Бир куни...
Такаллуф – маънавий қадрият, инсонга хос ахлоқий маданиятнинг кўриниши, бошқаларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром, мулозамат шакли. Такаллуф асосида бир шахснинг иккинчи шахсга нисбатан мақтовли муомаласи ва ёқимли муносабати ётади. Инсонларнинг бир-бирига такаллуф қилиши ўзига хос маънавийлик белгисидир. Такаллуф шаклан миллий, мазмунан ахлоқий бўлгандагина инсон учун ёқимли ҳисобланади. Гарчанд, такаллуфда баъзан самимийлик устувор бўлмаса-да, бироқ унда ёвузлик, ғараз, хоинлик каби иллатлар бўлмайди. Зеро, ўрнида билдирилган ва топиб айтилган такаллуф кишига доимо ҳузур бағишлайди. Такаллуфда меъёрнинг бузилиши бачканаликка олиб келади. Такаллуф муносабатнинг энг маъқул жиҳатларини топишга шароит яратиб, ўзаро муносабатга киришиш, яъни суҳбатдошларнинг ўзаро муомаласига тегишли муҳитни вужудга келтиради. Такаллуф кишининг бир томондан, муайян масофани сақлашини англатса, иккинчи томондан, қизиқиши ва самимийлигини кўрсатади. Такаллуф ҳақида маънавий меросимизда кўплаб фикр-мулоҳазалар мавжуд бўлиб, асосан, одоб-ахлоқ қоидалари сифатида баён қилинган. Масалан, Кайковуснинг ёзишича, «Халойиқнинг орасида бир кишининг қулоғига сўз айтиш яхши эмасдур. Агар бу сўз гарчанд яхши сўз бўлса ҳам, ташқарисиндан уни ёмон сўз деб гумон қиладилар ва кўп одамлар бир-бирларидан даргумон бўладилар». Такаллуф ва яхши муомала қоидаларига оид қўлланмалар ўрта асрларда пайдо бўлган. «Испан каби такаллуфли», деган ибора ўша даврлардан қолган. Чунки араблар томонидан Андалусиянинг забт этилиши оқибатида кириб келган ислом маданияти испанлар ҳаёти ва турмуш тарзига ижобий таъсир этгани боис, улар бу борада бошқа Ғарб халқларидан илгарилаб кетган. Масалан, хулқ-атвор ҳақидаги дастлабки трактат 1204 йилда испан руҳонийси Педро Альфонсо томонидан нашр қилингани ҳам шундан далолат беради. Ушбу асар асосида этикет бўйича талай китоблар ёзилиб, уларда хорижий меҳмонларни кутиб олиш, шунингдек, дастурхон атрофида ўзини тутиш қоидалари, суҳбатлашиш одоби, меҳмон кутиш сир-синоатлари баён қилинган. Замонавий этикетга оид китобларда такаллуфнинг қатор элемент ва қоидалари кўрсатиб берилган. Чунончи, иш юзасидан суҳбатдошига такаллуф қилиш учун инсон руҳий жиҳатдан хотиржам бўлсагина яхши таассурот қолдиради.
Такаллуф қилишда масофа сақлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Суҳбат жараёнида ҳар бир одам ўз шахсий ҳис-туйғуларига боғлиқ ҳолда муайян ҳолатга мос масофани танлайди. Масалан, ҳиссиётга берилувчан кишилар ҳамфикрга ўхшайди ва уларнинг ўзаро такаллуфи кўпинча ижобий самара беради. Камтар, вазмин кишилар эса, одатда, суҳбатдошини ўзидан «узоқлаштиради», унга такаллуф қила олмайди. Қошларнинг ҳаракати, кўзларнинг қисилиши, табассум, табиий оҳанг ва эркин ҳолат масофанинг қисқараётганидан дарак беради. Масофани узоқлаш тириш учун суҳбатдошнинг исми-шарифи айтиб мурожаат қилинади. Такаллуф қилиш мулойимлик ва хушмуомалаликни талаб этади. Шунингдек, суҳбатдошнинг ёши, жинси, хизмат ёки ижтимоий мавқеини назарга олиш, ўз «мен»ига урғу бермаслик, ўз-ўзини баҳолашда камтарлик зарур. Такаллуфнинг яна бир қоидаси – уни тўғри қабул қилиш, суҳбатдошини тинглай олишдир. Мулоқот чоғида унинг гапини бўлиш, бошқа ишлар билан шуғулланиш, масалан, қоғозларни заруратсиз қидириш, бандлигини кўрсатиш, соатга қарайвериш, учинчи киши билан суҳбатлашиш, ҳужжатларни имзолаш, телефонда суҳбатлашиш ножоиздир. Мулоқот жараёнида самимийлик, табиийлик, овознинг паст-баландлиги, нутқ суръати, оҳанги, талаффузнинг аниқлиги ҳам суҳбатдошга руҳий таъсир этувчи омиллар бўлиб, такаллуф қилаётган кимсага нисбатан унинг ҳурматини ошириши ёки аксинча, салбий ҳиссиётларини кучайтириши мумкин. Баланд овоз ҳам, ҳаддан ташқари паст овоз ҳам кишининг ғашига тегади, чарчатади ҳамда унга салбий таъсир этади. Кишининг бир меъёрдаги нутқ оҳанги, шошмасдан, талаффуз билан сўзлаши эшитган гапларини ўйлаб мушоҳада юритаётганидан далолат беради. Такаллуфга такаллуф билан жавоб бериш лозим.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ