Бир куни...
Тарбия – авлодлараро ижтимоий-тарихий ва ҳаётий тажрибани узатишга хизмат қиладиган, оила, таълим муассасалари, ижтимоий, сиёсий ва бошқа ташкилотлар, ОАВ ва бошқа таъсири остида жисмонан соғлом, маънан баркамол инсонни шакллантириш ва такомиллаштириш жараёнини англатувчи тушунча. Тарбия инсонга индивидуал ва ижтимоий, онгли ва онгсиз таъсирларнинг йиғиндисини мужассамлаштиради, якка кишига, маълум бир жамоага, халқ ёки миллатга қаратилган бўлиб, давлат ва жамият қурилиши ҳамда ривожланишида муҳим аҳамиятга эга. Турли жамоат ташкилотлари, фан, техника, адабиёт, санъат, ОАВ, радио ва ТВ, тарғибот-ташвиқот ишлари ҳам ижтимоий тарбияга кучли таъсир кўрсатади. Ёш авлодни тиббий кўрикдан ўтказиш, жисмоний чиниқтириш ҳам тарбияга киради. Маълумки, тарбиянинг асосий турлари иккита: оилавий ва ижтимоий. Оила тарбияси оилада ота-оналар, бобо ва бувилар, умуман катта ёшли қариндошлар томонидан болаларни тарбиялашдир. Азалий ўзбек удумига биноан ота-оналар билан бирга бобо-бувиларнинг тарбиявий таъсири кучли. Чунки ҳаётликларида бобо ва бувилар оиланинг маънавий раҳбарлари бўлишган. Амир Темур, темурийлар хонадонида ўрнатилган тартибга кўра, шаҳзодалар тарбияси билан уларнинг оналари эмас, бувилари шуғулланишган. Шаҳзодалар кўкракдан ажратилиб, эсини таниб, ўзўзини эплай бошлагач, бувилари измига ўтказилган. Масалан, Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегим бўлса-да, унинг оилавий тарбияси билан Сароймулкхоним шуғулланган. Амир Темурнинг ўзи ҳам фарзандлари ва неваралари тарбиясига жиддий аҳамият бериб, доимо назорат қилиб турган. Оилавий тартиб, яъни оила аъзоларининг бир-бирларига муносабати, ота-она ва бошқа катта ёшли қариндошларининг хулқ-атвори, маданий ва сиёсий савияси, муомала маданияти, оила даромади, яшаш шароити ва шу каби омиллар оила тарбиясининг асосидир. Оила қанчалик тартибли, яхши хулқ-атворли, аъзоларининг ўзаро муносабатлари самимий бўлса, оилавий тарбия ҳам шунчалик самарали бўлади.
Тарбия тизимида асосий ўринлардан бирини умумий таълим мактаблари эгаллайди, чунки, эндигина оила таъсирида бўлган ёш ниҳол, умумий таълим мактабларининг режалаштирилган тарбиявий таъсир доирасига киради. Ўша кундан эътиборан, мурғак қалб фаолиятини жамият, миллат манфаати томон буриш учун дастлабки қадам ташланади. Умумий таълим мактабларида амалга оширилаётган тарбиявий ишлар жамиятнинг бошқа ижтимоий институтлари, оила, мактабгача тарбия муассасалари, ўрта махсус ва олий ўқув юртлари, меҳнат жамоалари, турли жамоат ташкилотлари, маданий-маърифий муассасалар, уюшмалар амалга ошираётган бир бутун, тарбиявий таъсир доирасида бўлиб, бу борадаги мақсадли фаолиятнинг таркибий қисмидир. Баркамол шахс тарбияси, уни тўғри амалга ошириш, ижтимоий, маънавий ва маданий ҳаётга тайёрлашдан иборат. Тарбия мураккаб жараён бўлиши билан бирга, ҳар бир мамлакат ва миллат учун ғоят долзарб масала ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган фикрни бежиз айтмаган. Тарбия асосан икки негизга – ахлоқ ва оқилликка таянмоғи лозим: биринчиси – яхши фазилатларни ўстирса, иккинчиси – ўзгалар иллатидан ҳимоя қилади (А.Шамфар). Тарбия аждодларимиз тўплаган яхши фазилат ва хислатлар, қадриятлар, шунингдек, улар тўплаган тарихий ижтимоий тажриба, барча билим ва илмларни билиш манбаидир. Тарбия тарбия берувчининг профессионал маҳоратини ифодалайди. Шу боисдан, тарбия маҳорат, баъзан санъат сифатида талқин қилинади. У инсонни мустақил шахс бўлиб камол топишида ҳал қилувчи омил, жамият амалга оширган тарбиявий ишларнинг натижаси, деб ҳам ҳисобланади.
Тарбия муайян мақсадга қаратилган, аниқ дастур, режа асосида амалга ошириладиган онгли амалий фаолиятдир. Бундай тарбиявий таъсир инсон фаолиятини маълум бир ижтимоий гуруҳ, табақа, шахс ёки миллат манфаати томон йўналтиради. Инсон шахси ҳамма вақт ҳам фақат онгли, режали тарбиявий таъсирнинг маҳсули эмас. Инсон шахсининг камолотида ҳеч қандай дастурсиз, режасиз, стихияли тарзда амалга ошириладиган таъсирнинг (дўсту биродарлар, ҳамкасблар, қариндош-уруғлар суҳбати, бозор ёки чойхонадаги гурунг ёхуд аждодларимиздан мерос бўлиб қолган меъморий ёдгорликлар, табиат манзараларининг таъсири ва бошқалар) ҳам аҳамияти беқиёсдир. Тарбиянинг оммавий, гуруҳий ва шахсий шакллари мавжуд. Истиқлол туфайли мамлакатимизда таълим ва тарбияга бўлган муносабат ўзгарди. Мустабид тузумга хос синфий, партиявий қарашларга барҳам берилиб, баркамол авлод, ҳар томонлама камол топган комил инсонни, шахсни тарбиялашга эътибор кучайтирилди. Шу жиҳатдан, «Таълим тўғрисида»ги Қонун ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда ёш авлодни эзгу ғояларга садоқат руҳида тарбиялаш, аждодларимиз меросига таяниш, оила муқаддаслигини сақлаш, фарзандларимизни юртпарвар ва элпарвар, юксак эътиқодли, одоб-ахлоқли ва баркамол этиб тарбиялаш барчамизнинг зиммамиздаги асосий, масъулиятли вазифадир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ