Шахс. Шахс маданияти


Сақлаш
16:12 / 06.12.2023 0 594

Шахс – ижтимоий-маънавий, ахлоқий моҳиятни ўзида мужассамлаштирган одамни англатувчи тушунча. Бу тушунча барча ижтимоий-гуманитар фанларда ўз предмети нуқтаи назаридан қўлланади, шу асосда хилма-хил талқин этилади. Шахс биофизиологик, ижтимоий, маънавий, ахлоқий, эстетик фазилат ва хислатларнинг яхлит бир бутунликка айланиши ҳамда муносабатлар тизими билан қамраб олинишидир.

 

Шахснинг шаклланиши қуйидаги омиллар билан боғлиқ:

1) биологик (насл);

2) табиий муҳит;

3) маданий муҳит;

4) ижтимоий тажриба;

5) одамлар билан муносабат.

 

Шахснинг биофизиологик жиҳати – овқатланиш, жойлашиш, жинсий алоқага киришиш, бола туғилиши каби индивидуал фаолият билан боғлиқ ҳодисалардир. Шахс маданийлашган жонзот сифатида ижтимоий-тарихий тажрибага эга бўлган муайян авлод вакили, инсонлараро муносабатлар субъекти бўлиши ҳам мумкин. Бу уч омил ҳам шахс ҳаёти ва фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шахс – жамиятдаги алоҳида бир киши, одам. Лекин ҳар бир одамга нисбатан «шахс» сўзини қўллаб бўлмайди. Шахс такрорланмас тарихий ҳодисадир. Шахс нимаси биландир ажралиб турувчи, ўз маънавий қиёфасига эга одамдир. Бир миллатга мансуб шахслар қиёфасидан миллат қиёфаси шаклланади. Лекин шахслар миллат тақдирида салбий ёки ижобий ўрин тутиши ҳам мумкин. Бу уларнинг маданий даражаси, маънавиятига боғлиқ. Шахсга нисбатан ижтимоий муносабатлар ва онгли фаолият субъекти сифатидаги инсон, индивидни жамият аъзоси сифатида тавсифловчи ижтимоий қимматли хусусиятларнинг барқарор тизими каби тавсифлар ҳам мавжуд. Индивид ижтимоий функцияларни ўзлаштириш ва ўз-ўзини англашни ривожлантириш жараёнида шахс бўлиб етишади. Ижтимоий умумийликка қўшилиш (у билан уйғунлашиш)га интилиш ва шу билан бирга ижодий индивидуаллик намоён қилиш шахсни ижтимоий муносабатлар маҳсули ва субъектига айлантиради. Шахснинг шаклланиши индивидларнинг ижтимоийлашуви жараёнида амалга ошади.

 

Шахс маданияти – муайян индивидга тааллуқли, унинг ақли ва қўли билан яратилган моддий ва маънавий бойликлар мажмуаси, унинг ҳаёти давомида инсонийлик ва маънавий-ахлоқий талабларга риоя қилиши билан боғлиқ бўлган хатти-ҳаракатларни англатувчи тушунча. Шахс маданияти у яратган бунёдкорлик ғоялари, миллий маданият, маънавий-ахлоқий қадриятларга амал қилишида намоён бўлади. Шахс маданияти унинг маънавий тарбияланганлик даражасини белгилайдиган мезондир. Шахс маданияти белгилари қуйидаги маънавий-ахлоқий сифатлар, инсоний муносабатлар, фазилатларни ўзлаштиргани билан ҳам ифодаланади: иймонли, виждонли, эътиқодли ва диёнатли, хушмуомала ва интизомли бўлиш, ўқиш ва ишга сабабсиз кечикмаслик, билим ва дунё қарашни бойитишга интилиш, ваъдага вафо қилиш, одамларга ёмонлик қилмаслик, яхшилик қилиш ва уни миннат қилмаслик, катталарга ҳурмат ва кичикларга иззатда бўлиш, кексалар, аёллар ва болаларга алоҳида ҳурмат кўрсатиш, бошқаларга хайриҳоҳ, илиқ муносабатда бўлиш, камтарлик, бошқаларга лақаб қўймаслик, одамларнинг камчилиги устидан кулмаслик, масхара қилмаслик, ожизларни камситмаслик, атрофдаги одамларнинг меҳнат қилиши ва дам олишига халақит бермаслик, меҳмондўстлик, ўзининг ички ва ташқи дунёсига эътибор бериш, нутқ маданиятига риоя қилиш, жамоатчилик мулкини асраб-авайлаш, жисмонан ва руҳан поклик ва ҳоказо.

 

Шахс маданияти уни жамоа билан бирлаштиради, кўп дўст орттиришига имконият туғдиради. Шахс маданияти мукаммал бўлиши учун маънавий-ахлоқий фазилатларни бойитиб бориш, ўзини ўзи тарбиялаш, назорат қилиш ва бошқара олиш, ўзига ўзи танқидий ёндаша билиш, дунёқарашни кенгайтириб, маданий савиясини юксалтириб бориши керак. Абу Наср Форобий бу борада Афлотуннинг қарашларига тўхталиб, шундай ёзади: «Афлотун ахлоқий фазилатларини қандай ўзлаштириш мумкинлигини тушун тиради. Бундай яхши одатлар вақтинча ўзлашган бўлади, чунки жамиятлар ва барча одамларда одатлар узоқ муддат ўзлаштирилади. Адолатли, пок, жасур бўлишга одат қилиш, шу билан бирга, ёмон қилиқлардан қутулиш учун ҳам маълум муддат ўтиши керак. Бу вақт давомида инсон ўзининг ёмон қилиқларидан воз кеча олади. Агар одамда туғма, кучли ғурур туйғуси бўлмаса, у руҳини машқ ила тарбиялаши зарур, чунки ўзи севган инсоннинг кўп иллатларини сезмаслик инсоннинг туғма хислатидир. Зеро шундай экан, шаҳвоний хоҳишларга эрк бермаслик учун, албатта, кучли ғурур бўлиши керак. Инсонни ҳалокатга олиб борадиган нарсаларни руҳига раво кўрмаслик учун бундай ҳолларда ғазабдан ҳам ижобий фойдалана билиш ва руҳни доимо ўзидан кўнгли тўлмасликка ўргатиш керак. Тарбияли одамлар ўз руҳларини доимо қувониш, ортиқча кулиш, қаттиқ хафа бўлиш, ортиқча қайғуриш каби ҳолатларда мўътадиллик доирасидан чиқмасликка мажбур қила олишлари керак. Одамлар маънавий фазилатларга эришишни истаб, илтижо қилиб, уларни ўзлаштиришга эътибор беришлари керак, токи ахлоқ қонуний, мақтовларга сазовор ва илоҳий бўлиб қолсин».

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//