Халқ даҳоси


Сақлаш
16:11 / 22.11.2023 0 399

Халқ даҳоси – халқ истеъдоди, тафаккури, ақл-идроки, иқтидори, салоҳияти, илм-фан ва иқтисодиётдаги куч-қудратининг маълум бир тарихий даврларда юксалишини намоён қилувчи хусятни англатувчи тушунча. Жаҳон халқлари тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ва тараққиётига таъсир қилувчи бу хусусият баъзан бир вақтнинг ўзида бир қанча илм-фан соҳаларида ўзини кўрсата бошлайди. Масалан, бундан минг йиллар муқаддам Мисрда бунёд этилган муҳташам эҳромлар; Хитойдаги тиббиёт ва фалсафа, жамиятни бошқариш соҳаларида эришилган ютуқлар; Ҳиндистондаги ҳайкалтарошлик, мусиқа санъати ва диний тараққиёт; Зардўшт пайғамбар (Авесто) даврида Хоразмда бунёд этилган шаҳарсозлик, сувдан фойдаланиш иншоотлари; Мексика ва Перудаги осори атиқалар; туркий халқларнинг ҳарбу зарб (жанг) санъати – буларнинг бари халқ даҳоси замирида дунёга келган ижод намуналаридир. Халқ даҳоси туфайли яралган ютуқлар, ижод намуналари натижасида инсоният тараққиёт сари қадам-бақадам илгарилаб боради, ижтимоий муносабатларда, иқтисодий ҳаётда, маданий ва маънавий тараққиётда маълум ютуқларга эришади ва ҳоказо. Агар битта одамнинг истеъдоди бевосита бирон-бир кашфиёт ёки ихтиро билан боғлиқ ҳолда намоён бўлса, халқ даҳоси, халқ истеъдоди ана шундай ихтиро ва кашфиётларни жамулжам ҳолда амалга ошириш, турмушда қўллаш орқали амалиётда намоён бўлади. Шунинг учун ҳам халқ даҳоси яратган тараққиёт намуналари, турмуш афзалликлари, илм-фан ютуқлари тарихий даврлар манзарасида кўпроқ идрок қилинади.

 

Ўзбек халқи ҳам ўзининг кўп минг йиллик тарихи мобайнида кишилик жамияти ривожига хизмат қилаётган, инсоният хотирасида унутилмас оламшумул ютуқларни намоён этиб келаётган халқ ҳисобланади. Халқимизнинг ватансеварлик, ҳарбу зарб, ташқи душманлардан ҳимояланиш соҳасидаги истеъдоди Тўмарис, Широқ, Алпомиш, Жалолиддин каби тарихий-афсонавий сиймоларда ўз тажассумини топди. Жаҳон илму фани тараққиётига мислсиз улуш бўлиб қўшилган Маъмун академияси (Хоразм, Кўҳна Урганч, 997–1017 йиллар) намояндалари яратган асарлар кейинчалик математика, фалсафа, тиббиёт, кимё, фалакшунослик, тил ва адабиёт фанлари соҳасида мўътабар манбалар бўлиб қолди (Ибн Хаммор, ал-Журжоний, ал-Беруний, Ибн Сино, ас-Саҳрий, Ҳамид ал-Хоразмийлар). Халқимизнинг марказлашган давлат тузиш, дипломатия, адолатли жамият барпо этишдаги салоҳияти ўрта асрларда Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида, унинг ҳарбий даҳосида ўз тажассумини топган бўлса, кейинчалик бундай истеъдод унинг набираси Бобуршоҳ тимсолида Ҳинд заминида яна бир бор бўй кўрсатди.

 

Халқимизнинг дин ва маънавий-маърифий соҳадаги иқтидори Имом Бухорий, Имом Термизий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Мотуридий, Имом Марғиноний, аз-Замаҳшарий каби даҳолар фаолияти орқали намоён бўлса, бадиий адабиёт, илм-фандаги юксак тафаккури ва истеъдоди Мусо ал-Хоразмий, Улуғбек, Навоий, Рабғузий, Абулғози Баҳодирхон, кейинчалик эса жадидчилик ҳаракати намояндалари фаолиятида, асарларида акс этди. Натижада халқимиз даҳоси туфайли яралган ижод намуналари, кашфиёт ва ихтиролар башарият тафаккури ва хотирасининг олтин хазинасига бебаҳо улуш бўлиб қўшилди. Бизнинг қадимий ва бой тарихимизни, улуғ аждодларимиз ва улар қолдирган беқиёс маданий мерос башарият маданияти ва ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилганини бутун жаҳон тан олади. Афсуски, мустабид тузум даврида халқимизнинг даҳоси, аждодларимизнинг ақл-заковати туфайли дунёга келган буюк кашфиёт ва ихтиролар, жаҳон илм-фани ва маданиятига қўшган улкан ҳиссани эътироф этмаслик, баъзан эса нотўғри талқин қилинганига гувоҳ бўлдик. Мустақиллик туфайли буюк аждодларимизнинг илмий, бадиий, маънавий-маърифий мероси, улкан давлатчилик тажрибаси нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки бутун дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда, кенг тарғиб қилинмоқда, буюк мутафаккирларимиз ва саркардаларимизнинг юбилейлари дунё миқёсида муносиб нишонланмоқда. Эндиликда ёш авлод вакиллари илм-фан, маданият чўққиларини забт этиб, ўтмишдаги аждодлар эришган ютуқларини янада бойитиб, ўзларининг қандай тафаккур соҳибларига ворис эканликларини исботлашлари керак. Бунинг учун мамлакатимизда барча имконият ва шарт-шароитлар яратилган. Қолаверса, давлатимиз раҳбарияти юритаётган сиёсат ҳам ёш авлоднинг ҳар томонлама етук, доно, билимли, ўткир ақл-тафаккур соҳиблари бўлиб вояга етишини назарда тутади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 29
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//