаи назаридан жамият мавжудлигининг тарихий-муайян, ижтимоий маконий шакли, аҳолининг яшаш шароитидан тортиб меҳнат ўринларига қадар инсонлар учун яратилган шарт-шароитлар тушунилади. Шаҳар ўз атрофидаги туманлар учун маъмурий ва маданий марказгина эмас, балки уларнинг жойлашиши ва ўсишига катта таъсир кўрсатувчи омил ҳамдир. Шаҳарлар ибтидоий жамоа давридан синфий жамиятга ўтишда, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ деҳқончиликдан ажралиб чиқиш даврида пайдо бўлган. Ҳунарманд ва савдогарлар муқим истиқомат қила бошлаган жойлар гавжумлашиб, шаҳарларга айлана борган. Аҳоли пунктларига шаҳар мақоми берилиши учун аҳоли сони, бажарадиган функцияси: саноат ишлаб чиқариш, ташкилий-хўжалик, маданий-сиёсий, маъмурий ва ҳоказо бош мезон ҳисобланади. Аҳоли манзилгоҳларини шаҳар тоифасига ўтказиш маълум қонуний тартибда амалга оширилади ва чегараси белгиланади. Шаҳар мақомини беришда кўпгина мамлакатлар ўз иқтисодий, ижтимоий-маданий ва географик жойлашувига қараб ўз мезонларини ишлаб чиққан. Ўзбекистонда шаҳар мақоми берилиши учун, маълум манзил аҳолисининг сони 7 мингдан юқори бўлиши талаб этилади. Аҳоли сонига кўра, шаҳарлар кичик (50минггача), ўрта (50100 минг) ва катта (100 мингдан ортиқ) бўлади.

 

Ўзбекистонда 120 шаҳар, 113 та шаҳарча бор. Шундан 17 таси катта шаҳарлар (Тошкент, Самарқанд, Наманган, Андижон, Бухоро, Қўқон, Фарғона, Нукус, Қарши, Урганч, Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ, Навоий, Марғилон, Термиз, Жиззах), 16 таси ўрта ва қолганлари кичик шаҳарлар. Шаҳарлар бажарадиган вазифаларига кўра, пойтахт, саноат, транспорт, туризм, дин, фан ва маданият ҳамда илмий тадқиқот марказларига бўлинади. Шунингдек, республикага бўйсунувчи, мухтор республика, вилоят, туманларга бўйсунувчи шаҳарларга ажратилади. Шаҳарлар инсонларнинг маданий ва маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнайди.

 

Шаҳарсозлик – меъморчиликнинг йирик соҳаси; шаҳар бунёд этиш назарияси ва амалиёти – аҳоли яшайдиган ҳудудлар (турар жойлар)ни лойиҳа асосида режалаштириш. Шаҳарсозлик ижтимоий-иқтисодий, санитария-гигиена, қурилиш-техника, бадиий-меъморий масалалар мажмуини қамраб олади. Шаҳарсозлик мажмуи меъморчилик ва қурилиш бунёдкорлиги, жамиятнинг ижтимоий тизими ва ишлаб чиқариш кучларининг тараққиёт даражаси, маданияти, табиий иқлим шароитлари ва миллий ўзига хослиги билан белгиланади. Шаҳарсозлик, ўз навбатида, қишлоқ аҳолиси турар жойларини режалаш, ландшафт меъморчилиги, боғ барпо этиш, туманларни режалаш, саноат корхоналари, дам олиш минтақаларини оқилона жойлаштириш, экология масалалари каби бир неча тармоқларга бўлинган. Шаҳарсозликда турар-жойларнинг нафақат меъморий-бадиий қиёфаси, эстетик жиҳатларига, балки ободонлаштириш – йўллар, айниқса, автомобиль йўлларига, инфратузилма (оқава сув – канализация, газ, электр ва бошқа муҳандислик таъминотлари)га катта эътибор берилади. Шаҳарсозликда янги шаҳар, шаҳарча, қишлоқларни қуриш, қадимги шаҳарларни муҳофаза қилиш (реконструкция қилиш), меъморий мажмуалар (кўпроқ турар-жой мавзелари)ни бунёд этиш бош режа асосида амалга оширилади. Шаҳарсозлик қадимий тарихга эга.

 

Милоддан аввалги 3–2-минг йилликларда кент манзилларини қуришда мунтазам режалаштиришдан фойдаланилган (қадимги Хитой, Миср, Эрон ва бошқа). Юнонистонда шаҳарлар сиёсий ва диний марказларни ажратган ҳолда режалаштирилган бўлса (Акрополь ва бошқа), Қадимги Римда шаҳарларни тўғри бурчакли даҳаларга бўлиш услуби қўлланган (Помпей, Остия ва бошқа). Ўрта асрлар Европасига шаҳарларни стихияли, қалъа деворлари атрофида чизиқли ва айлана-халқали режалаштириш хос бўлган (Германияда Нёрдлиген, Польшада Краков, Чехияда Прага ва бошқа). Россияда шаҳарлар тепаликларда, дарёлар қуйиладиган жойларда бунёд этилган (Киев, Чернигов, Новгород, Псков ва бошқа), ҳамма кўча (йўл)лар шаҳар дарвозасига ёки шаҳар савдо майдонларига олиб борган. Айлана-халқали режалаш – шаҳарсозликнинг мумтоз намунаси ўрта асрлардаги Москва шаҳридир. Ўзбекистон ҳудудида дастлабки шаҳарлар (Сополлитепа, Жарқўтон, Узунқир) милоддан аввалги II минг йилликнинг биринчи ярмида Жанубий ҳудудларда пайдо бўлган. Ёзма манбаларда эса шаҳар ҳақидаги маълумотлар дастлаб «Авесто»да учрайди. Баъзи шаҳарларнинг (Қарши – Ерқўрғон; Ҳазорасп – Хумбустепа кабилар) шаклланишини тадқиқотчилар милоддан аввалги X–VIII асрлар билан боғлайдилар. Фарғонадаги энг қадимги шаҳарлар (Ашқолтепа, Далварзинтепа кабилар) илк темир даврига оид Чуст маданиятига мансубдир.

 

Аҳамонийлар даврида шаҳар қуриш жадаллашган (Хорамздаги Қалъалиқир, Кўзалиқир ва бошқа). Ўрта асрларда шаҳарлар тузилиши мураккаб бўлган, уларнинг таркибига арк, бир ёки бир неча шаҳристон, работ (шаҳристон атрофлари) кирган. Уларнинг ҳар бири алоҳида қалъа девори билан ўралган. Афросиёб (Самарқанд), Бухоро, Бинкат (Тошкент) Мовароуннаҳрнинг йирик шаҳарларидан бўлган. Бундай шаҳарларни ва улар атрофидаги кичик шаҳар ҳамда қишлоқларни узун деворлар муҳофаза қилган (Бухоро, Тошкент теварагидаги «Канпир девор»лар, Самарқанд теварагидаги «Девори қиёмат» ва бошқа). Темурийлар даврида вайронагарчиликларни бартараф этиш, мамлакат ободончилигини таъминлашда катта шаҳарсозлик ишлари олиб борилган. Амир Темурнинг Самарқанд ва унинг атрофи, Шаҳрисабз, Банокат (Шоҳрухия), Шоҳруҳнинг Машҳад, Марв ва Ҳирот шаҳарларида амалга оширган ишлари, Улуғбек томонидан Самарқанд регистонида барпо этилган иморатлар бунинг ёрқин намунасидир. Шайбонийлар даврида ҳам бунёдкорлик ишлари давом эттирилиб, айниқса, пойтахт Бухорога катта эътибор берилган. Ривоятларга кўра, Абдуллахон II мингта работ қурдирган. Кўп мажмуаларнинг шаклланиши айнан шу даврга тўғри келади (Бухородаги Лабиҳовуз ансамбли, Пойи калон, Қўш мадраса, Чор Бакр меъморий мажмуаси, Қаршидаги Регистон майдони ва бошқа). XIX асрда Қўқон хонлари томонидан Сирдарё бўйлаб бир нечта шаҳар-қалъалар қурилиб, кучли мудофаа тизими яратилди, Пишпак (Қирғизистон), Шаҳрихон шаҳарлари пайдо бўлди. Кейинги даврларда, жумладан, XX асрда ҳам шаҳарсозлик ишлари жадал олиб борилди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда шаҳарсозлик кенг миқёсда ривож топиб, замонавий меъморчилик ечимлари асосида шаҳарларнинг қиёфаси кундан-кунга чирой очиб бормоқда. Шу жиҳатлардан олиб қараганда, шаҳарсозлик инсон маданияти ва маънавиятини ривожлантирувчи омиллардан бири бўлиб қолади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 28
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//