Бир куни...
Халқ маънавияти – халқ ёки миллат қадриятларининг муайян тартибда, даражада ва йўсинда тизим ҳолига келиши. Ҳар бир халқ маънавияти муайян қадриятлар йиғиндисидан ташкил топади. Бу тизим таркибида озодлик, тинчлик, хотиржамлик, иймон, инсоф, лафз, орият, фаровонлик, катталарга ҳурмат, ҳамкорлик, адолат, меҳмондўстлик сингари умуминсоний қадриятлар муҳим роль ўйнайди. Лекин, айни бир хил қадриятлардан ташкил топишига қарамай, турли халқлар маънавиятининг ўзига хос бўлиши боиси шуки, ўша айни бир хил қадриятлар маънавиятда ўзига хос йўсинда акс этади. Масалан, бир халқ маънавиятида меҳмондўстлик устувор бўлса, бошқа халқ маънавиятида жасурлик устун бўлиши мумкин. Бундан ташқари, айни бир халқ маънавияти тараққиётидаги бир босқичда ўша меҳмондўстлик ёки катталарга ҳурмат катта ўрин тутса, кейинги босқичда жасорат ёки адолат энг устувор қадрият бўлиб қолиши мумкин. Шунинг учун айтиш мумкинки, барча миллатлар маънавиятида деярли бир хил қадриятларнинг жамланиши миллий маънавиятларнинг умуминсоний асосини ифодаласа, уларнинг ҳар биридаги ҳар бир қадрият турли даражада ривожлангани ва ўзаро турли йўсинда боғланиши миллийликни ифодалайди.
Қадриятлар бирикишидан маънавият ҳосил бўлса, маънавият негизида мафкура вужудга келади. Мафкура тур жиҳатидан хилма-хил бўлиши мумкин: оила мафкураси, ижтимоий гуруҳлар мафкураси, сиёсий мафкуралар, диний мафкуралар ва бошқалар. Бу мафкураларнинг барчаси ҳам бир миллий маънавият негизида шаклланса-да, уларга шу маънавиятнинг муайян жиҳатлари асос қилиб олинади. Ижтимоий гуруҳларнинг мафкураларида бутун халқ ва миллат манфаатларига, орзу-умид ва интилишларига мос бўлган қадриятлар ифодаланса, улар негизида миллий мафкуралар вужудга келиши мумкин. Лекин миллий мафкуралар сиёсий партияларга уюшмаган ижтимоий гуруҳ ва қатламларнинг орзу-умидларини ҳам ифодалайди. Миллий мафкура миллий қадриятлар орасида устувор бўлганларини жамласа, миллий ғоя улар ичидаги энг устувор қадриятни ифодалайди. Халқ маънавиятида эса ана шу ижтимоий гуруҳ, қатлам ва партиялар қадриятлари орасида халқ учун энг мақбул бўлганлари жамланади. Аслида, халқ қадриятларни ижтимоий гуруҳ ва партиялардан олмайди, аксинча, бу гуруҳ ва қатламлар халқ қадриятлари орасидан ўзлари учун маъқул бўлганларини танлаб оладилар.
Халқ фаровонлиги – халққа муносиб турмуш шароити яратишни ифодаловчи тушунча. Ўзбекистонда барпо этилаётган жамиятнинг иқтисодий асоси ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётидир. Бугунги кунда дунёдаги барча мамлакатлар айнан шу йўлдан тараққий этиб, ўз халқининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга эришмоқда. Ўзбекистон ҳам шундай йўлни танлаган. Ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар шунчаки ислоҳот учун эмас, айнан инсон учун, унинг ҳақ-ҳуқуқи ва эркинликлари ҳамда фаровон ҳаётини таъминлаш учун хизмат қилади. Собиқ шўро тузуми одамлар онгига барча фалокатларнинг сабаби хусусий мулкда, деган ғояни сингдириб, сохта тенгликни қарор топтирмоқчи эди. Оқибатда ишламаган одам ишлаган одамдан яхшироқ яшай бошлаган эди. Ҳатто совет кишисининг ўзи ҳам давлат машинасининг мурватига айлантирилган эди. Меҳнатга ҳақ тўлашдаги адолатсизлик боқимандалик кайфиятини, ишлаб чиқаришдаги исрофгарчиликни, ташмачиликни кучайтирди. Одатда, мустабид тузумлар халқ фаровонлигидан, унинг бойиб кетишидан манфаатдор бўлмайди. Ўзбекистон истиқлолга эришган дастлабки кунларданоқ якка давлат мулки ҳукмронлигига барҳам берилиб, мулк шаклларининг хилма-хиллигига, жумладан, хусусий мулкка кенг йўл очди.
Бугунги кунда мамлакатда мулкдорлар синфи шаклланмоқда. Бозор иқтисодиёти жамиятни маълум маънодаги табақаланишга олиб келиши табиий. Халқ фаровонлигини кўзлаган давлат халқнинг кескин табақаланишига – ошиб-тошиб кетган бойлару камбағал-қашшоқларга бўлиниб кетишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриб, бу борада ўзига хос кучли ижтимоий сиёсат юритади. Аҳолининг энг кам ҳимояланган ва муҳтож табақаларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш халқ фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар муваффақияти кафолатидир. Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя чоралари аҳолининг асосан ҳақиқий муҳтож ва эҳтиёжманд қатламларига йўналтирилмоқда. Бу борада давлат манбалари билан бир қаторда меҳнат жамоалари, жамоат ва хайрия ташкилотлари ҳамда жамғармаларнинг маблағлари ҳам ишга солинмоқда. Бугунги кунда фаровон турмуш асоси – эркинлик, тадбиркорлик, ташаббускорликдир. Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги учун конституциявий, ҳуқуқий ва иқтисодий шарт-шароит ҳамда кафолатлар яратилиши зарур. Ташаббускорлик ва тадбиркорликни рағбатлантириш, одамларда мулкка эгалик ҳиссини тарбиялаш, кичик ва ўрта корхоналарни изчил ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва даромадларининг ортишида, ишсизлик муаммосини ечиш да муҳим аҳамият касб этади. Табиий бойликлар, ер ресурслари, мамлакат иқтисодий салоҳияти ҳар бир фуқаронинг эҳтиёжларини қондириш, ўзлигини намоён этиш ва бунёдкорлик қобилиятини рўёбга чиқаришнинг асосий омилларидир. Бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳот ва бунёдкорлик ишлари халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ