Бир куни...
«Чиғатой гурунги» – Туркистон жадидлари томонидан ташкил этилган маданий-маърифий ва илмий-адабий ташкилот (1919–1921). Фитрат бошчилигида Тошкентда тузилган. Туркистон мухторияти ҳукуматининг ағдарили ши ва Колесов воқеаси (1918 йил февраль-март)дан кейин асосан Тошкентда фаолият кўрсатаётган жадидлар тактик мақсадларни кўзлаб, совет ҳокимияти билан яқинлашишга мажбур бўлдилар. Фитрат совет ҳокимиятидан сиёсий ташкилот тузиш учун рухсат ололмагач, маданий қурилишга хизмат қиладиган миллатпарвар ташкилот тузишга интилган. Туркистон АССР миллий ишлар халқ комиссарлиги томонидан «сиёсатга аралашмаслик шарти билан» «Чиғатой гурунги» тузилишига расмий рухсат берилган. Ушбу ташкилот номланиши ХIII–XIV асрларда мавжуд бўлган Чиғатой улуси ва XIV–XVI асрларда эски ўзбек тили маъносида қўлланган чиғатой тили каби атама ва истилоҳлар билан боғлиқ. Фитрат ташкилотга ном танлашда Туркистон ҳудудида яшаган туркий халқларга дахлдор меросни ўрганишга эътибор қаратган. «Чиғатой гурунги» туркий халқлар маданияти, санъати, адабиёти, тарихи, тил ва имлоси каби соҳаларни жиддий ўрганишга киришган. «Гурунг» аъзолари ўзбек тилининг софлиги учун курашиш билан бир қаторда янги ўзбек миллий маданиятини барпо этишга интилганлар. Ўша даврда мавжуд бўлган «Темур», «Турон», «Турон тўдаси», «Турк кучи», «Изчи» каби гуруҳ ва уюшмаларга нисбатан «Чиғатой гурунги» самарали фаолият кўрсатган. «Чиғатой гурунги» низомида ёзилишича, у бир нечта шўъбалардан иборат бўлган. Бу шўъбалар «Тил ва имло тўдаси», «Адабиёт тўдаси», «Санъат ва театр тўдаси» деб номланган.
«Тил ва имло тўдаси»га дастлаб Чўлпон, сўнгра Элбек раҳбарлик қилган. Фитратнинг «Тилимиз» (1919) мақоласида ушбу тўданинг дастурий йўналиши белгилаб берилган бўлиб, Элбек, Шорасул Зуннун, Шокиржон Раҳимий, Қаюм Рамазон, Ғози Олим Юнусов каби олимларнинг тилшуносликка оид ишлари ушбу дастурга биноан бажарилган. «Гурунгчилар» томонидан 1919 йилда араб алифбосини ислоҳ қилган ҳолда янги алифбо яратилган. Тил ва имло қурултойи (1921 йил январь) бевосита «Чиғатой гурунги» ташкилотчилигида ўтган. «Чиғатой гурунги» тарих соҳасидаги ишни манбашуносликдан бошлаган. Туркистон ўлкаси Мусулмонлар бюроси 1919 йилда Фитрат, Назир Тўрақулов ва Лазиз Азиззодадан иборат ҳайъат тузиб, тарихий меросни ўрганиш зарурлигига эътибор қаратган эди. Уларнинг Бухоро, Самарқанд ва Фарғона водийсига қилган илмий сафарлари натижасида кўплаб тарихий асарларнинг қўлёзмалари топилди ва Тошкентга олиб келинди. «Чиғатой гурунги» адабиёт ва санъат соҳасида муҳим ишларни амалга оширган. Фитрат, Чўлпон, Боту, Элбек қаламига мансуб «Ўзбек ёш шоирлари» (1922) тўплами, Фитратнинг «Темур сағанаси», «Ўғузхон», «Або Муслим» ва «Қон» сингари драматик асарларининг эл орасида кенг ёйилиши бунга мисолдир. «Чиғатой гурунги» аъзолари ўз ғояларини «Янги Шарқ», «Учқун» газеталари ва «Тонг» журнали орқали ифодалашган. Ташкилотнинг «Чиғатой гурунги» номли махсус журналининг 1-сони чоп қилингач, у тақиқланган. 1921 йил бошларида «Чиғатой гурунги» ташкилоти фаолияти Туркистон АССР Маориф халқ комиссарлиги томонидан тўхтатилган.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ