Бир куни...
Тарихий ҳақиқат – тарихда юз берган бирор ҳодиса ёки воқеаларнинг қачон, қандай объектив ва субъектив шарт-шароитлар асосида юз берганлигини илмий манбалар асосида аниқ акс эттирган билимларни англатувчи атама. Тарихий ҳақиқатнинг бузилиши тарих саҳифаларида «оқ доғлар» ва «қора доғлар»нинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу эса тарихнинг нотўғри ёзилишига сабаб бўлиб, ўтмишдаги тарихий воқеа ва ҳодисаларни билишда нотўғри ёки бир томонлама қарашларнинг қарор топишига сабаб бўлади.
Тарихни англаш ва қадрлаш – юксак маънавият туйғусини шакллантиришга қаратилган, тарих сабоқларини, эл-юрт келажаги йўлида умр кечирган инсонлар, буюк алломалар фаолиятини англаш, хотирлаш, уларга юксак эҳтиром кўрсатиш, шу тарихни яратган халқ шаънини ҳимоя қилиш орқали бугунги кун ва келажакни қадрлашни ифодаловчи тушунча. Одамзод ўзининг кечаги кунини хотирлай олсагина, тарихдан зарур хулоса ва сабоқ чиқариб, уни англаб ва қадрлаб, онгли ҳаёт кечириши мумкин. Шунинг учун ҳам хотира, англаш ва қадрлаш доимо ёнма-ён турадиган, ўзаро узвий боғлиқ тушунчалардир. Ўзликни англаш тарихни билишдан бошланади. Исботталаб бўлмаган ушбу ҳақиқат давлат сиёсатига айланиши зарур. Айни чоғда ўзликни англаш инсоннинг ўз ўтмиши ва аждодлари тарихини билиш ва қадрлашидан бошланишини уқтирмоқда. Дарҳақиқат, ўзини англаётган, ўзини тушунаётган ҳар бир одам қандай оилада дунёга келгани, ўз аждодлари кимлар бўлгани, ота-боболари нималар билан шуғуллангани ва қандай умр кечирганини билиб олишга интилади. Уларнинг фазилатлари, қадриятга айланиб кетган моддий ва маънавий мерослари билан фахрланиб яшайди. Ўз наслу насабини билиш, келиб чиқишини ўрганиш ҳар бир кишининг бу ҳаётда омонат ёки тасодифий эмаслигини англашга имкон беради. Инсон тарихни қанчалик кенг ва чуқур англаса, инсоният оламига шунчалик кўпроқ қизиқади, уни тушуниш ва мазмун-моҳиятини англашга, инсон ва ҳаёт, инсоният ва мавжудот ўртасидаги муносабатларни ўрганишга, хуллас, инсоният тарихи билан қизиқишга ҳаракат қилади. Аксинча, у ўз тарихини қанчалик унутса, ўзлигини шунчалик унутади. Бундай ҳодиса башарият тарихида – турли макон ва замонда, турли ҳолатларда юз берган. У одамзодни ҳаётни тушуниш, қонуниятларини билиб олиш, оламни англаш ва ўзини олий мавжудот сифатидаги қадриятини идрок этиш орқали бутун инсоният тарихини англашга даъват этади. Бундай ноёб маънавий-руҳий эҳтиёж комиллик ва етукликка интилиш туйғусини уйғотади. Ана шу ички туйғу инсоннинг ўз ўтмиши, аждодлари, улардан қадрият сифатида қолган моддий ва маънавий меросга қизиқиш билан қарашни тақозо этади. Бундай маънавий-руҳий эҳтиёж унинг тарихий хотираси теранлашишига, тарихий фалсафасининг шаклланишига, шу фалсафа ва тафаккур орқали ўзининг ҳаётдаги ўрнини аниқ белгилаб олишига имконият яратади, истиқболини кўра олишга рағбатлантиради. Тарихни билмаган, англамаган, уни қадрламаган, тарихдан сабоқ олмаган одам нафақат олис ва яқин аждодлари қандай яшагани, ўзи мансуб бўлган миллат қандай шакллангани, балки ўз келажагини ҳам тасаввур қила олмайди.
Биз ўз тарихимизда ҳеч қачон ҳеч кимга ҳасад, ёвуз ният билан қарамаганмиз ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилишга ҳақлимиз. Лекин, бу борада ҳам бизга қарши қаратилган маънавий таҳдидлар давом этмоқда. Мафкура соҳасида юрт равнақига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган маънавий тажовуз – бу ўзбек миллати тарихини сохталаштириш, турли хил ғайриилмий талқинлар, сиёсий шиорлар билан бизни тарихимиздан, шарафли ўтмишимиздан жудо қилишга уриниш тарзида намоён бўлмоқда. Бундай шароитда барчамиз халқимиз ва юртимизни, мустақилликни асрамоғимиз лозим, бунинг учун эса унинг ҳақиқий тарихини ўрганиш, авайлаб ҳимоялаш лозим. Қадрлаш дегани – бу асрлар давомида она юртимизни, халқимиз озодлиги ва истиқлолини, эркин ва фаровон ҳаётини мардлик ва шижоат билан ҳимоя қилган фидойи ватандошларни ёдга олмоқ, уларга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдир. Шу сабаб ҳам маънавиятнинг ажралмас таркибий қисми бўлган тарих фани истиқлол йилларида ўзининг ҳақиқий вазифасини адо этишга – халқнинг ўзлигини англатишга хизмат қилишга киришди. Тарихий хотирасиз келажак йўқлиги, тарих миллат учун руҳий озиқ эканлиги, ҳаққоний тарихни тиклаш, унинг ривожи учун барча зарурий шартшароит, имкониятлар яратилди. Кун тартибига ҳаққоний тарихни бирламчи манбалар асосида яратиш, уни холисона талқин этиш, баҳс-мунозаралар асосида тарихий ҳақиқатни тиклаш вазифаси қўйилди. Тарих ва ҳозирги замон воқеликларига мурожаат қилиш бизнинг ижтимоий тафаккуримиздан ҳаётни идрок этишнинг мавҳум ва ақидапарастлик қолипларини енгиб ўтишни, мустақил фикр юритиш ва содир бўлаётган жараёнларни холисона баҳолай олиш қобилиятини талаб этади. Қотиб қолган эски ақидалардан воз кечиш – тарих ва ўтмишдан воз кечиш дегани эмас. Кечаги ҳаётдан, тарихдан ҳеч қачон воз кечиб бўлмайди. Тарих қандай бўлмасин, биз учун ҳаётдан сабоқ ва хулосалар чиқариш учун хизмат қилади.
Эл-юрт тақдирига дахлдор тарихий адолатни тиклаш, халқ ва миллат ўтмишидаги ёпиқ саҳифаларни тўла очиб бериш, шу тарихдан сабоқ чиқариб, бугун ва келажакка онгли қарашни шакллантириш эл-юрт учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. Юртнинг, тарихнинг муқаддаслиги нима билан белгиланади? Бутун умрини имон ва эътиқод, адолат ва диёнат йўлида фидо этган зотларнинг мўътабар хоклари макон топган замингина муқаддасдир. Агар шундай аждодлар бўлмаса, улар даҳосининг нафаси сезилиб турмаса, ҳар қандай замин оддий тупроқ бўлиб қолаверади. Шу сабаб ҳам тарихий ёдгорликларни тиклаш – бу фақат тегишли маблағ ва куч-имконият топишдангина иборат эмас, балки, биринчи галда, илмий ёндашувни, нозик дид ва маҳоратни, чуқур билим, тажриба ва юксак салоҳиятни, маънавий покликни талаб қиладиган мураккаб соҳадир. Дунё ўткинчи. Дўппини бир бор айлантиргунча орадан шитоб билан йиллар ўтиб кетади. Тарихини, ўзлигини англаб етган, қалбига қулоқ солган ҳар бир инсон ўзига, мен бу фоний дунёда нима иш қилдим, яна қандай ишлар қилишга вақтим ва қурбим етади, деган саволни бериши керак. Ана шу савол инсон қалбини тозалайди, уни савобли, эзгу ишларга чорлайди. Хуллас, маънавиятда инсоннинг имон-эътиқоди, ахлоқи, тарих, ҳаёт маъносини қандай тушуниши, ички дунёси намоён бўлади. Ватан, тарих, халқ олдидаги бурчни англаш ҳам юксак маънавият белгисидир. Маънавий баркамол инсон – ўзининг савобли ишлари билан кечирган ҳаётидан рози кетади. Тарихий қадриятларга, уларни элга қайтариш, танитишга ҳаракатлардан кўзда тутилган мақсад шуки, ҳар бир инсон ўз умрини табаррук зотлар кечирган ҳаёт билан таққослар экан, кўнглидан мен ана шу салафларимизга муносиб ворисманми, деган савол ўтсин. Улар шу қадар буюк мерос қолдирибди, мендан нима қолади, деган туйғу билан ўз фаолиятини баҳоласин. Айнан юқоридаги сабабларга кўра, тарихни билиш ва қадрлаш миллий ўзликни англаш ҳамда маънавият юксалиши билан узвий боғлиқ масала ҳисобланади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ