Айбсиз одамнинг тазарруси


Сақлаш
16:11 / 30.11.2023 0 566

1786 йилнинг қиш кунларида, кун ботиши арафасида Вена шаҳрининг чеккасидаги кичик бир ёғоч уйда сўқир қария – графиня Туннинг собиқ ошпази ўлим тўшагида ётарди. Очиғини айтганда, бу боғнинг ичкарисидаги эски бир кулба эди. Кулба ёнидаги инида ёши ўтиб қолган ит ҳам худди эгаси каби ўлаётганди, унинг вовуллашга-да кучи етмас, шунчаки зўрға ғингшиб қўярди. Ошпаз бундан бир неча йил аввал ўчоқнинг тафтидан кўр бўлиб қолган, у билан бирга ўн саккиз ёшга тўлган қизи Мария ҳам яшарди. Уй жиҳозлари – каравот, қўполдан қўпол стол, чўлтоқ ўриндиқ, эски сопол идишлар ва ниҳоят ягона қимматбаҳо буюм – клавесин (фортепьянога ўхшаш қадимий чолғу) эди, холос.

 

Мария ўлим тўшагида ётган отасини ювинтириб, тоза кўйлак кийдираркан, чол шундай деди:

– Менга ҳеч қачон руҳонийлар ва монахлар ёқмаган. Тавба-тазаррумни қабул қиладиган одамни чақиришга қурбим етмайди. Лекин ўлимим олдидан виждонимни поклаб олишни истайман.

– Нима қилай, отажон? – қўрқиб кетиб сўради Мария.

– Кўчага чиқиб, биринчи дуч келган одамни тавбамни қабул қилиш учун бошлаб кел, – деди қария.

Бошига рўмолини ўраркан, Мария “Кўчамиз одамсиз ҳувуллаб ётибди”, деб пичирлаб қўйди.

 

Ҳақиқатан ҳам, ташқарида бир зоғ кўринмасди. Қоронғи осмондан совуқ ёмғир томчиларди. Отасининг сўнгги тилагини бажариш учун Мария жуда узоқ кутди. Йўл четидаги тўсиқларни ёқалаб хиргойи қилиб келаётган бир одамнинг шарпаси сезилди. Қиз унинг қаршисидан чиқди. Ҳалиги одам тўхтаб, “Кимсиз?» дея сўради ҳайратланиб. Мария қалтироқ қўллари билан унинг кафтидан тутиб, отасининг илтимосини айтди.

 

– Маъқул. Мен руҳоний бўлмасам-да, майли, борақолайлик, – деди нотаниш кимса.

Улар уйга киргач, чироқ ёруғида Мария қаршисидаги одам кичкина жуссали, ориққина эканини кўрди. Бегона киши анчайин ёш эди. У чолнинг каравоти ёнига ўтириб:

– Сўзланг. Худонинг марҳамати билан, балким, умрингизнинг охирги дақиқаларида виждонингизга юк бўлиб турган нарсадан сизни халос этарман, – деди.

– Кўзларим кўрмай қолгунига қадар бутун умр ҳалол меҳнат қилдим, – деб гап бошлади чол. – Ким меҳнат билан машғул бўлса, унинг гуноҳ қилишга вақти бўлмайди. Хотиним Марта оғир касалга чалиниб қолганида врач қиммат дорилар сотиб олишим ва тансиқ таомлар, мевалар билан боқишимни буюрди. Мен мажбурликдан графиня Туннинг сервисидан тилла идишни ўғирлаб, бўлакларга бўлиб сотганман. Буни эслаш менга жуда оғир, чунки қизимни хўжайинлар столидан ҳатто бир хасни олмасликка ўргатганман.

– Ўша идиш йўқолгани учун графинянинг хизматкорларидан бирортаси туҳматга қолиб азият чекдими? – сўради нотаниш одам.

– Асло, ҳеч кимга зиён етгани йўқ, – деб йиғлаб юборди қария. – Менинг Мартамга олтин ёрдам бермаслигини ўшанда билганимда, ўғриликка қўл урармидим?!

– Исмингиз нима? – деб сўради нотаниш киши.

– Иоганн Мейр, жаноб.

– Энди мени эшитинг, муҳтарам Иоганн Мейр, – деди ва қариянинг кафтини ушлади нотаниш кимса. – Сиз одамлар олдида беайбсиз! Сиз қилган иш гуноҳ саналмайди ва бу ўғрилик ҳам эмас, аксинча, инсонга муҳаббат, садоқат сифатида сизнинг номаи аъмолингизга ёзилади.

– Омин! – деб пичирлади қария.

– Омин! – деб такрорлади нотаниш одам.

– Энди менга сўнгги тилагингизни айтинг.

– Кимдир қизим Марияга ғамхўрлик қилишини, уни ёлғиз ташлаб қўймаслигини истайман.

– Бу иш менга тан, яна нима хоҳлайсиз?

Шунда чол баланд овозда:

– Хотиним Мартани илк марта учратганимдаги ёш ҳолатда яна бир бор кўришни истайман. Албатта, бу имконсизлигини биламан, жаноб. Аҳмоқона хаёлларим учун маъзур тутгайсиз.

– Яхши, – деди нотаниш одам ва курсини олиб, клавесин ёнига борди.

– Тингланг, – деди ёт киши. – Эшитинг ва кўринг.

 

У куй чала бошлади. Шунда нафақат кулба, бутун боғ сеҳрли оҳангларга тўлди.

– Мен кўряпман, жаноб, – қичқирди қария, бошини каравотдан кўтариб. – Марта билан илк учрашувимизда уялганидан сут тўла кўзани қандай синдириб қўйганини кўряпман!

– Деразани оч, Мария, – буюрди чол.

Мария дарҳол деразани очди. Совуқ ҳаво гуп этиб хонани тўлдирди. Нотаниш одам жуда оҳиста ва сокин куй чаларди. У қимир этмас, ўзи чалаётган мусиқа оҳангларига ўзи ҳам сеҳрланиб қолгандек эди.

 

Бегона киши мусиқани тамомлаб, каравот ёнига келди. Чолнинг нафаси етмай:

– Мен истаган барча нарсамни кўрдим. Аммо сизнинг исмингизни билмасдан... кўз юмолмайман. Исмингиз!? – бу сўз чолнинг сўнгги каломи бўлди.

– Менинг исмим Вольфганг Амадей Моцарт, – деб жавоб берди нотаниш одам.

 

Константин Паустовскийнинг “Кекса ошпаз” ҳикояси.

Таржимон Жалолиддин САФОЕВ

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 47
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6103
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//