Бир куни...
Худо – диний сиғиниш ва эътиқод қилишнинг объекти сифатида намоён бўладиган буюк қудрат, азалийлик ва абадийлик, яратувчанликнинг тимсоли. Худо турли таълимотларда турлича талқин этилган. Хусусан, Шарқда кенг тарқалган пантеизм (вужудиюн)да Худо табиат (борлиқ)нинг ўзида, Худо ва табиат бир бутунликни ташкил этади, дейилади. Қадимги зардуштийлик динида икки Худо образи: ёруғлик Худоси (марҳаматли Худо) Аҳурамазда ва қоронғилик Худоси (шафқатсиз, ёвуз Худо) Анҳраману (Аҳриман) бир-бирига қарама-қарши қўйилган. Қадимги Шарқ динлари ва бошқа политеистик динларда Худолар жуда кўп бўлиб, улардан бири энг асосий, энг қудратли ҳисобланган (масалан, қадимги бобилликларда Мардук, юнонларда Зевс, славянларда Перун), монотеистик динларда (қаранг: Монотеизм), хусусан, исломда ягона ва қудратли Худога эътиқод қилиш – асосий диний ақидадир. Худо тасаввури тарихий тараққиётнинг усулидир, бошқача айтганда, Худолар одамларни эмас, одамлар Худоларни яратган.
Қадимги диний эътиқодларда Худоларга сиғиниш бўлмай, жонсиз нарсаларга топинилган ёки руҳ, ажиналар ва бошқа фантастик образларга эътиқод қилинган. Ибтидоий жамоа тузуми емирилиб, бирлашмалар ривожланаётган, синфлар вужудга келаётган шароитда қабила Худосининг образи келиб чиқди. Бу образ, аввало, бир қабила бошлиғининг бошқа қабила ва унинг Худосига қарши курашдаги образи бўлган. Кўпгина ўтроқ халқларда шаҳар-давлатларнинг ташкил этилиши билан қабила Худолари шаҳар Худо ҳомийларига айланган. Бир неча қабила ёки шаҳарларнинг бирлашиши билан энг кучли қабила ёки шаҳар-давлатларнинг Худолари умумдавлат, миллий Худоларга айланган, бўйсунган қабила ва шаҳар Худолари политеистик ибодатхонада иккинчи даражали ўрин эгаллаган. Қадимги яҳудийларда Яхве дастлаб қабила Худоси ва маҳаллий Худо бўлган, қадимги яҳудий қабилаларининг бирлашиши ва Иудея давлатининг ташкил этилиши билан умумяҳудийларнинг Худосига, кейинчалик эса қудратли ягона Худога айланган. Христиан динида Худо образи милоднинг I асрида шаклланган. Унинг асосини яҳудийлар Худоси Яхве (ота Худо) ташкил этади, лекин бу Худо тимсолига ўғил Худо (Иисус Христос) ва муқаддас руҳ Худо образлари ҳам сингиб кетган. Буддизмда, дастлаб, Худоларга сиғиниш инкор этилган бўлса-да, кейинчалик будданинг ўзи Худо деб танилган, бу динда у билан бир қаторда бошқа Худолар ҳам бор.
Ислом динида эътиқод қилинадиган якка Худо Аллоҳ деб аталади. Бу Худо Маккада яшаган қадимги қурайш қабиласи Худоси бўлиб, Муҳаммаднинг (с.а.в.) тарғиботи билан VII асрда ислом дини Худосига айланган. Маккадаги қадимги ибодатхона – Каъба Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи) деб аталиб, мусулмонларнинг бош саждагоҳи бўлиб қолган. Асосий монотеистик динлар шаклланиши тарихий жараёни тугалланиши билан диний-фалсафий таълимотлар вужудга келди. Худо фақат эътиқод ва сиғиниш объекти бўлмай, идеалистик фалсафанинг тушунчасига ҳам айланди. Худо тўғрисидаги тасаввур ва унинг турли шаклларига нисбатан турлича қарашлар бор. Уни мутлақлаштириш асосида «теизм», рад этиш оқибатида эса «атеизм» иборалари шаклланган.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ