Бир куни...
Терроризм (лотинча terror – қўрқув, даҳшат) – юксак маънавий тамойилларга зид равишда ёвуз мақсадлар йўлида куч ишлатиб, одамларни гаровга олиш, ўлдириш, ижтимоий объектларни портлатиш, халқни қўрқув ва ваҳимага солишга асосланган зўравонлик усулини англатувчи тушунча. Қўрқитиш ва даҳшатга солиш орқали ўз ҳукмини ўтказишга уриниш терроризмга хосдир. У сиёсий, иқтисодий, диний, ғоявий, ирқий, миллий, гуруҳий ва индивидуал шаклларда намоён бўлиши мумкин. Таъқиб, зўравонлик, қўпорувчилик ва қотиллик терроризмнинг ҳар қандай кўриниши учун умумий хусусият бўлиб, буларнинг барчаси инсонпарварлик ғоялари, демократия, адолат тамойилларига зиддир. Шунинг учун терроризм қандай ниқоб остида амалга оширилмасин, моҳиятан, инсониятга, тараққиётга, эзгуликка қарши жиноятдир. Терроризмга ҳозирги кунда аниқ, ҳамма учун тушунарли ва мукаммал таъриф бериш осон эмас. Чунки у ўта мураккаб феномендир. Бундан ташқари, террорчи кучларга бўлган турлича муносабат унга аниқ таъриф беришни ҳам қийинлаштирмоқда. Террор усулларидан консерватив, инқилобий, диний, миллатчи руҳдаги кучлар ҳам фойдаланиши мумкин, лекин уларнинг асосий моҳияти ва мақсад-муддаолари сиёсий тусга эгадир. Терроризмнинг умумий жиҳатлари ва асосий кўринишларини ўрганишда, авваламбор, унинг таърифини, нисбий бўлса ҳам, аниқлаштириб олиш керак.
Терроризм муайян гуруҳнинг рухсат этилмаган ҳолатда онгли равишда куч ишлатишидир. Бунда террорчилар аниқ мақсадни кўзлайди ва ўзини тўла ҳақ деб билади. Бундан шу нарса аниқ бўладики, террорчилардаги мавжуд куч мақсадни амалга оширишда ижтимоий-сиёсий муҳит билан бевосита алоқадорликда бўлади. Шунинг учун бирон-бир сабабга асосланган ёвуз мақсад терроризмга олиб боради. Терроризм кўп ҳолатларда кенг миқёсдаги ҳарбий кучлар билан алоқадор бўлади ва бундай мисоллар тарихда бир неча бор кузатилган. Бундан ташқари, у баъзи давлатларнинг ўзи томонидан ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда икки хил шаклда куч ишлатилади: жазо бериш органлари ёки ҳарбий кучлар томонидан. Бунда террор сиёсий мақсадларни амалга ошириш ёки аниқ бир режимни жорий қилиш учун амалга оширилади. «Терроризм» тушунчаси ҳамиша террористик ҳаракатнинг тез суръатда амалга оширилишини билдиради. Бундай ҳодиса сиёсий, этник, диний ва бошқа кўринишларда намоён бўлади. Ғоявий терроризм сиёсий етакчилар томонидан яратилади. Бунга расмий тор доирадаги истисно қилинган ички сабаблар кўрсатилади. Этник терроризм субъекти ғоявий бўлмасдан, жамиятнинг миллий ва этник жиҳатлари билан узвий боғлиқдир. Диний терроризм муайян бир диний секта ёки гуруҳ таълимотининг жамиятда мутлақлаштирилиши оқибатида пайдо бўлади. Бунда ушбу ғоя тарафдорлари бошқалар фикри ва ғояларини кескин танқид остига олиб, рад этади ва ғоявий-мафкуравий парокандаликни келтириб чиқаради. Диний терроризмнинг хатарли жиҳати у қўллайдиган амалий чораларда кўринади. Чунки диний терроризм тарафдорлари аксарият ҳолларда қўлида қурол ва баъзан ҳарбий гуруҳларга таяниб ҳаракат қилади.
Бугунги кунда ядровий, биологик, бактериологик қуролларнинг террорчилар қўлига тушиб қолиши эҳтимоли энг катта хавфдир. Ҳозирги таҳликали замонда кишилар бошига мислсиз кулфат солаётган ва уларнинг ҳаёти, фарзандлари, мол-мулкига таҳдид қилаётган жиноий терроризм кундан-кунга кучайиб бормоқда ва жаҳон ҳамжамиятида жиддий хавотир уйғотмоқда. Иқтисодий манфаатларни кўзлайдиган ва моддий бойликларни ўзлаштиришни мақсад қилиб олган бу терроризм коррупция каби катта жиноий тизим билан узвий боғланиб кетган. Унда рақиблари ёки уларнинг яқинларини ўлдириш, ўғирлаб кетиш, зўравонлик, тажовуз билан қўрқитиб, ўз ҳукмини ўтказишга уриниш, мол-мулкини ўзлаштириб олиш йўлларидан фойдаланилади. Бунинг яна бир томони – баъзан бу террор сиёсий, этник, баъзан эса диний характер касб этмоқда. Мана шундай вазиятда террорчиларнинг мақсади ҳокимиятни эгаллашга ҳам қаратилиб, пирамидасимон характерга эга бўлиб бормоқда. Индивидуал терроризмнинг субъекти, бошқа терроризм ҳаракатларидан фарқли ўлароқ, жамоа эмас, ягона шахсдир. Индивидуал террор ҳам ўта хавфли куч ҳисобланади, негаки у жамиятнинг бошқа аъзоларига таъсир қилиши ва бунинг оқибатида террорнинг оммавий турларини келтириб чиқариши мумкин. У ўз ғояларини сингдириш орқали бошқаларни ҳам жамиятга қарши қўйиши мумкин.
Кейинги йилларда ҳатто оммавий ахборот соҳасида ҳам терроризм элементларидан фойдаланилмоқда. Муайян мафкуравий полигон лар тарқатаётган ахборотлардаги ёвуз ва зарарли ғоялар оқими, телеэкранлар орқали узлуксиз намойиш этилаётган жангари фильмлар, болаларга мўлжалланган, бузғунчи ғоялар асосида яратилган ўйинлар, компьютер тармоқлари дастурларини ишдан чиқарадиган вируслар тарқатиш шулар жумласидандир. Ўзининг ёвуз ниятларига эришиш учун ҳокимиятни қўлга киритишни кўзлайдиган кучларнинг зўравонлиги ва қўпорувчилиги сиёсий террорга мисол бўлади. Сиёсий терроризм нафақат жиноятчи гуруҳлар, ҳатто баъзи тажовузкор руҳдаги расмий реакцион сиёсий доиралар ва кучлар томонидан уюштирилиши ва қўлланиши ҳам мумкин. Чоризм империясининг колониал ва шовинистик сиёсати, совет империясининг ғоявий қатағонлари халқимизга қарши ўзига хос террор эди. Бугунги кунда ҳам мустақил ривожланиш йўлидан бораётган мамлакатимизга нисбатан ғараз ният билан қаровчи ёвуз кучлар терроризм йўли билан тараққиёт йўлимиздан чалғитишга, бизни яна қарамлик ва асоратга солишга уринмоқда. Улар ватанфуруш хоинлардан ҳам, терроризмни касб қилиб олган, буюртма бўйича қўпорувчилик ва босқинчилик билан шуғулланадиган ёлланма халқаро террорчи, жиноятчи гуруҳлардан ҳам фойдаланмоқда. Бугун жаҳон ҳамжамияти бу бало-қазоларнинг ечимини топиш устида бош қотирмоқда.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ