Бир куни...
Фожиалилик – воқеликнинг энг муҳим, чуқур зиддият ва тўқнашувлари: ҳаёт ва ўлим, озодлик ва мутелик, ақл ва туйғу, қонун ва бурч, шахсий ва ижтимоий муносабатларни ўзига хос тарзда ифода этувчи фалсафий тушунча. Санъатдаги фожиалилик ҳақида фикр юритганда санъат асарларидаги фожиали оҳанглар, фожиалилик санъати ва ниҳоят, фожиалилик санъат тури каби муаммолар алоҳида мушоҳада қилиниши лозим. Деярли барча буюк ижодкорлар яратган асарларда фожиали оҳанглар мавжуд. Ҳар қандай фожиа замирида муайян фожиали тўқнашув, зиддият ётади. Гегель фожиалиликни моҳиятли кучлар тўқнашувининг натижаси сифатида бежиз таърифламаган. Чунки, бу тўқнашувлар кураши қандай якун топиши билан инсоният истиқболи, ахлоқий тараққиёт узвий боғлиқдир. Бу ҳол фожиани санъатнинг фалсафий жиҳатдан энг муҳим турига айлантирадики, у ижодкорга инсониятни бутун тарихи давомида ҳаяжонлантирадиган туб ҳаётий масалаларни ўз олдига қўйиб, ҳал қилиш имкониятини яратди. Фожиа қаҳрамони кўпинча ижобий тусда тасвирланади, у ўз даврининг илғор орзу-умидларини ўзида мужассамлаштирган кучли, ёрқин, улуғвор шахс сифатида намоён бўлади. Лекин фожиа тўқимасида бошқа турдаги қаҳрамонлар ҳам акс эттирилган бўлиб, Шекспирнинг Макбет ва Ричард, Б.Брехтнинг Куражонага ўхшаш қаҳрамонлари ўз тақдирлари билан томошабинда ўта зиддиятли ҳис-туйғулар уйғотади. Улар содир қилаётган мудҳиш кирдикорликлар қатъий норозилик, жирканиш, шу билан бирга, ачиниш туйғусини уйғотади. Одатда, фожиа мазмунида қаҳрамоннинг мавжуд шарт-шароитларни тубдан ўзгартиришга фаол интилиши намоён бўлади. Фожианинг тарихий шакли қадимги дунё фожиаси (Эсхил, Софокл, Эврипид) эски патриархал тартиботлар емирилиб, тарихда илк синфий жамият шаклланиши жараёнида вужудга келди. Унга хос бўлган «қисмат оҳанги» табиий ва ижтимоий қонунлар ҳақидаги тасаввурларни акс эттирди.
Ўрта асрларда Ғарб христиан мафкураси фожиа руҳига бутунлай қарши чиққани боис бу даврда бирор-бир арзигулик саньат асари яратилмагани маълум. Фожиа ривожининг янги босқичи Уйғониш даврига тўғри келди. Шекспир асарларида фожиалилик бутун ҳаёт, ижтимоий алоқалар ва муносабатларни қамраб олади. Унинг фожиавий асарларида кучли, жасоратли, ғурурли, эркин инсон тимсоли яратилди. Шекспир ўз қаҳрамонларининг ўзлигини англашга, инсон руҳини синдириб ҳалокатга етаклаётган тузум шароитида озодликка интилишини ифодалайди. М.Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» драмаси ҳам асосий бадиий оҳанги, ундаги эҳтиросли тўқнашувлар руҳи, улкан ҳиссий таъсир кучи, қаҳрамонларнинг тақдири жиҳатидан ўта фожиавий асардир. Унда ўша даврдаги илдиз отган ижтимоий, маънавий-ахлоқий муаммолар қаламга олинади. Асар қаҳрамони фожиали драматик жараённинг асосий субъекти сифатида намоён бўлади. Унинг фаоллиги, ўз орзу-армонлари, ҳатто ўзини қурбон қилиб бўлса ҳам, давлатда тинчлик ва барқарорликни қарор топтиришга интилиши фаолиятининг моҳиятини белгилайди. Санъатда намоён бўладиган фожиалилик тўқнашувлар, қиёфалар, вазиятларни тўла ва чуқур бадиий инъикос этиш эҳтиёжидан келиб чиқади. Софокл фожиалари Шекспирникидан, Шекспир асарлари Расинникидан қанчалик фарқланмасин, улар ўртасида ўзига хос муштараклик, умумий жиҳат кўзга ташланади. Ҳар қандай фожиа замирида кенг кўламли, ижтимоий аҳамият касб этадиган муайян фожиали тўқнашув ётади. Фожиалилик санъатда турлича талқин этилиши мумкин. Бу ҳол мазкур жанрга хос умумий хусусиятларни инкор этмайди. Фожиа услубининг умумий белгилари қаторига кенг умумлашмаларга интилиш, тафаккур бойлиги, соддалик ва яхлитлик, ҳаяжон ва эҳтиросларнинг юксаклиги кабилар киради. Фожиа тарихий даврнинг бурилиш пайтларида, эски ижтимоий алоқалар ва муносабатлар барбод бўлиб, қарашлар, эстетик ва ахлоқий ақида-қоидалар қайта баҳоланаётган шароитда равнақ топади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ