Яҳудий болаларни ўлимдан асраб қолган картошкачи


Сақлаш
20:11 / 28.11.2023 0 910

Инсон виждонининг кучи шунчалик улуғворки, ҳеч қачон унга нисбатан узил-кесил ишончни йўқотмаслик керак. Яқинда таниш бир ёзувчи менга жуда ҳайратланарли воқеани ҳикоя қилиб берди.

 

Бу ёзувчи Рига шаҳрида ўсиб-улғайган ва латиш тилини яхши биларди.  Урушдан кейинги йилларда иттифоқо электропоездда кетар экан унинг қаршисига кексайиб қолган, тунд башарали латиш ўтириб қолади. У билан суҳбатимиз қандай бошланганлигини эслай олмайман, аммо у сўзлаб берган воқеани унута олмайман, деди ёзувчи.

 

– Мен Ригага туташ бир манзилда яшайман, – деб гап бошлади қария.   Уруш бошланишидан бироз аввал қўшни уйга бир одам келиб жойлашди. У жуда ёмон эди. Айтиш мумкинки, унда на ор-номус, на уят бор эди – бир сўз билан айтганда ярамас бир кимса эди. У чайқовчилик билан шуғулланарди. Ўзингиз яхши биласизки, бундай одамларда қалб ҳам, орият ҳам бўлмайди. Айримлар чайқовчиликни шунчаки бойлик орттиришнинг йўли деб билишади. Бироқ нима ҳисобига? Одамларнинг кулфати, болаларнинг кўз ёши ва айрим ҳолларда бизнинг очкўзлигимиз ҳисобига-да. У хотини билан биргаликда чайқовчилик қиларди. Лўп этди-ю, Ригани немислар эгаллаб олишди. Бир қисмини ўлдириш ва яна бир қисмини очликдан тириклайин гўрга тиқиш учун барча яҳудийларни “гетто”га қамашди. “Гетто” ҳамма томондан қуршаб олинганди, бу ердан, ҳатто, мушук ҳам чиқа олмасди. Яҳудийлар, айниқса, уларнинг юзлаб болалари ҳар куни ўларди. Ана шундай шароитда чайқовчи қўшнимнинг калласига бир фикр келиб қолди: қопга солинган картошкани аравага жойлаб, қўриқчи немис аскарининг “қўлига бир нима бериб” “гетто”га киради ва очликдан силласи қуриган яҳудийларнинг олтин тақинчоқларига картошкани алмаштиради!

 

“Гетто”даги яҳудийлар қўлида ҳали олтин буюмлар бор деган гаплар юрарди. У  “гетто”га йўл олишдан аввал кўчада менга дуч келди ва шундай деди:

 

– Мен картошкани тилла тақинчоқларга фақат боласи бор аёллар билан алмашаман.

 

– Нега, бундай қиласан? – деб сўрадим

 

– Чунки аёллар боласи учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр туришади, мен уларнинг худди шу ожизликларидан уч ҳисса кўп маблағ ишлаб оламан.

 

Мен жим бўлиб қолдим. Аммо бу сукутим менга қимматга тушди. Кўраяпсизми? Латиш оғзидан трубкасини олди ва тишларини кўрсатди – бир нечта тиши йўқ эди.

 

– Мен жим бўлиш ва ўзимни босиш учун трубкамни тишларим орасига олиб шунчалик қаттиқ тишлабманки, иккита тишим синиб тушган экан. Бундай пайтлар одамнинг миясига қон қўйилади, дейишади. Билмадим. Ўша пайтда бошимга эмас билакларим ва қўлларимга қон қўйилди. Улар шу қадар оғирлашиб кетдики, гўёки қўлларимга қўрғошин қўйилгандек бўлди. Мабодо у лип этиб жўнаб қолмаганида эди, бир зарба билан ўлдириб қўйишим ҳеч гап эмасди.

 

Бу манфур кимса тунда қопларни картошка билан тўлдириб, аравага юклаб Ригадаги “гетто”га йўл олади. Соқчи  тўхтатади. Биласизки, аблаҳлар бир-бирини бир қарашдаёқ танишади. У пора берганда соқчи: “ўтавер, аммо аҳмоқ экансан, уларнинг оч қоринларидан бошқа ҳеч вақоси қолмаган. Чириган картошкангни қайтариб олиб кетасан. Ишонмасанг, кел, гаров ўйнаймиз”, дейди.

 

“Гетто”даги бир уйнинг катта ҳовлисига кириб келганда унинг картошка юкланган аравасини аёллар ва болалалар ўраб олишади. У биринчи қопни аравадан туширишини жим кузатиб туришади. Қўлида аллақачон ўлиб қолган ўғлини кўтариб олган аёл ойнаси дарз кетган тилла соатини тутади. “Ақлингдан оздингми! – деб бақириб юборади чайқовчи. – Боланг ўлган бўлса, сенга картошка нимага керак? Четга чиқиб тур!”

 

Кейин унинг ўзи айтиб берганди, – ўшанда у билан нима ҳодиса содир бўлганлигини билмай қолади. У дарҳол қоплардан картошакани ерга тўка бошлайди. “Қани тез бўлинг, – аёлларга қичқиради у. – Болаларни олиб келинг. Мен уларни бу ердан олиб чиқаман. Фақат қоп ичида жим туришса бас. Тез бўлинг!”  Оналар шоша-пиша болаларини қоп ичига тиқа бошлашади. Вақт шундай тиғиз келиб қолгандики, бу аёллар болаларини қайта кўрмасликларини билиб туришса-да, ҳатто, уларни пешонасидан ўпишга ҳам улгуришмади. Араванинг ён қисмларига бир-иккита картошкали қопларни териб қўйиб, отларига қамчи босади чайқовчи. Оналар унсиз йиғлаб араванинг кир-чир ғилдиракларини ўпиб, болалари билан хайрлашадилар. У болалардан бирортаси қоп ичида йиғлаб қолишидан чўчирди. Шукрки, болалар жим қотди. Таниш соқчи унга узоқда бақиради: “Хўш, сенга аҳмоқсан деб айтмабмидим? Қани, лейтенант келмасидан тезроқ туёғингни шиққиллатиб қолчи”.

 

У соқчи ёнидан ўтар экан бу қашшоқ яҳудийлар ва уларнинг болаларини бўралатиб сўкади.

 

У уйига ҳам кирмасдан айланма йўллар билан ўрмонда жойлашган партизанлар қўналғасига келиб, болаларни уларга топширади. Партизанлар эса ўлимдан қутилиб қолган гўдакларни ишончли жойга яшириб, уларнинг ҳаётини сақлаб қолади.

 

Чайқовчи уйига келиб хотинига картошкани немислар олиб қўйди, ўзимни эса икки сутка ҳибсда ушлаб туришди, деб ёлғон тўқийди. Урушдан кейин эса хотини билан ажрашиб, Ригадан жўнаб кетди.

 

Кекса латиш жим бўлиб қолди.

 

– Эндиликда ўшанда ўзимни боса олмай, унга мушт тушириб ўлдириб қўйсам, нима бўларди? деб ўйлаб қоламан, – деди илк бора кулимсираб қария.  – Мабодо шундай қилганимда ўта ёмон иш қилиб қўйган бўлардим – чайқовчининг дилида диёнат уйғонмасдан бу ёруғ оламни тарк этарди ва энг даҳшатлиси, болалар очликдан, азоб-уқубатдан ўлиб кетарди.

 

Константин ПАУСТОВСКИЙнинг

“Диёнатнинг уйғониши” ҳикояси

 

Жалолиддин САФОЕВ таржимаси

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 50
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6108
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//