Мотам маросимидаги комедия


Сақлаш
16:12 / 06.12.2023 0 1039

Сочлари тўкилиб кетган, паст бўйли Александр Ефремович Яблочкин жуда хушчақчақ одам эди. У янги фильмни топшириш учун борганимизда, рухсатномасини кўрсата туриб кираверишда йиқилиб тушди ва шу жойнинг ўзида 59 ёшида жон таслим қилди. Уни Востряковский қабристонига дафн этадиган бўлишди. Жанозага жуда кўп одам тўпланди. Тобутни қабр қошидаги махсус супачага қўйишди. Унинг ёнида марҳумнинг қариндошлари ва раввин турарди. “Мосфильм” маросимда раввиннинг иштирокига қарши эди, аммо яқинлари оёқ тираб туриб олишганди.

 

Раввин кичкинагина, 90 ёшларни қоралаб қолган, қора шляпа ва увадаси чиқиб кетган қора пальто кийиб, металл гардишли айлана кўзойнак таққан одам эди. Ноябрь ойининг охири, совуқ шамол эсиб, ҳатто қор ёға бошлаганди. Раввин совуқдан қалтирарди. Одамлар қабр атрофида тизилиб туриб олишди, оркестр эса сал орқароқда девор ёнига жойлашди. Студиянинг касаба уюшмаси ташкилотчиси ўринбосари Савелий Ивасков оркестр дирижёрини ижрони қачон бошлашни қўлим билан ишора қилиб кўрсатаман, деб огоҳлантириб қўйди.

 

Кейин қабр бошига келиб раввинга қараб:

– Қани бошла, отахон, – деди.

– Ребе, – деб тузатди уни Яблочкиннинг опаси.

– Майли, ребе бўла қолсин, – деди Ивасков.

Раввин марҳумнинг опаси томон эгилиб қоғозга ёзилган нималаргадир аниқлик кирита бошлади.

– Отахон бўла қол, бошла! Совуқдан одамлар музлаб қолди, – деди норозилик билан Ивасков. (У барчадан кўпроқ яҳудий дин арбобининг иштирокига қарши эди)

Раввин унга бир қараб олиб, идиш тилида марҳумнинг руҳига дуолар ўқиди. Қариндошлари исмини айтишга келганда маросим қўшиғини русча айта бошлади:

– Ва опаси Мария, ва унинг ўғли Гриша, ва унинг қизи Лора… (Лора эрига қараганда анча ёш эди)

– Отахон! – Ивасков унинг гапини бўлиб, “расво қилдинг” дегандек қўл силтади. Ва шу пайт Совет Иттифоқи мадҳияси янгради. Бундай кутилмаган вазиятдан довдираб қолган раввин қалтираб кетиб, йиқилиб тушишига бир бахя қолди. Ер музлаб, сирпанчиқ бўлиб қолганди.

– Тўхта, тўхтанг! – бақирди Ивасков.

Оркестрнинг овози ўчди.

– Рубен Артемович, бу ишора сизга эмасди! – Ивасков дирижёрга қичқирди. Ва Яблочкиннинг опасига бу ўртоққа кимнинг кимлигини яхшилаб тушунтириб қўйинг, деди. Мария Раввинга Гриша марҳумнинг ўғли эмас, жияни, Лора қизи эмас, хотини эканини айтди. У тасдиқ ишораси билан бошини қимирлатиб қўйдида, маросим қўшиғини қайтадан айта бошлади. Яна қариндошларига келганда Мария опаси, жияни Гриша ва Гришанинг қизи Лора, – деди...

– Бўлди, тўхтанг! – Ивасков яна қўлини силтади. – Ахир сизга неча маротаба тушунтириш керак?!

Ва яна мадҳия гумбурлаб янгради.

– Бас қилинг! Мусиқани тўхтатинг – бақирди Ивасков.

Оркестрнинг овози ўчди.

– Рубен Артемович, сиз учун энди икки қўлим билан ишора бераман! – Ивасков бақирди дирижёрга.

– Эслаб қолинг икки қўлимни баландга кўтариб!

Ва раввин томонга юз бурди: – Отахон, кечирасизу, сиз ўзи рус тилини тушунасизми? Сиз одамга ўхшаб фуқаро Лора Яблочкиннинг қизи эмас, хотини деб айта оласизми?! Хотини, англаяпсизми, хотини?!

– Тушуняпман.

– Бўлди, энди эътиборли бўлинг! Нима бўлсаям дафн маросими бўляпти, яхши эмасда!

 

Раввин қайтадан бошлади ва ўша машъум ва хавфли жойига келганда бироз нафас ростлаб, аниқ-тиниқ қилиб куйлай бошлади:

– Мария – опа, Гриша – жиян. Ва у Гришанинг қизи эмас! – у кўзойнаги устидан Ивасковга ғолибона қаради. – Гриша жияннинг хотини эса гражданка Лора Яблочкина!

– У, ё! – портлаб кетди Ивасков.

Ғазабдан қақшаб кетган Ивасков тойиб, қабр ичига тушиб кетди. Қабр ичига йиқилиб тушаркан қўллари кўтарилиб кетди. Икки қўлнинг кўтарилиши эса ўзи айтганидек, оркестрга ишора эди. Шу лаҳзада Совет Иттифоқи мадҳияси янгради. Ва маросимнинг худди шу жойида биз ҳам ўзимизни кулгидан тийиб туролмадик. – Саша, кечир мени дўстим! Мен ҳам қаттиқ кулиб юбордим. Сен ўзинг трагикомедия севимли жанрим, деб айтардинг. Худди шу жанр билан сенинг дафн маросиминг ўтди.

 

Аммо менинг ҳам вақти-соатим етганда, нариги дунёга худди шу алфозда кетгим келди. Касал бўлмасдан, ҳеч кимни қийнамасдан, тўсатдан. Ва, албатта, менинг дафн маросимимда ҳам қайғуриб, ҳам кулишларини истайман.

 

Георгий ДАНEЛИЯ,

Жалолиддин САФОЕВ таржимаси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 179
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 98
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 173
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6498
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4958
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4599
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4027
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3425
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2993
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2911
Туғилган кун

//