Тафаккур


Сақлаш
15:10 / 30.10.2023 0 593

Тафаккур (арабча фикрлаш, ақлий билиш) – инсон маънавиятининг таркибий қисми, билишнинг оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг умумий, муҳим хусусиятларини аниқлайдиган, улар ўртасидаги ички, зарурий алоқалар, яъни қонуний боғланишларни акс эттирадиган ақлий босқичи. Тафаккур ибораси арабча «фикр» сўзидан келиб чиққан бўлиб, ўйлаш, муҳокама, мушоҳада ва фикр юритиш маъноларини билдиради. Тафаккур қуйидаги асосий хусусиятларга эга:

1) унда воқелик умумлашган ҳолда акс этади. Ҳиссий билишдан фарқли ўлароқ, тафаккур бизга нарса ва ҳодисанинг номуҳим, иккинчи даражали (бу, одатда, билиш олдида турган вазифа билан белгиланади) белгиларидан фикран четлашган, мавҳумлашган ҳолда, эътиборимизни унинг умумий, муҳим, такрорланиб турувчи хусусият ва муносабатларига қаратишимизга имкон беради;

2) тафаккур борлиқни билвосита акс эттиради. Унда янги билимлар тажрибага ҳар сафар бевосита мурожаат этмасдан, мавжуд билимларга таянган ҳолда ҳосил қилинади. Фикрлаш бунда нарса ва ҳодисалар ўртасидаги алоқадорликка асосланади;

3) тафаккур инсоннинг ижодий фаолиятидан иборат, бунда нарса ва ҳодисаларнинг энг мураккаб хусусиятларини ўрганиш, ҳодисаларни олдиндан кўриш, башоратлар қилиш имконияти вужудга келади;

4) тафаккур тил билан узвий алоқада мавжуд бўлади, яъни фикр маънавий ҳодисадир. У фақат тил орқали, моддий ҳодиса (товуш тўлқинларида, график чизиқлар) тарзида реаллашади, бошқа кишилар бевосита қабул қила оладиган, ҳис этадиган шаклга киради ва одамларнинг ўзаро фикр алмашиш воситасига айланади.

 

Бошқача айтганда, тил фикрнинг бевосита воқе бўлиш шаклидир. Психологларнинг таъбирича, фикрлаш, яъни тафаккур мияда содир бўладиган жараён бўлиб, сезги органлари ожизлик қилган ўринларда одам ва оламнинг хусусияти тафаккур орқали ўрганилади. Тафаккур ақлий фаолият, онгли хатти-ҳаракатлар мажмуи бўлиб, теварак атроф, ижтимоий муҳит ҳамда борлиқни билиш асоси, инсон фаолиятини оқилона, самарали ташкил қилишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Киши фикрлаш жараёнида ўзи кўрган, идрок қилган, сезган, тасаввур этган нарса ва ҳодисаларнинг тўғрилиги, аниқлиги ҳамда борлиққа мунтини англайди. Тафаккур одам ва олам сирларини ўрганишда ҳосил бўлган қараш, тушунча ва фаразлар мажмуи, у орқали инсон хулоса ҳамда мулоҳазаларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини билиб олади. Бу жараёнда у мулоҳаза юритиб, мазкур жараён ва ҳодисалар ўртасидаги муносабатларни, ўзига хос хусусиятларни, уларни бир-бири билан боғлаб ёки ажратиб турган жиҳатлари ҳамда фаолиятини ўрганади. Тафаккур жараёни фақат инсоннинг мияси билан эмас, балки қалби ва руҳияти билан ҳам узвий боғлиқликда кечади. Фикрловчининг ички дунёси қанчалик бой бўлса, унинг фикрлаш савияси ҳам, хатти-ҳаракати ҳам шунга яраша бўлади. Инсон фикрининг теранлиги, тиниқлиги, мантиқийлиги, эркинлиги, мустақиллиги, бадиийлиги, ижодийлиги тафаккурнинг сифатлари ҳисобланади. Инсон дунёни тафаккурнинг айнан шу шакллари орқали англайди, уни ўзига хос тарзда тасвирлайди, хулосалар чиқаради. Руҳияти уйғоқ, қалби беҳаловат одам бирор нарсага меҳр қўяди, ўзида яратиш, ижод қилиш, кашфиёт очишга эҳтиёж сезади. Бу эҳтиёж эса уни ҳаракатга ундайди, маънавий камолот сари етаклайди. Инсон борки, у фикр юритиш қобилиятига эга. Мутафаккир иборасининг ўзаги ҳам фикрдир. Лекин ҳар бир фикр юрита оладиган кишига нисбатан мутафаккир иборасини қўллаб бўлмайди. Юксак, теран ва атрофлича фикр юрита оладиган, ижтимоий фаолиятидан эл-юртига катта наф тегадиган тарихий шахслар, атоқли сиймоларнигина мутафаккир дейиш мумкин. Ал-Хоразмий, ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби буюк олимлар, Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Алишер Навоий сингари улуғ адиб ва шоирлар, имом Бухорий, имом Термизий, Нажмиддин Кубро, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби уламолар айни пайтда мутафаккирлар ҳисобланади. Соҳибқирон Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳусайн Бойқаро ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби темурийлар мутафаккир зотлар эди. Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро ва Бобур фаолиятида давлат тафаккури устунлик қилган бўлса, Улуғбек фаолиятида илмий тафаккур етакчи эди. XX асрнинг биринчи чорагида ўзбек жамиятида етакчи ғоя жадидчилик эди. Мунавварқори Абдурашидхон ўғли, Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирийлар ҳам халқимизнинг мутафаккир фарзандлари эдилар.

 

Инсон тафаккури турларига хос хусусиятларни текшириш ва таҳлил қилиш натижасида мустақил фикрлаш инсон олдида турган муаммолари, мақсад ва вазифалари белгиланган ҳолда ўз билими, дунёқараши ва ҳаётий тажрибаларига таяниб, турли йўл ва усул, воситалари ёрдамида ўзининг интеллектуал имкониятлари даражасида мустақил равишда ҳал қилишдан иборат бўлган ақлий фаолиятдир. Киши тафаккури мустақиллиги белгиларидан бири – ташаббускорлик бўлиб, у инсоннинг ўз олдига аниқ мақсад, яққол вазифалар қўйиш, уларни амалга ошириш йўлидаги муаммолар ечимини топиш, ниҳоясига етказиш учун зарур бўлган усул ва воситаларни ўзи белгилашида намоён бўлади. Бу фаолиятнинг аниқлиги, вазифаларни бажариш жараёнида янги усул ва воситаларни тез топиш, саралаш ҳамда қўллаш натижанинг салмоғида кўринади. Тафаккур мустақиллигининг танқидийлиги эса мустақил фикрловчини воқеа-ҳодисаларга муносабати, унинг хусусиятлари, муҳим-номуҳим жиҳатларини ажрата билишида сезилади. Мустақил тафаккурга эга бўлмаган кишилар тайёр қарашлар асирига айланади ва уларда тафаккурнинг ўсиши ўзининг табиий даражасидан орқада қолади. Тафаккур қарамлиги, қуллиги жамият ривожига, миллат тараққиётига тўсиқ бўлади. Тафаккур ўзгармаса турмуш ҳам ўзгармайди. Шунинг учун ҳам фикрнинг мустақиллиги унинг сермаҳсуллиги, самарадорлигини таъминлайди. Қай бир инсон томонидан муайян вақт ичида маълум соҳа учун қимматли ва янги фикрлар, ғоялар, тавсиялар яратилган, назарий ва амалий вазифалар ҳал қилинган бўлса, бундай кишининг тафаккури сермаҳсул, самарали саналади. Демак, муайян вақт оралиғида мустақил равишда бажарилган иш кўлами ва сифати (тафаккурининг кенглиги, чуқурлиги, танқидийлиги асосида) тафаккур мустақиллигининг ўлчови бўлиб хизмат қилади. Зеро, тафаккур мустақиллигига эришиш, яъни мустақил фикр соҳибларини тарбиялаш ва шакллантириш бугунги ўзбек тараққиётининг муҳим маънавий омилларидан бири ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//