Ташаббус. Ташаббускорлик


Сақлаш
16:10 / 30.10.2023 0 423

Ташаббус – бирор ишни бошлаш, даъват этиш билан боғлиқ хатти-ҳаракат, ғайратни англатувчи тушунча. Инсон маълум бир мақсадларга интилиш билан ҳаёт кечирар экан, турли шароитларда иш олиб боради. Ана шундай шароитларда кўзланган мақсадни англаб етиш ва унга эришишнинг илғор йўлларини топишга интилиш ташаббусни келтириб чиқаради. Маънавий нуқтаи назардан ташаббус инсон дунёқарашининг тетиклиги, соғломлигини, қийинчиликларни енгиб ўтишга қодирлигини ифодалаб, ҳаётга кўтаринки руҳ ва ижобий кайфиятда муносабатда бўлишни англатади. Ташаббус ҳар бир инсонга, гуруҳга, миллат ва халққа тегишли бўлиши, расмий, норасмий, объектив ва субъектив, яширин ва очиқ, функционал ва нофункционал, назарий ва амалий, ижобий ёки салбий каби кўринишларда рўй бериши мумкин. Ташаббуснинг инсон маънавиятига таъсири одамларни хайрли ва эзгу ишларга сафарбар қилиш, уюштириш хусусиятида яққол кўзга ташланади.

 

Ташаббускорлик – фаолият жараёнида бирор ишни бошлаш, даъват этиш, ижодий ёндашишда намоён бўладиган шахс хусусиятини англатувчи тушунча. Ташаббускорлик белгиланган мақсад ёки иш, ҳаракатни амалга оширишда ўзига хос услубдан фойдаланиш ва уни шу мақсад ёки ишга алоқадор барча кишилар томонидан қўллаб-қувватланишига эришишни ҳам ифодалайди. Ташаббускорлик касбга, соҳага, индивидуал ёки ижтимоий масала кабиларга қаратилган бўлиши, моддий, маънавий, ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий, маданий ва ҳоказо мақсадларни ифодалаши мумкин. Ёшлар маънавиятида ташаббускорликни шакллантириш замон талабидир. Бу соҳадаги адабиётларни ўрганиш шуни кўрсатадики, масалан, бола шахсининг ташаббускорлиги, ижодий имкониятлари юқори бўлиши бир-бири билан узвий алоқадор бўлган бир қатор омилларга боғлиқ. Бола ирсияти, асаб тизими, темпераменти ва билиш жараёнлари хусусиятлари билан бирга, унинг шахси шаклланаётган ижтимоий психологик муҳит хусусиятлари, атрофдаги кишиларнинг (оила, синфдошлар, педагоглар ва бошқа) интеллектуал даражаси, таълим-тарбия жараёни ижодий қобилиятларнинг ривожланишига қай даражада мувофиқлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Мутахассислар фикрича, оилада болага меҳрли муносабат, уларда ижодий иқтидор ва тафаккурни ривожлантириш ижодий, мустақил фикрлаш қобилияти ва ташаббускорликнинг шаклланишига ижобий таъсир кўрсатади.

 

Таълим-тарбия жараёнининг ёшларда ташаббускорликни ривожлантиришга мос бўлиши барча таълим муассасаларида (боғча, мактаб, лицей, коллеж, университет) таълим берувчи ва таълим олувчилар муносабатларини демократлаштириш, ўқитувчининг мавқеига нисбатан қарашни, таълим шакли, мазмуни ва технологияларига янгича, яъни инновацион ёндашувни жорий қилишни тақозо этади. Бундай янгича ёндашув, энг аввало, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги маънавий муносабатни тубдан ўзгартиришни талаб этади. Кўп ҳолларда, мактаблардаги жараёнларда ўқитувчи ҳукмрон бўлиб, улар ўзларини асосан билим, маълумот узатувчи ва ёшларнинг хулқ-атвори бўйича ўз фикрлари, маслаҳатлари, кўрсатмаларини билдирувчи сифатида тутадилар. Бундай ҳолат таълим олувчиларда ижодий, эркин фикрлаш қобилиятини, ташаббускорликни ривожлантиришга эмас, балки тайёр билимлар захирасини пассив ўзлаштириш, мажбурий итоаткорликни шакллантиришга мосдир. Таълим шакллари ва анъанавий таълим технологиялари асосан ўқитувчи фаоллигига таянади. Бугунги кунда жорий қилинаётган таълимга янгича ёндашув, инновацион таълим технологиялари кўпроқ таълим олувчилар фаоллигига асосланади, уларда мустақил ўрганиш эҳтиёжи ва кўникмаларини шакллантиради.

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//