Бир куни...
Тарихий ёдгорликлар – халқлар ҳаётидаги муҳим тарихий воқеалар, жамият ва давлат тараққиёти ҳамда тарихий шахслар, шунингдек, фан, техника, маданият ва халқларнинг маиший турмуши тараққиёти билан боғлиқ бинолар, иншоотлар, тарихий жойлар ва буюмлар. Умумий хусусиятларига кўра, тарихий ёдгорликлар археологик, меъморий ва маҳобатли санъат ёдгорликларига бўлинади, шунингдек, тарихий бадиий қимматга эга бўлган ёзма ёдгорликлар ҳам унга тааллуқлидир. Тарихий ёдгорликларнинг турлари ниҳоятда хилма-хил. Уларнинг қадимгилари археология ёдгорликлари жумласига мансуб бўлиб, булар – кўҳна шаҳарлар харобалари, қўрғонлар, манзилгоҳлар, мудофаа иншоотларининг қолдиқлари, анҳорлар, йўллар, тош ҳайкалчалар, тош битик ва суратлар, буюмлар, аҳоли масканларининг тарихий маданий қатламлари ва бошқа. Тарихий ёдгорликлар мамлакат, халқ тарихий-маданий меросининг бир бўлаги ҳисобланади. Унинг таркибига музейларда намойиш этиладиган тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳамда қўзғалмас ёдгорликлар ҳам киради. Шунингдек, маълум сана, воқеа ва шахсларни абадийлаштириш мақсадида яратилган санъат асарлари: ҳайкал, мақбара, қабртоши, эҳром, зафар тоқи ва ҳоказолар ҳам тарихий ёдгорликлар сирасига киради. Маданий ва тарихий ёдгорликларни сақлаш вазифаси умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, у маънавий тарбиянинг асосий қисмини ташкил қилади. Маданий ва тарихий ёдгорликлар муҳофазаси – инсоният маданий меросини сақлаш ва муҳофаза қилиш йўлидаги халқаро, давлат ва жамоатчилик тадбирлари тизимидан иборат. Тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, адабиёт, тасвирий ва амалий санъат асарлари, археологик топилмалар, миллий ва халқаро аҳамиятга эга бўлган мажмуалар ва бошқа давлат томонидан муҳофаза этилади. Маданий ва тарихий ёдгорликлар муҳофазаси, асосан, Уйғониш давридан бошланган. Буюк француз инқилоби даврида шахсий коллекциялар национализация қилинган ҳамда 1793 йили Лувр музейини ташкил этиш тўғрисида декрет қабул қилинган. XIX–XX аср бошларида кўпгина Европа давлатларида тарихий ёдгорликлар давлат муҳофазасига олинган.
II жаҳон урушидан сўнг ЮНЕСКО ташаббуси билан 1954 йилги Гаага конференциясида Халқаро конвенция ва «Қуролли конфликтлар рўй берганда маданият бойликларини ҳимоя қилиш тўғрисида» баённома имзоланган. Маданий ва тарихий ёдгорликлар муҳофазаси билан Халқаро музейлар кенгаши (1946), Маданият бойликларини муҳофаза этиш ва реставрация қилиш халқаро тадқиқот маркази (1959), Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза этиш бўйича халқаро кенгаш (1965) шуғулланади. Ўзбекистон ҳудудларида тарихий ёдгорликларни сақлаш ишига ўрта асрларда ҳам эътибор берилган. Хусусан, Амир Темур, Шоҳрух, Абдуллахон сингари ҳукмдорлар янги тарихий иншоотлар барпо этиш билан бирга, илгари барпо этилган тарихий обидаларини таъмирлаш ишларига ҳам аҳамият беришган. Шунингдек, ноёб тарихий ёдгорликлар ҳамда нодир қўлёзма асарлар саройга тўпланиб, махсус муҳофаза этилган. Аммо тез-тез рўй бериб турган босқинчилик ва ўзаро урушлар туфайли тарихий ёдгорликларнинг аксарияти талон-тарожга учраган ҳамда малакатдан ташқарига олиб чиқиб кетилган. Айниқса чор Россияси томонидан Ўрта Осиёнинг босиб олиниши чоғида ва мустамлака йилларида кўплаб тарихий ёдгорликлар метрополияга ташиб кетилган. Шундан кейин Ўзбекистонда тарихий ёдгорликларни давлат йўли билан муҳофаза этиш, асосан, ХХ асрнинг 20-йилларидан бошланган. 1920 йили Маориф халқ комиссарлиги қошида музейлар, санъат асарлари ва қадимги ёдгорликларни муҳофаза қилиш Туркистон қўмитаси – Турккомстарис тузилган, кейинчалик Ўрта Осиёда миллий ҳудудий чегараланишдан сўнг бу ташкилот «Средазкомстарис» деб қайта номланган. Лекин шунга қарамасдан Совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистондаги тарихий ёдгорликлар, хусусан, тарихий обидалар муҳофазаси қониқарли бўлган деб бўлмайди. Аҳолини ўз тарихидан узиб қўйиш ва эътиқодидан маҳрум қилиш мақсадида олиб борилган махсус сиёсат оқибатида тарихий ёдгорликларнинг асосий қисми ХХ асрда вайрона ҳолига келиб қолди ва маълум қисми бутунлай йўқотилди. Пахтачиликни ривожлантириш шиори остида кўплаб археологик аҳамиятга эга тепалар, маданий қатламлар шудгор остида қолиб кетди. Тарихий ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни кейинги авлодларга мерос қолдириш ишига том маънода Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритгандан кейин киришилди.
Ҳозир тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш иши билан Ўзбекистон Республикаси Маданият ишлари вазирлиги ҳузуридаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмийишлаб чиқариш Бош бошқармаси шуғулланмоқда. Республика ҳудудида ва чет мамлакатларда сақланаётган ноёб қўлёзмалар, маданий, тарихий ёдгорликлар, ҳунармандчилик, халқ оғзаки ижоди намуналари, санъат ва бадиий асарлар, театр-мусиқа, қадимги давлатчилик тарихига оид ҳужжатлар, қадимги чолғу асбобларини йиғиш, сақлаш ва бошқа билан шуғулланиш мақсадида «Олтин мерос» халқаро хайрия жамғармаси тузилган (1999 йил 12 октябрь).
Тарихий воқелик (юнонча historia – ўтмиш воқеалар ҳақида ҳикоя, бўлган ҳодисалар; лотинча realis – ҳақиқий мавжуд, реаллик) – тарихда содир бўлган бирор ҳодиса ёки воқеаларни акс эттирувчи жараённи англатувчи тушунча. Тарихий воқелик – аслида ўзгармас тушунча, яъни ўтмишни, инсоният босиб ўтган тарихий йўлни, бу жараёндаги воқеа-ҳодисаларни ҳеч қачон ўзгартириб бўлмайди. Чунки, тарих аллақачонлар рўй берган ва у орқага қайтмайди, яъни ҳеч қачон қайтадан содир бўлмайди. Тарихий воқелик маънавий нуқтаи назардан инсонларнинг бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқариши масаласида катта аҳамият касб этади. Асосийси уни қай тарзда ўрганиш, ўзлаштириш ва талқин қилишдадир. Бу борада холислик, ҳаққонийлик, илмийлик асосий мезон ҳисобланади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ