Бир куни...
Тарихийлик – ўтмишда содир бўлган ҳар қандай воқеа, ҳодиса, жараённи конкрет тарихий вазиятда, муайян шарт-шароит, аввалги ва бўлажак воқеалар билан узвий алоқада тадқиқ этиш, ўрганиш, англаш ва ундан тўғри хулоса чиқаришни талаб этадиган илмий тамойилни ифодаловчи атама. Тарихийлик ўтмишда ва бугунги кунда содир бўлаётган воқеа, ҳодиса, жараёнларнинг одамлар онгида қандай акс этиши, тарихий адабиётлар орқали ижтимоий-тарихий ривожланиш жараёнини кузатиш, жамият ривожининг турли босқичларида тарихий билимларнинг ўсиб бориш жараёнини кузатиш имконини беради. Тарихийлик маълум босқич ёки даврда ижтимоий-сиёсий, мафкуравий муҳитнинг ҳаётга таъсирини, у ёки бу йўналишдаги ривожланиш ва таназзулга юз тутиш сабабларини аниқлайди. Тарихийлик тадқиқотларнинг қатор таҳлилий усулларида ўз аксини топади. Қиёсий тарихий усул турли тарихий даврларда тарихий маълумотлар қандай пайдо бўлиши, ҳаракатланиши, ўзгариши ва ривожланиши масалаларини ўрганишда қўл келади. Бу усул жамият тараққиётида тарихий фикрларнинг пайдо бўлиши ва ривожланиш жараёнини аниқлашда қўлланади.
Аниқ таҳлилий усул воқеа-ҳодисалар тафсилотининг келиб чиқиш сабаблари, ривожланиш жараёнини назарий ва фактик материалларнинг ўзаро алоқасида таҳлил қилади, уларнинг фанда қандай ёритилганлигини ўрганади. Мантиқий таҳлилий усуллар тарихий жараёнлар, муаммоларнинг ўзига хос хусусиятлари, тузилиши, бошқа тарихий ҳодисалар билан боғлиқлигини ўрганишда қўлланади. Бошқача ифодалаганда, бу усул маълум босқич ёки даврда тарих фанининг ривожини жамият тараққиётининг асосий йўналиши билан боғлиқликда ифодалайди. Хронологик усул воқеа, ҳодиса, жараёнлар ҳақида турли босқич ёки даврда тўпланган тарихий факт ва далилларни ўзаро боғлиқликда ўрганишда қўлланади. Бу эса турли замонда илмий фикрларнинг ҳаракати, муаммога ёндашувда концепциялар, қарашлар, ғояларнинг ўзгариб боришини хронологик тартибда такрорий ёки хилма-хил жиҳатларини очиб беради. Даврийлаштириш усулида маълум бир тарихий-даврий чегарада тарих фанининг сифат, услуб ва хусусиятларининг ўзгаришига ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг таъсири, ҳар бир янги босқичда вужудга келган илмий ғояларни ҳаракатлантирувчи омил ва йўналишлари аниқланади. Ретроспектив таҳлил ҳар бир илмий адабиёт ўз даврига тааллуқли бўлиб, унинг кучли ва кучсиз жиҳатларини ўзида акс эттиришини ҳисобга олади. Бу усулдан фойдаланган тарихчининг вазифаси ўзидан аввалги босқичларда яратилган илмий асарларни замонавий билимлар нуқтаи назаридан ўрганиш, уларнинг ижобий ва салбий жиҳатларини таҳлил қилишдан иборат. Собиқ иттифоқ даврида тарих фани ҳам буюк давлатчилик, миллатчилик, партиявийлик, синфийлик ғоялари ва тамойилларининг қурбонига айланганди. Тарихийлик ва холислик тамойилига бир ёқлама салбий асосда ёндашиларди.
Ўтмишга, ўтган давр тарихига, бўлиб ўтган воқеаларга ва ўша давр арбобларига нисбатан муносабат билдирганда бор ҳақиқатни очиқ акс эттириш керак. Бу нарса ўша одамларни бадном қилиш, улардан ўч олиш ёки бошқа мақсадлар учун эмас, аксинча, шу йўл билан, аввало, ёшлар тарбиясига ижобий таъсир ўтказиш, ҳаётимиз тарихида ҳақиқатни қарор топтиришга хизмат қилади. Тарихда из қолдирган шахслар хизматлари тўғрисида улар ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган янгиликларни бермаганлигига қараб эмас, балки улар ўзларидан аввал ўтганларга нисбатан қандай янгиликлар яратганлигига қараб хулоса чиқариш тарихийлик тамойилига хос хусусиятдир. Тарихийликни вақтдан ажратиб бўлмайди. У вақт, муддат ва замонда юз берган ва маълум бир маконда вужудга келган воқеа, ҳодиса, жараёнлар бирлигини, ана шу замон ва маконда шаклланган анъаналар, турлича қарашлар, маънавий-руҳий ҳодисалар, ижтимоий муносабатлар замирида ётган маълум мақсад ва интилишларни ўзида мужассам этади. Нохолислик, синфийлик, партиявийлик тамойиллари асосида ёритилган, сохталаштирилган «тарих» кишиларни чалғитади, йўлдан уради. Тарихийлик, илмийлик, холислик тамойилига асосланган тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди. Ҳушёр, иродаси мустаҳкам, комил инсонларгина озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш жараёнининг фидойиларига айланади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ