Фуқаролик жамияти


Сақлаш
17:11 / 17.11.2023 0 430

Фуқаролик жамияти – жамият тараққиётининг аввалги босқичларида давлат ҳокимияти органлари бажариб келган талай вазифаларнинг жамоат ташкилотлари зиммасига ўтиши, давлат фаолияти устидан ижтимоий назорат ўрнатилиши. Фуқаролик жамияти шаклланиш суръатлари бир қатор омилларга боғлиқ. Сиёсий, ҳуқуқий омиллар фуқаролик жамияти сари боришнинг сиёсий-ҳуқуқий асоси сифатида хизмат қилса, бу жараённинг суръати эса кўп жиҳатдан ташкилий, маданий ва руҳий омилларга боғлиқ. Фуқароларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданияти фуқаролик жамияти қуришнинг муҳим омиллари ҳисобланади. Бу омиллар қанчалик ривожланган, етук бўлса, жамият ривожи учун шунчалик мустаҳкам пойдевор яратилади. Аммо фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнининг изчиллиги ва суръатлари жамият ҳамда фуқароларнинг маданияти, маънавияти ва руҳияти билан белгиланади. Шарқ ва Ғарб алломалари асарларида фуқаролик жамияти масаласи катта ўрин тутади. Қадимги даврда бу муаммо билан Суқрот, Афлотун, Арасту, Ўрта асрларда Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Янги даврда Ф.Бэкон, Д.Дидро, Ж.Ж.Руссо, Вольтер, И.Кант, Гегель сингари алломалар шуғулланишган. Фуқаролик жамияти масаласига Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри», Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» асарларида алоҳида эътибор қаратилган. Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан фуқаролик жамиятига турлича таърифлар берилган. Улар ўртасида умумий жиҳатлар билан бир қаторда муайян тафовутлар ҳам мавжуд. Бу таърифларни шартли равишда учта асосий туркумга ажратиш мумкин. Масалан, Гегелнинг таърифига кўра, фуқаролик жамияти – оила ва давлатнинг муқобили ва айни пайтда улар билан боғлиқ тизим бўлиб, унда ҳар бир индивид ўз мақсадларига интилади. Лекин, ўзгаларнинг мақсадларини ҳам ҳисобга олмаса, у ўз мақсадларига етиша олмайди; бунда давлат сиёсий-маънавий бирлик ва умумий манфаатларни таъминлашга ҳаракат қилади. Маркс таърифига кўра, фуқаролик жамияти хусусий мулкчиликка асосланган жамият бўлиб, унда ижтимоий муносабатлар синфий антогонизмлар шаклида бўлади, бу муносабатлар давлатнинг пайдо бўлиши ва ривожланишини белгилайди.

 

Учинчи туркумга оид таърифга кўра, фуқаролик жамияти индивидларнинг ихтиёрий тарзда ўзларини намоён қилиши, уюшма ва ташкилотларга бирлашиши, давлат ҳокимияти органлари тазйиқидан ҳимояланадиган жамият бўлиши мумкин. Бу таъриф ҳозирги вақтда кўпчилик томонидан маъқулланмоқда. Мазкур таърифда фуқаролик жамиятининг давлатга муқобил бўлиши ва айни пайтда унга боғлиқ экани; ҳар бир фуқаро ўз мақсадларига интилиш йўлида ўзгаларнинг ҳам мақсадларини ҳисобга олиши зарурлиги; фуқароларнинг уюшма ва ташкилотларга ихтиёрий равишда бирлашиши; давлатга фақатгина сиёсий-маънавий бирлик ва умумий манфаатларни таъминлаш функцияси юклангани каби жиҳатлар ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда фуқароларнинг уюшма ва ташкилотларга ихтиёрий равишда бирлашиши масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганининг сабаби шундаки, ана шу уюшма ва ташкилотларнинг ривожи фуқаролик жамияти шаклланишининг бош омилидир. Уларнинг тараққий этиши эса, кўп жиҳатдан, фуқароларда корпоратив маданиятнинг шаклланиш даражаси билан белгиланади. Ҳар бир фуқаро жамиятга тўғридан-тўғри эмас, балки турли жамоа, уюшма ва ташкилотларнинг аъзоси сифатида бирлашади. Фуқаролик жамияти шаклланишида маънавий ва маданий омиллар жуда муҳим роль ўйнайди. Жамият жамоа ва гуруҳлардан, жамоа ва гуруҳлар эса алоҳида фуқаролардан ташкил топади. Инсонлар турли-туман бўлгани сингари, жамоа ва гуруҳлар ҳам ташкилий, маданий ва руҳий жиҳатларга кўра турфа хилдир.

 

Фуқаролик жамиятининг шаклланиши турли мамлакатларда умумий қонуниятлар асосида ва ўзига хос шаклларда юз беради. Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шаклланишининг хусусияти шунда намоён бўладики, мамлакатимиз ижтимоий тараққиётнинг ўзига хос ва ўзига мос йўлини танлаган. Фуқаролик жамияти шаклланишидаги хусусиятлар мамлакатимиз тарихи, миллий маданияти ва маънавияти ҳамда турмуш тарзидаги ўзига хослик билан белгиланади. Масалан, мамлакатимиз аҳолиси турмуш тарзининг ўзига хослиги маҳалла институтининг мавжудлиги билан изоҳланади. Бу ноёб ижтимоий институтнинг вужудга келиши Ўзбекистон ҳудудида шаҳарларнинг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда кечган. Чорвачилик билан шуғулланиб келган уруғ ва қабилалар деҳқончилик ҳамда ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлагандан, яъни ўтроқлаша бошлаганидан кейин, кичик-кичик қишлоқлар пайдо бўла бошлаган. Қишлоқлар ўтроқлашган уруғ ва қабилалар номи билан аталган. Масалан, Қўнғирот, Найман, Унгут, Қангли, Қипчоқ, Баҳрин, Қиёт, Уйшин сингари топонимлар шулар жумласидандир. Уруғ ва қабилаларнинг ўтроқлашуви натижасида вужудга келган қишлоқларда деҳқончилик билан бир қаторда ҳунармандчилик ҳам ривожлана бошлади. Ҳунар мандчиликнинг ривожланиши эса меҳнат тақсимотининг чуқурлашуви билан бирга майда товар ишлаб чиқариш ҳам ривожлана бошлаганини англатар эди. Шаҳарларнинг вужудга келиши айнан мана шу майда товар ишлаб чиқариш, яъни ҳунармандчиликнинг ривожланиши билан боғлиқ эди. Ўзбекистон ҳудудида ҳунармандчиликнинг ривожланишидаги ўзига хос хусусиятлардан бири шунда эдики, у ёки бу касб билан шуғулланувчи ҳунармандлар кўпинча бир ҳудудда тўпланиб истиқомат қилишар, уларнинг устахоналари ва дўконлари ҳам шу ҳудудда жойлашган эди.

 

Муайян касб эгалари жамланиб истиқомат қиладиган ҳудудлар шу касблар номлар билан атала бошлаган. Масалан, Темирчи, Тақачи, Йилқичи, Кигизчи, Жевачи, Совунгар, Аравачи, Гиламдўз каби касб номлари билан аталадиган маҳаллалар айни пайтда касбий уюшмалар ҳам эди. Бир ҳудудда бир касб эгаларининг истиқомат қилиши ва иш фаолиятини юритиши бир қатор қулайликлар туғдирар, масалан, хомашё, тайёр маҳсулот нарх-навоси, солиқлар, янги асбоб-ускуналар ва бошқа янгиликлар тўғрисида тезкор ахборот алмашишга имкон берарди. Бундан ташқари, улар баъзи ускуна ва дастгоҳлардан жамоа бўлиб фойдаланиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, муайян касб эгаларининг жамоа бўлиб муайян ҳудудда турмуш кечириши, иқтисодий тангликлар юз берганда, уларнинг салбий оқибатларини биргаликда бартараф қилиш имконини туғдирар эди. Маҳаллалар фақат касбий уюшма эмас, айни пайтда ўзини-ўзи бошқариш органи ҳам эканини назардан қочирмаслик керак. Маҳалланинг асосий негизини ташкил қиладиган касб эгалари даҳа, туман, шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли йиғин ва машваратларга ўз вакилларини юборар ва шу орқали ижтимоий ҳаётга таъсир ўтказар эди. Маҳаллада истиқомат қилаётган касб эгаларининг жамоа сифатида уюшгани маъмурий идоралар ва ҳокимият вакиллари билан мулоқот қилишга ҳамда мавжуд масалаларнинг ҳал этилишига хизмат қилган. Фуқаролик жамиятини шакллантиришда нафақат иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий негизлар, балки маънавий асос ҳам ғоят муҳим аҳамият касб этади. Ривожланган Ғарб мамлакатлари тажрибаси шундан далолат берадики, жамиятнинг фақат муайян, хусусан, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ривожига эътибор қаратилиши, унинг маънавий-ахлоқий асосларининг емирилишига, таназзулга юз тутишига олиб келиши мумкин. Ҳолбуки, мулкчилик шакли ўзгариши билан ёки тегишли қонунлар қабул қилиниши билан фуқаролик жамияти шаклланиб қолмайди. Мазкур масалага эътиборсизлик қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигига талай Ғарб мамлакатлари воқелиги, маданий-маънавий ҳаёти мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин. Фуқаролик жамиятининг энг муҳим вазифаларидан бири одамлар онгини, маънавиятини ўзгартиришдир. Шу боис фалсафа тараққиётининг турли даврларида адолатли ва маърифатли жамият барпо этиш масаласини таҳлил этган алломалар (Суқрот, Афлотун, Арасту, Форобий, Ибн Сино, Навоий ва бошқа) бундай жамиятни фақат моддий негизларга таяниб, маънавий қадриятларни эътиборга олмасдан барпо этиб бўлмаслигини асослаб берганлар (масалан, Суқрот Афина демократияси ҳақида фикр юритиб, унинг манбаи фақат ҳокимият ва моддий неъмат эмас, у ҳар бир фуқародан улкан масъулият, тинимсиз машаққатли меҳнат, юксак маънавият ва билим талаб этишини уқтиради. Алломанинг бу қарашларига муштарак ғоялар Форобий, Ибн Сино, Уйғониш ва маърифатпарварлик даври мутаффаккирлари асарларида ўз ифодасини топган).

 

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки босқичлариданоқ ҳуқуқий-демократик давлат ҳамда замонавий фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида ижтимоий-иқтисодий ҳаёт, сиёсат, ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар маънавий-маърифий жабҳадаги ислоҳотлар билан уйғун ҳолда амалга оширилмоқда. Шунга кўра, миллатлар ва динлараро тинчлик-тотувликни мустаҳкамлаш, маънавий-ахлоқий тарбияни кучайтириш, тарихий илдизларига, миллий ўзликка қайтиш, аҳолининг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқаролик жамиятининг етакчи институтлари – нодавлат, ноҳукумат ташкилотлар, жамоат уюшмалари, ОАВ, маҳалла фаолиятини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни замонда моддий ва маънавий жараёнларнинг ўзаро мутаносиб тарзда ривожлантирилаётгани, сиёсий-ижтимоий барқарорлик, тараққиётнинг мустаҳкам гарови бўлиб, «кучли давлатдан – кучли жамият сари» тамойилининг амалиётга изчил татбиқ этилишига хизмат қилмоқда. Фуқаролик жамияти ривожланиб, такомиллашиб боргани сари ўзбек халқига хос бўлган ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик ва саховат, мустаҳкам ирода ва иймон-эътиқод каби азалий маънавий қадриятларнинг аҳамияти ортиб бормоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 28
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//