Хушмуомалалик. Хушфеъллик


Сақлаш
14:12 / 01.12.2023 0 740

Хушмуомалалик – муҳим аҳамиятга эга бўлган мулоқот шакли бўлиб, у юксак инсоний фазилатлардан бири ҳисобланади. Хушмуомалалик ижтимоий аҳамиятига кўра, хушфеълликка нисбатан кенг қамровлидир. У инсоннинг ҳам хатти-ҳаракати, ҳам мулоқоти натижасида вужудга келади. Хушмуомалалик ўз ичига мулойимлик, муросаи-мадора, оҳисталик, тагдорлик каби сифатларни қамраб олади. Шунингдек, хушмуомалалик қатъий тартибга асосланган ахлоқий меъёр ҳисобланади: у ўзгани ранжитмаслик, бировга ёмон сўз айтмаслик, баҳс-мунозарага киришганда мухолифни ҳурмат қилиш, қўрслик ва чапаниликдан холи бўлиш ҳамда суҳбатлашганда эҳтиросларга берилмасликни талаб этади. Хушмуомалалик ҳам маънавий бойлик сифатида шахснинг маданиятли ва чиройли хулқ эгаси эканини билдиради. Хушмуомалалик суҳбатдошларнинг дилини равшан қилиш, кайфиятини ҳушнуд этиш, кўнгилга таскин бериш учун хизмат қилади. Хушмуомалалик самимийликнинг ифодаси бўлиб, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, «Ҳар кимки чучук сўз элга изҳор айлар, Ҳар нечани ағёр дурур ёр айлар». Оилада ёки жамиятда содир бўладиган катта-кичик жанжаллар диққат билан кузатилса, барчасининг сабаби кўпинча қўпол сўз ёки ёмон муомалага бориб тақалиши аён бўлади. Бир киши ўйламасдан гапириб қўйса, бошқасига шу гап ёқмайди ва натижада ўринсиз жанжал келиб чиқади. Хушмуомалалик – кўпгина муваффақиятларнинг омили, ҳатто тараққий этган жам-т барпо этишнинг асосларидан. Шунинг учун ҳам турли даврларда яшаб ижод этган алломалар хушмуомала бўлиш масаласига катта аҳамият бериб келганлар. Улар доимо бошқаларга яхши сўзларни айтиш, мулойим гапларни танлашга ундаганлар. Яхши, мулойим гап инсоннинг обрўйини орттиради, дўстларини кўпайтиради, у барчанинг ҳурматига сазовор бўлади. Кўплаб адабий-тарихий ёдгорликларимизнинг ҳар бир зарварағида аждодларимиздан мерос бўлган ибратли сўзларга дуч келамиз. Чунки турмуш тажрибалари асосида шаклланган ширинсўзлик, суҳбат одоби ва тарбия масалалари барча замоналарда муҳим ўрин тутган. Жумладан, Амир Хусрав Деҳлавий суҳбат одобига кўп эътибор қаратган. Шоир ёмон ниятли, фикри бузуқ, совуқ муомала одамлардан йироқ юришни маслаҳат беради: унинг фикрича, хушмуомалалик билан амалга оширилган ҳар қандай иш, тадбир, мулоқот, кенгаш пировардида ўзининг ижобий самарасини берган. Аксинча, қўрслик, жиззакилик, баджаҳллик каби хушмуомалаликка зид бўлган иллатлар шахснинг ахлоқсизлигини кўрсатади. Чинакам хушмуомалаликка айнан бурч сифатида қаралмоғи жоиз. Хушмуомалалик инсон номини улуғлайдиган муҳим омиллардан биридир.

 

Муомала маданияти – ижтимоий ва шахсий ҳаётда кишиларнинг моддий-маънавий эҳтиёжларини қондириш ва бошқа кўпгина ҳаётий муаммоларнинг ечимини топиш калити ҳисобланади. Бу калит – майин ва ширин тилдир. Тил кишиларнинг бир-бирига муносабатлари, муомалаларида ўта нозик ва бағоят муҳим восита. Кишининг кўрки юз, кўз бўлганидек, тилнинг кўрки сўздир. Сўз эса ақл-заковатнинг кўрки. Бунинг маъноси шуки, кишининг ақл-идроки, ахлоқи, билими, маданий-маърифий савияси маълум даражада унинг муомаласида акс этади. Демак, муомала маданиятининг муваффақияти ўз ўрнида ишлатиладиган оқилона, ширин сўзлар билан изоҳланади. «Темур тузуклари»да ёзилишича, Соҳибқирон ўз ҳарбий юришларида қуролни ишга солишга шошилмаган. Мухолифига вазминлик билан илиқ муомала қилган, сўнг мақсади хайрли эканини далиллаган. У юз минг қўшин кучи билан ишғол қилиши мумкин бўлган айрим шаҳар, қалъаларни ҳам илиқ ва асосли дипломатик муомала-мулоқотлар туфайли қўлга киритган. Хушмуомалалик – инсон кўрки, инсонга бўлган самимий меҳр-мурувват мезони. Бу мезонга изчил амал қилиш одамларни бир-бирига яқинлаштиради, ўзаро ишончни мустаҳкамлайди. Муомала маданияти аслида «Ассалому алайкум», «Ваалайкум ассалом» калималаридан бошланади. Бу сўзлар таниш ёки нотанишликдан қатъи назар, ўзаро муносабатларимизда бир-биримизга бўлган самимий ҳурмат ва эҳтиромни ифодалайди. Саломга алик олмаслик ёки унга лоқайдлик билан қараш такаббурлик белгисидир. Ўзбекона хушмуомалаликнинг зийнати фақат самимий саломлашишдагина эмас, айни вақтда бир-биримизга сизлаб мурожаат қилишда ҳам тажассум топади. Шарқ маданияти ва анъаналари руҳида тарбияланган оилаларда бешикдаги болакайга ҳам сизлаб мурожаат қилишади. Хушмуомала бўлиш, уни тасдиқлайдиган сўзларни ишлатишнинг ўзи билан чекланмайди. Хушмуомалалик хўжакўрсинга бўлмаслиги керак. Балки ҳар бир кишининг бошқаларга бўлган ҳақиқий муносабатини акс эттириши, ўзаро алоқани оқилона ва гўзал қилиб кўрсатишга хизмат қилмоғи лозим.

 

Хушмуомалалик турмушда учраб турадиган майдачуйда кўнгилсизлик, ноқулайлик ва таъби хирачиликдан сақлайди. Чунки ҳаётда киши битта ўзи яшамайди, одамлар билан доимо ўзаро муносабатда бўлади. Шунга кўра, инсон ўзининг осойишталиги бошқаларнинг осойишталиги билан боғлиқлигини ҳисобга олмоғи зарур. Айниқса, ёши ўзидан катта бўлган кишиларга ҳурмат, яъни кексаларга йўл бериш, жой кўрсатиш, транспортга чиқишда ёрдамлашиш, учрашганда биринчи бўлиб саломлашиш, суҳбатда сўзини бўлмаслик, ўзлари сўрамасалар уларга маслаҳат бермаслик каби қоидалар хушмуомалалик белгиларидир. Шуни таъкидлаш керакки, хушмуомалалик ҳаётда ва ишдаги камчиликларни очиб ташлаш ва танқид қилишни, ножўя хатти-ҳаракатлар қилаётган кишиларга нисбатан принципиал муносабатда бўлишни рад этмайди. Хушмуомалалик хотин-қизларга бўлган муносабатда ҳам яққол кўринади. Аёл киши қўлидан оғир юкини олиш, транспортга чиқиши ва тушишида ёрдам бериш, бир сўз билан айтганда, ғамхўрлик қилиш, ҳурмат кўрсатиш ҳар бир эркакнинг бурчи. Хушмуомала киши бировларни ранжитмайди, дилига озор етказмайди. У бошқаларга кўнгилсизлик келтирадиган, уни хижолатга қўядиган нарсалар ҳақида ҳеч қачон гапирмайди, бошқаларга ўзининг тажанглиги ва хафагарчилигини билинтирмайди. Хушмуомала ҳар бир киши инсон шахсини бениҳоя ҳурмат қилади, унга доимо мурувватли, манзиратли, мулойим ва кўнгилчан бўлади. 

 

Хушфеъллик – инсоннинг бир қанча маънавий-ахлоқий сифатлари, ана шу сифатларга уйғун хатти-ҳаракатлари, бу сифатлар ва хатти-ҳаракатларга мувофиқ дунёқараши, тафаккур тарзини қамраб олувчи хусусиятини ифодаловчи тушунча. Инсондаги хушфеъллик кўпинча унинг амалий ҳаёт-фаолияти давомида кўпчилик орасида ўзини тутиши, муома ладаги юмшоқлигига қараб, жамоанинг умумий фикри асосида эътироф этилади ва инсоний сифат даражасига олиб чиқилади. Бунда мазкур сифатга лойиқ шахснинг: биринчидан, бошқалар билан муносабатдаги юмшоқлиги, камгаплиги, ахлоқли сўзлаши каби муомаладаги одобига; иккинчидан, босиқлиги, камтарлиги, ростгўйлиги, яхшиликка мойиллиги каби амалий ҳаракатларига; учинчидан, эзгу фикрлаши, беғаразлиги, дунёқараши кенглиги каби тафаккур тарзига оид белгиларига аҳамият қаратилади. Баъзан қайд этилган уч йўналишдан биттасига оид сифатларга эга инсонларга ҳам хушфеъллик нисбати берилади, лекин бу нисбат фақат маълум бир гуруҳ ичидагина эътироф этилган бўлади. Хушфеълликнинг барча йўналишидаги сифатларнинг кўпчилигига эга бўлган инсонлар, одатда, халқнинг фахрли, ибратли вакили сифатида шуҳрат қозонадилар. Масалан, Абдухолиқ ўиждувоний «Мақомоти Юсуф Ҳамадоний» асарида устози Юсуф Ҳамадонийнинг хушфеъллик билан боғлиқ юздан ортиқ сифатларини таърифлаб келтиради ва бу сифатлар у туфайли халқ орасида кенг тарқалганини, нафақат сўфийлар, балки оддий халқ ҳам уларга риоя этишга ҳаракат қилганини таъкидлайди.

 

Хушфеълликка эга инсон атрофдаги ахлоқий муҳитни бузмайди. Натижада ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам кўтаринки кайфият, турли-туман омадсизликларнинг ўткинчилигини англатувчи ҳаётбахш бир умид бағишлайди. Жамият доимо ана шундай одамларни ҳурмат қилади ва улардан ўрнак олишга интилади. Инсоннинг сўзда ҳам, ҳаракатда ҳам, фикрлашда ҳам ўз ғазабини боса билиши, норозилигини билдирмаслиги; салбий вазият ларда ёмон сўз, ҳаракат қилиш ёки фикр билдиришга ундовчи истакни тўхтата олиши кучли иродани талаб қилади. Шу боис муомалалилик, босиқлик, камтарлик тамойили асосида иш кўрган шахслар оқил, хушфеъл одамлар саналади ва улар жам-тда ҳам намунавийлик мақомига ноил бўладилар. Хушфеъллик алоҳида намоён бўлишига кўра хусусият, қай даражада (яхши, олий) намоён бўлишига кўра эса сифат шаклида амал қилади. Тарихимизда яшаган алломалар, донишмандларимиздан кўпчилигининг қайд этишича, хушфеъллик болаликдан ўзгармас шаклда намоён бўлса, у руҳга мансуб бўлади ва хусусият ҳисобланади, ўзгарувчан бўлса, тажриба орқали ўзлаштирилган, ақлга мансуб бўлади ва сифат ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, ақл даражаси хушфеълликнинг сифат даражасини ҳам белгилайди, ундаги ўзгариш сифат ўзгаришига олиб келади, дейиш мумкин.

 

Жамиятда хушфеълликни инсоннинг ҳаёт тарзига хулқ-атвори ва маданиятидан талаб қилинадиган энг оддий қоида, бурч сифатида сингдиришга ҳаракат қилинади. Ён-атрофдагилар, қўни-қўшнилар, оила аъзолари, маҳалладошлари, касбдошлари ва жамоат жойларидаги ҳамроҳларига диққатэътиборлилик, ҳаммага ва ҳамма нарсага яхшилик нуқтаи назаридан қараш, ёрдамга муҳтож бўлиб турган ҳар қандай одамга таянчдалда бўлиш, унга яхши сўз топиб бера олиш, яхши муомала қилиш – буларнинг барчаси одамнинг хушфеъллигини, маданиятини кўрсатувчи сифатга хос жиҳатлардир. Бу ахлоқий сифат ана шу жиҳатлари билан қўполлик, жоҳиллик, бадбинлик, тўпорилик каби салбий сифатларга тескари ҳисобланади. Маълумки, ҳар бир жамиятнинг маданийлик даражаси ундаги фуқароларнинг ўзаро муносабатлари маданятининг юксаклиги билан белгиланади. Зеро, хушфеъллик, инсоннинг инсонлигини, тарбиясини, ҳатто жамоадаги ўрнини ҳам аниқ кўрсатиб бера оладиган кўзгудир. Киши шу оддий сифат – хушфеъллик билан бошқаларга кўтаринки кайфият бағишлайди, яшашга бўлган иштиёқни орттиради, намуна ва ибрат кўрсатади. Шунинг учун одамлар хушфеъл кишини доимо иззат-ҳурмат қиладилар, унинг шаънига олқиш ва раҳматлар айтиб, ундан ўрнак олишга ҳаракат қиладилар.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//