Хулқ. Хулқ гўзаллиги


Сақлаш
17:11 / 27.11.2023 0 487

Хулқ (арабча феъл-атвор, табиат; кайфият) – кишининг муомала ва руҳий хусусиятлари мажмуи; феъл-характер; инсоннинг маънавий қиёфаси ва фаолиятига хос бўлган ахлоқий тушунча. Хулқ – эзгулик ёхуд разилликнинг муайян бир инсонда намоён бўлиш шакли. Бинобарин, хулқ эзгулик ва олижаноблик ёки разиллик ва бадбинликнинг тимсоли сифатида намоён бўлиши мумкин. Шу жиҳатдан улар яхши ва ёмонга бўлинади. Лекин булар кишида ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларнинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия керак. Кишилар туғилишидан ёмон бўлиб дунёга келмайди. Уларни муайян шароит ёмон қилади. Демак, инсон хулқи, аввало, тарбияга боғлиқ. Маърифатпарвар ватандошимиз Абдулла Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир» деб бежиз таъкидламаган. Хулқ шахс ҳаёт тарзининг ўзига хослигини, унинг фаолиятида ахлоқий қадриятлар тамойиллари нечоғли ўзлаштирилгани, одоб меъёрлари қай тарзда амалий аҳамият касб этганини ва аксинча, одоб-ахлоққа зид бўлган хислатлар мавжудлигини кўрсатиб туради. Бошқача айтганда, хулқ шахс ахлоқий фаолиятининг ўлчами, кўрсаткичидир. Шахснинг гўзал ахлоқий фазилатлар билан йўғрилган фаолият тарзи яхши хулқ намунаси бўлиб хизмат қилса, табиати ва фаолиятида ахлоқий қадриятларга зид амалларнинг намоён бўлиши ёмон хулққа мисол бўла олади. Инсон хулқи унинг маънавий-ахлоқий дунёсининг ўзига хос кўзгусидир.

 

Шахс маънавий-руҳий кечинмалари айни вақтда унинг хулқи орқали амалий аҳамият касб этиб, ўзига хос бўлган фаолият меъёрларини шакллантиради. Хулқ – кишининг феъли, характери билан боғлиқ маънавий ҳодиса, инсон табиатининг ахлоқийлик доирасида намоён бўлиши. Инсоннинг ахлоқийлик доирасидаги хатти-ҳаракати хулқдан ташқари одоб ва ахлоқни ҳам ўз ичига олади. Одоб кундалик турмуш масалаларида воқе бўлса, ахлоқ шахснинг жамиятга, давлатга, инсониятга бўлган муносабатларида ўз аксини топади. Хулқ одобга нисбатан кенг, ахлоққа нисбатан тор қамровлидир. Хулқ оила, меҳнат жамоаси, маҳалла-кўй доирасида яққол кўзга ташланади ҳамда яхшилик ва ёмонлик, жўмардлик, меҳмондўстлик каби маънавий-ахлоқий тамойилларни ўзида намоён этади. Хушхулқ инсон ўзгаларга мулойимлик, назокат, ширинсуханлик, меҳрибонлик сингари маънавий қадриятларга таяниб муносабат қилса, бадхулқ одам, қўпол, ҳақоратгўй, бемеҳр, маънавиятсиз кимса ҳисобланади. Хушхулқлиликни хулқнинг гўзаллиги тарзида эстетика фани ҳам ўрганади. Ҳадисларда айтилганидек, «Банданинг савоб тарозусида яхши хулқдан оғирроқ иш йўқдир. Унинг даражаси ҳатто намоз ва рўзанинг даражаси билан баробардир» ёки «Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқ одобидан буюкроқ мерос беролмайди».

 

Хулқ гўзаллиги – ҳусни хулқ, ибратли феъл-атвор, шахснинг характери ва хатти-ҳаракати орқали ўзгаларга намуна бўла оладиган фазилатлари билан ижобий ва ёқимли таассурот уйғотувчи ахлоқий камолот белгисини ифодаловчи тушунча. Хулқ гўзаллиги инсоннинг ички (ботиний) ва ташқи (зоҳирий) олами уйғунлигига асосланади. Инсоннинг ботиний гўзаллиги унинг одоб, хулқ ва ахлоқий фазилатлари билан белгиланади. Бу нафосат илмида хулқ гўзаллиги деб аталади. Ботиний гўзаллик бевосита ахлоқий фазилатлар ва муносабатлар билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Бундан ташқари, «хулқ» тушунчаси ахлоқнинг таркибий қисми сифатида инсон камолотида асосий омил ҳисобланади. Инсоннинг хулқ гўзаллиги эстетик ва ахлоқий мазмун касб этади. Эстетик мазмуни шундаки, у «гўзаллик», «улуғворлик», «қизиқарлилик», «туғёнийлик», «ҳайрат» каби эстетик тушунчалар орқали намоён бўлса, «эзгулик», «бағрикенглик», «ҳалоллик», «виждонлилик» каби ахлоқий тушунчалар билан барқарорлашади. Эзгуликнинг гўзаллик билан уйғунлашуви хулқ гўзаллигини юзага келтиради. Хулқ гўзаллигини намоён этувчи сифатлар ва фазилатлар нисбий характерга эга. Улар даврлар ўтиши билан ўзгаради, сайқаллашади ва бир қатор ахлоқий меъёрлар ҳамда мезоний тушунчалар орқали такомиллашиб боради. «Иймон», «муҳаббат», «эзгулик» каби фалсафий-ахлоқий тушунчалар, «ният», «хавотир», «масъулият» каби мезоний тушунчалари инсонда хулқ гўзаллиги мазмунини бойитади. Бу тушучалар хусусийлик табиатига эга бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида ҳолатларда хулқ гўзаллигининг муайян жиҳатларини акс эттиради. Бироқ, инсоннинг ахлоқий-эстетик муносабатларида булар бир-бири билан узвий боғлангандагина чинакам гўзалликка айланади.

 

Инсоннинг амалий хатти-ҳаракати, ахлоқийлиги, нафосатга муносабати айни пайтда унинг ботиний туйғуларига, қалб кечинмаларига боғлиқ. Бу кечинмалар, одатда, шахс фаолиятидаги яхши аъмолларга кўра – фазилатлар, ёмон қилмишларига кўра – иллатлар деб аталади. Фазилатлар инсонни ижтимоий мавжудот сифатида маънавиятли, баркамол зот эканини кўрсатса, иллатлар унда ҳайвоний табиатнинг мавжудлигидан далолат беради. Хулқ икки кўринишда намоён бўлади. Биринчиси – яхши, чиройли хулқ. У ҳалоллик, иффат, диёнат, ор-номус, нафсни тийиш, виждон, шижоат, сабр, илмлилик, ғайрат, риёзат, қаноат, сабр, интизом, мунислик, ҳақиқатпарварлик, ватанпарварлик, инсонпарварлик, адолатпарварлик ва шукаби ижобий туйғуларда намоён бўлади. Бу фазилатлар инсонда хулқ гўзаллигини намоён этиб, уни ахлоқий жиҳатдан камолот сари етаклайди. Иккинчиси – ёмон, хунук хулқ. Бу худбинлик, ҳасадгўйлик, таъмагирлик, иккиюзламачилик, фирибгарлик, иғвогарлик, туҳматчилик, баднафслик, бадниятлик, дилозорлик, андишасизлик, бевафолик, бераҳмлик, товламачилик, беҳаёлик сингари иллатларда ифодаланади. Улар инсонни тубанлик сари етаклайди ва маънавий жиҳатдан қашшоқлашувига олиб келади. Мазкур иллатларни одат қилган кишилар умумтасаввурда жирканч таассурот қолдиради. Хулқ гўзаллигининг мукаммал бўлишида инсон хатти-ҳаракатининг сабаби бўлган ниятнинг алоҳида ўрни бор. Ният бу – инсонни фаолиятга, ҳаракатга ундовчи, ҳали ҳақиқатга айланмаган, аммо айланиш эҳтимоли бўлган ахлоқий-эстетик кечинма. Ният инсоннинг қалбида пайдо бўлиб, аста-секин ҳаракат орқали воқеликка айланади.

 

Шарқ ҳикматлари дурдоналарида хулқ гўзаллигининг ўнта белгиси алоҳида кўрсатилади. Булар: 1) бўлар-бўлмасга одамлар билан жанжаллашмаслик; 2) инсофлилик; 3) бировдан айб қидирмаслик; 4) бирор киши нолойиқ иш содир этган бўлса, уни яхшилик йўлига солиб юбориш; 5) кечиримлилик; 6) муҳтожларнинг ҳожатини чиқариш; 7) бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш; 8) нафсини тия билиш; 9) бошқаларга очиқ чеҳра билан муомала қилиш; 10) доимо яхши сўзлаш. Ушбу белгилардан учтаси, яъни «бўлар-бўлмасга одамлар билан жанжаллашмаслик», «бошқаларга очиқ чеҳра билан муомала қилишлик», «доимо яхши сўзлаш» инсоннинг хатти-ҳаракати билан эмас, балки чиройли, ширин сўзи натижасида амалга ошадиган ахлоқий ҳодисалардир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//