Бир куни...
Такаббурлик (арабча кибр – бошқаларни менсимаслик, ўзини катта олиш) – 1) кибрли бўлиш; 2) кибрли одамларга хос хатти-ҳаракат. Такаббурлик салбий ахлоқий сифат бўлиб, бошқаларга кибр-ҳаво билан муносабатда бўлиш, уларни менсимаслик, ўз шахси билан мағрурланишни англатувчи тушунча. Такаббурлик манманликнинг бир кўриниши бўлиб, кишининг ўз имкониятларига ортиқча ишониши асосида бошқаларга нисбатан беҳурматликни ифодаловчи салбий ахлоқий сифат. Такаббурлик кибр, манманлик, мағрурлик, мақтанчоқлик, кеккайиш, калтабинлик, жамоадан ўзини юқори қўйиш, бошқалардан устунлигини намоён этиш каби иллатлар йиғиндисидан иборат. Ахлоқ ҳақидаги таълимотлар тарихида кибр-ҳавони кўкларга кўтариб мақтайдиган қарашлар ҳам мавжуд бўлган. Масалан, А.Бергсон таълимотида барча одамлар икки гуруҳга: оломон ва элитага бўлинади. Бу таълимотга кўра, оломон юксак ахлоқий сифатларга эга эмас. Қаҳрамонлик, олижаноблик каби сифатлар фақат сараланган элитага хос. Тарих муайян давр ва ҳолатларда катта-катта гуруҳлар, кенг халқ оммаси қаҳрамонликлар кўрсатганидан гувоҳлик беради. Шарқ донишмандлари, мутафаккирлари асарларида ҳаётда камтар, ҳокисор одамлар иззат-эҳтиромга сазовор бўлиб келгани, кибр, манманлик, дилозорлик ботқоғига ботганлар эса хору зорликка, фалокатга, ўзгалар нафратига, эл орасида беқадру беэътибор бўлишга, беҳаловат ҳаёт кечиришга, ҳалокатга дучор бўлгани ҳақида ёзиб қолдиришган. Масалан: «Агар бахт-саодат истасанг, ғурур, манманликдан йироқ бўл, ҳикматли сўзларни сокинлик билан тингла, такаббурлик, адоват, гиначиликдан ҳазар қил. Қайғу-аламлар устингга ҳужум этсалар, бу ҳужумларга ўз адабсизлигинг сабабчидир» (Жалолиддин Румий); Тўрт нарса – яъни, бадфеъллик, бадқовоқлик, такаббурлик ва дилозорлик кишига хору зорлик келтиради (Жаъфар Содиқ); «Ўлим қанчадан-қанча такаббур одамларнинг бошларини чуқурга, яъни қабрга улоқтирган»; «Такаббурликни қанчалик хурсандлигу шодликка томон айлантиришга уринсанг ҳам, асли лой бўлганидан кейин кулол сингари, яъни тупроққа (лой ишларига) қайтиши муқаррар» (Абулқосим азЗамахшарий); «Такаббурлик калтабинлар ва инсонийлик тариқидан чиққанларнинг хислатидир; такаббурга салом берма, саломга жавоб қайтариш унга оғирлик қилади, жавоб бермагани эса сенга оғир туюлади» (Ҳусайн Воиз Кошифий); «Инсоннинг қалбига кирган кибр қанча бўлса, ақли ҳам шунча камчиликка эга бўлади. Кибр ва ғурурдан узоқ бўл. Кибр кишини эл орасида хор, беқадру беэътибор қилади» (Муҳаммад ибн Ҳусайн); «Яхшилик уйининг калити – камтарликдир, ёмонлик уйининг калити – такаббурликдир» (Юсуф ар-Розий).
Такаббурлик инсоннинг тарбиясизлиги, маънавий қашшоқлиги, маданиятсизлигининг белгидир. Қуръони каримнинг «Луқмон» сураси 18-оятида одамларга кибр-ҳаво қилмаслик лозимлиги уқтирилади: «Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру-ҳаво билан юрмагин. Чунки Оллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.» Такаббурлик фақат алоҳида шахсларга эмас, катта ижтимоий гуруҳлар, этнос ва миллатга хос бўлиши ҳам мумкин. Масалан, мустамлака сиёсати юритган давлатларнинг фуқаролари мазлум халқларни менсимай, уларни пастга уриш муносабатида бўлган, уларни одам ўрнида ҳам кўрмаган. Америка ерлик аҳолисининг кўпчилиги мустабид давлатлар томонидан қириб ташланган. Инсоннинг такаббурлиги, бошқа иллатлар қаторида, унинг маънавий қашшоқ ва маданиятсизлигини билдирувчи белгидир. Бундан ташқари, такаббурлик юксак маънавиятга мутлақо зид бўлиб, инсонни юксакликка эмас, тубанликка етаклайди. Маънавият ва маданият эса, аксинча, инсонни эзгуликка чорлайдиган, уни барқарорлик ва тинчликни асрашга ундайдиган муҳим омилдир.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ