Бир куни...
Хаёл (арабча ўйлаш, тасаввур қилиш) – маънавий ҳодиса, тафаккур сингари билиш жараёнларидан бири. У инсоннинг руҳий фаолиятида, муайян даражага эга бўлган муаммоли вазият вужудга келишида ҳамда унинг ҳал қилинишида иштирок этади. Бинобарин, хавфсизлик ҳам руҳий фаолиятнинг бир тури ҳисобланади. У ҳаётда инсон томонидан идрок этилмаган тасаввур ҳамда ўйдаги ҳолатларнинг вужудга келишидан таркиб топади. Хаёл муайян ҳиссий тимсолларга ёки борлиқнинг аниқ андозаларига таянади. Хаёл учун замон ва макон борасида чегара йўқ. Хаёл ҳамиша воқеликдан олдинда юради ва уни олға етаклайди. Кашфиётга олиб келувчи гумон, фараз ва сезги ҳам хаёлсиз бўлмайди. Бошқача айтганда, хаёл воқеликни моҳиятига кўра умумлашган ҳолда идрок этиш ҳодисасидир. Амалий фаолият бошланмасдан туриб, унинг маҳсулини олдиндан тасаввур қилиш ва уларни тимсоллар тариқасида вужудга келтириш хаёлнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Хаёл билиш жараёнлари билан узвий боғлиқликда ҳукм суради, уларни акс эттириш имкониятининг тўлароқ рўёбга чиқишига ёрдам беради. Психологияда суст (пассив), фаол (актив), ихтиёрий, ихтиёрсиз, тикловчи ва ижодий хаёл турлари тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд. Хаёлнинг аналитик ва синтетик хусусияти бўйича икки тенденция мавжуд. Аналитик ҳолат хаёлнинг мазмунини, предметини тубдан янги образлар, тимсоллар асосида яратишдан, атроф-муҳитнинг ифодаси янги, безакли, жилоли эканини қайд қилишдан иборатлигини тан олишдир. Иккинчи тенденция биосфера, ноосфера тўғрисидаги маълумотлар, тасаввурлар, таъсирланиш, тажрибалар ижтимоий-тарихий тараққиёт давомида қайтадан тикланиш орқали хаёл маҳсули сифатида сақланиб келади, деган ғояга асосланади. Ҳар иккала тенденция уйғунлашуви орқали ижодий ва тикловчи хаёл фарқланади.
Халқимизда «Хаёлнинг учқур оти» деган ибора бор. Бу отга миниб, бир зумда олис Амир Темур замонида бўлиш, Навоий ҳазратлари давридаги Ҳиротни кўз олдига келтириш ёки келажакка сафар қилиш мумкин. Кишилар қадим замонларда табиат ҳодисаларининг қудратини эътироф этиб, Қуёш, Сув, Олов каби буюк кучларни хаёл орқали инсонлар, ҳайвонлар, қушлар қиёфасида тасаввур қилганлар. Хаёлдаги тушунча ва тимсолларни бутунлай асоссиз, ҳақиқатга хилоф, дейиш мумкин эмас. Чунки инсон қадимдан то ҳозиргача хаёл орқали воқеликнинг турли қирраларини ўрганиб келмоқда. Хаёл оламни билишнинг, воқеа-ҳодисалар моҳиятини, ички хусусиятларини ўрганишнинг кучли қуролидир. У инсонга реал ҳаёт ҳодисалари заминидаги моҳиятни, ички алоқадорликни тушунишга, келажакни олдиндан кўришга, юксак идеаллар учун курашишга ҳамда эҳтимол тутилган фалокатларнинг олдини олишга ёрдам беради. Ва аксинча, шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик зарурки, реал замондан, реал шароитдан ажралган, юксак идеалларга зид хаёл инсониятни янглиштириши, тўғри йўлдан чалғитиши мумкин. Буни хом хаёл деса бўлади. Фашизм ана шундай хом хаёлдан келиб чиқиб немис халқи бошига, умуман, инсониятга катта талафот етказди. Худди шундай коммунистик утопия ҳам кишилик жамиятига нақадар фалокат келтиргани ва ҳамон келтираётгани кўпчиликка аёндир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ