Бир куни...
Тарих – табиат ва жамиятдаги ҳар қандай ўзгариш ва ривожланиш жараёнини ифодаловчи атама; инсоният ва унинг ҳаёти, авлодлар алмашуви, цивилизациялар, жамият ва давлатлар шаклланиши, ўтмиши ва тараққиёти билан боғлиқ жараёнларни ўрганувчи фан. Маънавиятини тиклаши, туғилиб ўсган юртида ўзини бошқалардан кам сезмай, бошини баланд кўтариб юриши учун инсонга, албатта, тарихий хотира керак. Ким бўлишидан қатъи назар, жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз ўтмишини яхши билса, бундай одамни йўлдан уриш, ҳар хил ақидалар таъсирига олиш мумкин эмас. Тарих сабоқлари инсонни ҳушёрликка ўргатади, иродасини мустаҳкамлайди. Инсон учун Тарихидан жудо бўлиш – ҳаётдан жудо бўлиш демакдир. Бу ғоянинг замирида халқимизнинг ўзлигини англаши ётади. Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб эса ўзликни англаш мумкин эмас. Тарих фани – инсониятнинг бутун ўтмиши давомида жамият ҳаётида содир бўлган воқеа, ҳодиса ва жараёнларни яхлит тарзда ўрганади. Бу фан ижтимоий-гуманитар фанлар (фалсафа, сиёсатшунослик, социология, иқтисод, психология, санъатшунослик ва бошқа) тизимининг таркибий қисмига киради. Турли ижтимоий ва гуманитар фанлар инсон ва жамият ҳаётининг алоҳида жиҳатларини ўрганса, тарихнинг тадқиқот мавзуи – аҳоли, жамият, мамлакат, давлат ҳаётининг ўтмиши ва ҳозирги даври хусусидаги далил ва маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш, тўпланган билимларни маълум бир тизимга солиш ва назарий жиҳатдан умумлаштиришдир. Тарих фани мозийда содир бўлган воқеа, ҳодиса ва жараёнлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, уларнинг илдизи, тарихни ҳаракатлантирувчи сабаблар, унинг мантиғи ва маъносини кўриш имконини беради. Қачон, қаерда, қандай сабабга кўра қандай воқеаҳодиса юз берган, оқибати нима билан якунланган, унинг бизга, ҳозирги замонга қандай дахли, аҳамияти бор, деган саволларга жавоб топиш орқали биз тарихдан сабоқ оламиз, уни англаймиз. Инсон, жамият ва таназзулга олиб келадиган йўллардан эса воз кечамиз. Ижтимоий ва гуманитар фанлар ҳам, табиий билим соҳалари ҳам тарих тадқиқотлари натижасига таянади.
Ҳозирги замон тарих фани алоҳида бўлим ва соҳалардан ташкил топган билимлар мажмуасидир. Ихтисослашиш даражасига қараб, уларни бир неча гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳни жамтнинг (жаҳон тарихи) бутун ва алоҳида томонларини ўрганувчи бўлим ва соҳалар ташкил этади. Жаҳон тарихи, ибтидоий жамият тарихи, қадимги дунё тарихи, ўрта асрлар тарихи, янги ва энг янги тарих шулар жумласидандир. Ҳудудий-географик тамойилга кўра, тарихан бир-бири билан боғлиқ йирик минтақалар (Европа ва дунёнинг бошқа қисмлари, Қадимги Шарқ, Марказий Осиёнинг баъзи минтақалари), алоҳида мамлакатлар ва халқлар тарихига ажратилади. Мажмуавий муаммоларни тадқиқ этиш ҳар бир гуруҳ мамлакатлар ва халқлар тарихини (Уйғониш даври, Реформация тарихи ва бошқа) ўрганиш заруриятидан келиб чиқади. Жаҳон тарихига глобал ёндашув билан бир қаторда микро тарих (шаҳар ва қишлоқлар, алоҳида шахслар, кундалик маиший турмуш) ҳам ўрганилади. Тарихнинг алоҳида томонларини ўрганиш тарих фанининг алоҳида соҳаларини ажратишни тақозо этади (масалан, ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, дин, фан, маданият, санъат, интеллектуал, дипломатия тарихи ва бошқа). Иккинчи гуруҳни ёрдамчи ва махсус тарих фанлари ташкил этади. Уларни алоҳида фанларга ажратилиши ва ривожланиши тарих фанининг хусусий тадқиқот усулларини ишлаб чиқиш заруратидан келиб чиқади. Бунда антропология, археология, этнология мустақил ўринга эга. Ёрдамчи тарих фанларига – манбашунослик, археография, палеография, геральдика, хронология, метрология ва нумизматика киради. Махсус гуруҳ – бошқа фанлар эҳтиёжидан келиб чиқади (масалан, табиий фанлар тарихи, техника тарихи, давлат ва ҳуқуқ тарихи). Тарих фанининг тарихини эса тарихшунослик ўрганади. Тарих фани асрлар мобайнида қўлёзма асарларда ифодаланган ҳаёт, воқеа-ҳодисалар, тарихий шахслар ҳақида ҳикоя қилишдек оддий баёнчиликдан, муайян цивилизация ҳаётининг шаклланиш босқичлари ва умумий қонуниятларини аниқлаш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва назарий хулосалар чиқариш каби мураккаб илмий йўлни босиб ўтган. Энг қадимий тарихимиз хусусида маданий ёдгорликлар ва археологик топилмалар маълумот беради. Асрлар давомида сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаёт тарихи ҳақида маълумотлар, Сарой йилномалари, тарихчилар, хонлар, подшоҳлар томонидан битилган қўлёзма манбалар шаклида жамлана борган. Ўрта асрлар тарихшунослигида Амир Темур ва темурийлар тарихи айниқса муфассал ёритилган.
Нодир қўлёзма манбаларда Ўрта Осиё мамлакатларининг географик ҳолати, йирик шаҳарлари ва аҳолиси, уларнинг турмуш тарзи ва машғулотлари, карвон йўллари, урушлар, ғалаёнлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётига доир турли маълумотлар баён этилган. Ўрта Осиё Россия мустамлакасига айлантирилгач, истибдод тузуми тартиботлари тарих соҳасидаги илмий тадқиқот кўлами ва мавзусига ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Ўша давр тарихчиларининг Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон тарихига оид асарларининг аксарияти ўзининг бир ёқламалиги, метропология манфаатларига хизмат қилишга мўлжаллангани билан ажралиб туради. ХХ аср бошларида миллий даврий матбуот саҳифаларида тарих муаммоларига оид мақолалар эълон қилина бошлаган. Жадидчилик ҳаракати намояндалари мамлакат ривожи, миллат тараққиёти, ўзликни англашда тарих фанига алоҳида эътибор қаратганлар. Хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий комил инсон тарбияси маънавият-маърифат тараққиёти, жамиятни бошқаришда тарих фанининг ўрни беқиёслигини таъкидлаб, асарларида фақатгина Ватан тарихини эмас, Европа ва жаҳон мамлакатлари тарихини билиш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирган. Унинг «Мозий истиқ болнинг тарозисидир», деган ғояси тарих тажрибасида ўзининг ҳақлигини тўла исботлади. Октябрь тўнтариши амалга оширилгач, совет тузумининг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, унга хос бўлган илмий тадқиқотни ташкил этишнинг шакл ва усуллари, мақсад ва вазифалари, методологиясини ишлаб чиқиш масаласи илгари сурилди.
Коммунистик мафкура томонидан асосий эътибор партия тарихи йўналишига қаратилди, тарихий изланиш мактаблари йўқ қилиб ташланди. Тарих фанини жадаллик билан сиёсийлаштириш ва ғоялаштириш жараёни юз берди, услубиётда «синфийлик», «партиявийлик» тамо йили юзага келиб, «Тарихни синфнинг ўзи яратади» деган қоида қарор топди. Тоталитар тузум зиддиятларига қарамай, ўта мураккаб шароитда олий таълим тизимида тарих таълимининг вужудга келиши билан мутахассис тарихчи кадрлар тайёрлана бошлади. Тарих фанининг ташкилий асослари мустаҳкамланди. Ўрта Осиё Давлат университети, Самарқанддаги Олий педагогика институтида қўлёзма китоблар, вақфнома ва васиқалар йиғилиб, илмий таҳлил қилинди. 1943 йилда тарих институтининг ташкил этилиши тарих фани ривожида муайян босқич бўлди, тадқиқотларни маълум илмий йўналишлар ва режа асосида амалга ошириш йўлга қўйилди. Кейинчалик тарих ва археология институти тарихий тадқиқотлар бўйича илмий марказга айланди. Аммо тарих фани ниҳоятда сиёсийлаштирилиб, илмий-тарихий тафаккур ҳукмрон идеология қаттиқ назорати остида бўлгани туфайли жуда кўп масалаларнинг асл моҳиятини кўрсатиб, ёритиб бериш имкони бўлмади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, тарих фани собиқ мафкурадан озод бўлди. Жамият ҳаётида амалга ошаётган муҳим ижтимоий жараёнлар тарих фани олдига ўзбек халқининг ҳаққоний тарихини яратиш, унинг тараққиёт ва жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ва ролини аниқлаш, тарихий билимларни оммалаштириш ва тарғиб қилиш орқали миллатнинг маънавий-ахлоқий қадриятлари, маданияти, қадимги анъаналарини тиклаш имконини яратди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Фанлар Академияси Тарих институти фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 1998 йил 27 июль қарори бу борада муҳим аҳамиятга эга бўлди. «Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи» концепцияси ишлаб чиқилди. Мамлакатда тарих фани соҳасида илмий тадқиқот ушбу концепция доирасида амалга оширилмоқда. Тарихчилар миллатга унинг ҳаққоний тарихини кўрсатиб, исботлаб беришлари керак. Зотан, тарих – халқ маънавиятининг асосидир; биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарурлиги таъкидланиб, тарихчилар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Илгариги даврда ўрганиш тақиқланган, нотўғри талқин этилган мавзулар, жараёнлар тарихийлик тамойили, илмий холислик асосида – миллий мустақиллик асосида қайтадан ўрганилди. Махсус «Ўзбекистон тарихи» журнали чоп этила бошланди (1998). «Ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи» республика мунтазам илмий семинари ташкил этилди. Бугунги кунда тарих фанининг таълим тизимидаги ўрни ва аҳамияти янада ортди. Тарихчиларнинг халқаро илмий ҳамкорлигининг кенг имкониятлари вужудга келди. Ўзбекистон тарих фанининг долзарб муаммолари бўйича халқаро илмий анжуманлар ўтказиладиган марказга айланиб бормоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ