Бир куни...
Худбинлик – юксак маънавият тамойилларига зид ижтимоий ҳодиса, шахсий ёки индивидуал хусусият ва қадриятларни мутлақлаштириш, бошқаларни менсимаслик натижасида намоён бўладиган ҳаётий тамойил ва ахлоқий сифат, индивидуализм кўринишларидан бири. Худбинлик индивидуал эҳтиёжларни ҳамма нарсадан юқори қўядиган ахлоқий сифат, иллатни, маънавиятсизликни англатувчи тушунча бўлиб, бирор-бир инсоннинг моддий-маиший манфаатларининг бошқаларникидан устун қўйилишини билдирувчи манфаатпарастликдан ва ўз шахсини мутлақлаштиришга қаратилган шахсиятпарастликнинг баъзи унсурларидан иборат салбий хатти-ҳаракатлар мажмуидир. Шунингдек, худбинлик тушунчаси маънавий жиҳатдан инсонни унинг жамиятга ва бошқа кишиларга муносабати нуқтаи назаридан тавсифлайди. Худбин киши ўз хатти-ҳаракатида фақат ўз манфаатларини кўзлаб иш кўради, жамият ва теварак-атрофдагиларнинг манфаатлари билан ҳисоблашмайди. Ахлоқий сифат тариқасида худбинлик инсоният ахлоқий онги тарихида доимо салбий баҳоланиб келган. Худбинликни тарғиб қилувчи назариялар ғайриижтимоий, реакцион мазмун касб этган, сохта ахлоқий тамойил сифатида худбинликка онгли ихлосмандлик эса аморализмга айланиб кетган. Шахс даражасида худбинлик эгоизм ва индивидулизмга, миллий даражада эса миллатчилик ва буюк миллатчилик шовинизмига олиб келиши мумкин. «Худбинлик инсонга заволлик келтиради. Кимки худбин бўлса халқ назаридан қолади. Эй азиз, агар сен инсон бўлай десанг худбин бўлма, йўқса сен ўз жонингни хатарга ташлаган бўласан. Агар сен улуғликни хоҳласанг, камтарлик йўлини тут», – деган эди донишманд Муҳаммад Жавҳар Заминдор.
Худбинлик шарқона жўмардлик ахлоқий тамойили ва инсофлилик меъёрининг акси: агар жўмардлик, бирор шахс, жамоа ёки жамият бахти, фаровонлиги йўлида кишининг ҳатто ўзига энг зарур бўлган нарсалардан ҳам воз кечишига тайёр туришини англатса, худбинлик ўз манфаатлари йўлида, ҳеч кимни, ҳеч бир жамоани, ҳеч қандай жамиятни тан олмайдиган салбий меъёр эгасининг яққол кўзга ташланадиган хусусияти. Худбинликни инсон шахсининг ўзига бўлган муҳаббати билан айнанлаштирмаслик лозим. Худбинлик муҳаббат ҳиссига эмас, нафс, ҳирс, ружуга асосланиб, адолатсизлик, инсофсизлик ва бераҳмлик хислатларида намоён бўлади. Бинобарин, ҳамманинг ҳам қўлидан жўмардлик келавермайди, лекин инсоннинг ўзига бўлган муҳаббати, бошқаларнинг ҳам ўзига шундай муҳаббати борлигини инкор этмаслиги керак. Шу қоида бузилган жойдан худбинлик бошланади. Худбинлик жиноят эмас, худбин одам қонунни бузмайди, аксинча, ҳамиша қонун олдида «тоза», «фақат қонуний ҳақи»ни ҳар қандай шароитда, ҳатто бировларнинг фожиаси, ўлими эвазига ундириб олади, холос. Унинг ақидаси: «Гўзал бино қуласа қулайверсин, мен ўзимга тегишли юзта ғиштни суғуриб олишим керак!» худбинлик бизнинг жамиятда ҳам учраб туради. Чунки, қонуннинг мустаҳкамланиб бориши худбин одамлар учун қулайлик туғдиради: улар қонуннинг руҳини – моҳиятини бир четга суриб қўйиб, унинг шаклидан фойдаланишга интилади.
Аввалги анъанавий урф-одатлар ҳукмрон бўлган даврларда худбин одам жазоланиши – бир четга чиқариб қўйилиши, жамоадан, маҳалладан ҳайдалиши мумкин эди. Эндиликда бундай муносабат эркин шахс ҳуқуқларини поймол қилиш, ноқонуний ёндашув деб ҳисобланади. Демак, худбинликка барҳам беришнинг ягона бир йўли – жамиятда маънавий-ахлоқий тарбияни замон талаблари даражасида ривожлантириш ва кенг жорий этишдир. Бунинг учун ижтимоий-сиёсий жараёнларда, маданий-маънавий ҳаётда жамоат ташкилотлари фаолиятида, таълим тизимида, оила ва маҳаллада миллий ғоя ва «мафкуравий иммунитет»ни шакллантиришга оид изчил ҳамда самарали тадбирлар ўтказишга жиддий эътибор қаратиш лозим. Айниқса, фарзандларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш жараёни оила, мактаб ва маҳаллада кўпроқ кечгани боис улар ўртасидаги фаолиятнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, айниқса, таълим-тарбия соатларида худбинлик кўринишлари, унинг жамият ва кишилар ҳаётига салбий таъсирини бартараф этишга ҳаракат қилиш даркор. Шунингдек, жамоавийлик хусусиятларини, ўртоқ-биродарликни тараннум этувчи санъат асарлари, бадиий адабиёт орқали тарғибот ва ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ