Фундаментализм


Сақлаш
16:11 / 15.11.2023 0 618

Фундаментализм бирор таълимот ақидаларининг, илоҳий китоблардаги тушунчаларнинг дастлабки, соф ҳолатини сақлаб қолишни астойдил ҳимоя қиладиган, уларни мажозий маънода талқин этишни рад қиладиган ижтимоий, мафкуравий, диний қарашлар мажмуини англатувчи тушунча. Фанда бу атама илк бор Янги давр фалсафаси вакиллари Ф.Бекон, Р.Декарт ва Ж.Локк сингари файласуфлар асарларида қўлланган. Улар билиш масаласида, агностик фалсафани тушунтиришда фундаментализмни келтириб ўтган. Бу тушунча сиёсий мақсадларда илк бор XX аср бошида америкалик протестантларнинг бир гуруҳи томонидан қўллана бошланди. Улар христианликнинг фундаментал ақидаларини соф асосда қайта тиклаш ва бунда муайян эътиқод билан боғлиқ назарияларни қабул қилиш ҳамда бошқаларидан тамомила воз кечишни талаб қилиб чиқади. 70-йиллардан бошлаб бу атама Ғарб тадқиқотчилари томонидан ислом оламига нисбатан ҳам қўлланилмоқда. Кейинги вақтда жаҳон матбуотида мутаассиб ислом жангариларини фундаменталистлар деб аташ одат тусига кирди. Аммо диний фундаментализм ҳамма динларда мавжуд бўлиб, улар ягона умумий хусусиятни ўзида мужассам этади. Протестант фундаментализми, проваслав фундаментализми, иудаизм фундаментализми каби атамалар бугунги кунда кенг ишлатилмоқда. Баъзи мамлакатларда диний фундаментализм сиёсий саҳнада ўз мавқеига эга. Масалан, иудаизм тарафдорлари Исроил парламентининг салкам учдан бир қисмини ташкил қилади.

 

Сўнгги пайтларда айрим минтақаларда ислом фундаментализмининг кучайиши кузатилмоқда. Бу атама Қуръон ва ҳадисни кўр-кўрона талқин этадиган, илк исломга қайтишга қаратилган ақидаларни кенг тарғиб қиладиган, диний-консерватив руҳдаги йўналишга нисбатан ишлатилади. Ислом фундаментализми турли-туман йўналиш ва кайфиятдаги гуруҳларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзилари сиёсий жабҳада, инқилобий ва ҳатто террористик усуллар билан қонуний ҳокимиятга қарши курашда ўзини намоён этса, бошқалари тарғибот-ташвиқот ишлари, диний таълим, турли жамоат ташкилотлари, мактаб, университет, ОАВга кириб бориш, айниқса, фойдаланиш осон бўлган аудио-видео кассеталарни тарқатиш билан шуғулланади. Ислом фундаментализми учун умумий мақсад гўёки динсиз ёки «соф исломдан чекинган» давлат раҳбарларига суиқасд қилиш ва исломда «ширк»ка (бутпарастликка) барҳам бериш. Транспорт ва коммуникация воситалари шиддат билан ривожланиб бораётган, халқаро алоқалар тобора эркинлашаётган ҳозирги даврда ислом фундаментализми вакиллари ўз ҳаракатларини бутун дунё бўйлаб ёйишга интилмоқда. Кейинги вақтда рўй бераётган террорчилик ҳаракатлари бу ҳодисанинг на қадар хавфли экани ва унга қарши бирлашган ҳолда курашиш лозимлигини яққол кўрсатмоқда. «фундаментализм» тушунчасини кенг шарҳлаганда, жамият ҳаётининг нафақат диний, балки сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий ҳаётида рўй бераётган шундай хусусиятга эга бўлган ҳодисаларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Баъзи тадқиқотчилар бундай ҳодисаларни «сиёсий фундаментализм», «иқтисодий фундаментализм», «маданий фундаментализм» тушунчалари тарзида изоҳлашга уринмоқда. Муайян сиёсий таълимотнинг жамият ҳаётига тўла татбиқ қилинишига уриниш ёки бундай таълимотнинг мутлақлаштирилиши сиёсий фундаментализмни келтириб чиқаради. Масалан, собиқ Иттифоқ даврида ягона коммунистик мафкуранинг мутлақлаштирилиши натижасида жамиятнинг ҳар бир соҳаси мана шу мафкура асосида бошқарилди, фан, санъат, маданият шу мафкура манфаатларига бўйсундирилди. Ёки фашизм ғоясининг замирида ҳам мана шундай мақсадлар мавжуд бўлган эди.

 

Жамият ҳаётида кенг миқёсда маданий ўзгаришлар содир этилаётган ёки маданиятлар ўрин алмашаётган вазиятда маданий фундаментализм вужудга келади. Бунинг ёрқин мисоли сифатида собиқ Иттифоқ заминида халқларнинг ўзаро муштарак маданиятлардан чекиниб, янги маданиятга юз тута бошлаган даврни келтириш мумкин. Бунда миллатчилик руҳидаги низолар, муайян маконда ўзига хос маданиятни шакллантиришга бўлган уринишлар натижасида турли даражада кўнгилсизликлар келиб чиққан эди. Бундай ҳолатлар этник фундаментализм билан алоқадорликда ҳам келиб чиқиши мумкин. Умуман олганда, мазкур атаманинг хусусиятлари ҳамда қайси замон ва маконда пайдо бўлиши, йўналиш ва функциялари, мақсадларига қараб ижобий ёки салбий жиҳатларини аниқлаш мумкин. Масалан, фандаги фундаментализмнинг мақсади билиш бўлса, диний ёки сиёсий фундаментализмнинг мақсади ҳокимиятни эгаллаш ёки жамиятда ўз тартиб-қоидаларини мустаҳкам ўрнатишдан иборат. Инсоният тарихи мана шундай можаролар ва уларга қарши кураш билан ўтган, бундан кейин ҳам бу жараён тўхтаб қолмайди. Бу каби вазиятларда фақат эзгуликка интилиш билан фожиаларнинг олди олинган. Зеро, халқ тафаккурида юксак ахлоқий-маънавий қадриятларни қарор топтириш орқали уни ёвуз кучларга қарши курашга сафарбар этиш мумкин.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 7
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 28
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 163
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6378
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4941
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4585
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4012
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2987
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2906
Туғилган кун

//