Суқрот


Сақлаш
15:10 / 20.10.2023 0 505

Суқрот (милоддан аввалги 469 – Афина – 399) – қадимги юнон мумтоз фалсафасининг асосчиси, афиналик биринчи файласуф. Cуқрот ҳайкалтарош ҳам бўлган. Афинанинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этган. У ўз даврида ҳукмронлик қилиб келаётган Афина демократик тузумига қарши чиқиб, янги Худо ҳақидаги ўз фикрини баён қилгани учун Афина руҳонийлари уни даҳрийликда ҳамда ёшларни ахлоқан бузишда айблаб, уни судга тортилишини талаб қилиб чиққанлар. Суқротга қўйилган айб сиёсий бўлса-да, лекин уни динга қарши чиққанликда айблашган. Айтишларича, Суқротнинг шогирдлари уни зиндондан озод қилиш ва қочириб юбориш чорасини топганлар. Аммо Суқрот «Афина қонунларини танқид қилсам-да, уларни етук эмас деб билсам-да, аммо бу қонунларни афиналиклар қабул қилган экан, уларга бўйсунмасликка ҳаққим йўқ. Ёшим бир жойга борганида уларни бузиб, авлодларнинг тавқи-лаънатига қолмай», – деган фикр билан зиндондан қочиб кетмаган. Суқрот ўз устидан чиқарилган ҳукмга эътироз билдирмасдан, ўлимни ихтиёрий равишда танлаб, қадаҳга қўшилган заҳардан ҳалок бўлади. Файласуф Ксенофонтнинг ёзишича, Суқрот Афина демократиясининг «буюк ютуғи» дея таърифланган – раҳбарларни қуръа ташлаш йўли билан сайлаш тамойилини кескин қоралаб, давлат мансабдорларини ловия (оқ ва қора ловияларни қопдан олиб ташлаш йўли билан муайян лавозимга сайлов ўтказиш) воситасида сайлашнинг беъманилиги ҳақида сўзлаб, шогирдлари кўнглида мавжуд қонун-қоидаларга нисбатан нафрат уй ғотган. Унинг бу қарашлари давлатга эмас, балки тартиботга қарши бўлган.

 

Суқрот ўз таълимотини оғзаки равишда кўча-кўйда, майдонларда, ҳиёбонларда ўз шогирдлари ва издошлари билан суҳбатларда баён қилган, лекин биронта ҳам асар ёзмаган. Унинг фалсафий, ахлоқий таълимотини шогирдлари Ксенофонт, Аристофан ва Платонларнинг асарлари орқали билиб олишимиз мумкин. Ксенофонт «Суқрот ҳақида эсдаликлар» асарида ўз устози ҳақида илиқ сўзлар айтиб, уни олижаноб устоз, ахлоқ-одоб борасида ҳаққоний фикр юритган, инсоний фазилатларни қадрлашга даъват этган киши сифатида тасвирлайди. Ёшларнинг ахлоқини бузганлиги тўғрисидаги фикрлар сохта ва бўҳтон эканлигини таъкидлайди. Платон ўз устозини чуқур мулоҳазали, инсонни улуғловчи донишманд сифатида гавдалантириб, ўз фалсафий қарашларини «Суқрот» номидаги асарларида баён этган. Суқрот ўзига қадар ўтган ва ўз давридаги файласуфларнинг табиат борлиқнинг асоси, унинг қонуниятларини ўрганиш керак, деган фикрларига қарши чиқиб, инсон муаммосига, унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, маънавий фазилатлари, ахлоқ-одобга, илмнинг моҳияти масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини уқтиради. Суқрот таълимотича, ахлоқ масалалари фалсафанинг марказида турмоғи лозим. Жамият равнақи, тинч ва осойишталикка, фаровон ҳаёт эса ахлоқ-одоб юксак бўлишига боғлиқ. Суқрот инсон билимининг чексизлиги, ҳақиқатнинг нисбийлиги, оламнинг бепоёнлигини теран англаган. Унинг «Куч – билимда», «Қанча кўп билсам, шунча кўп билмаслигимни билдим», «Ўз-ўзингни англа» каби фикрлари жаҳон халқларининг ҳикматли сўзлари хазинасидан жой олган. Суқрот қарашлари инсониятнинг маънавий тараққиётига сезиларли таъсир кўрсатди. Суқрот Перикл хонадони тўгарагида (табиатшунос Архелай, файласуф Анаксагор, софизм таъминоти асосчиси Протагор, апориялар муаллифи, парадоксал фикрловчи Зенон, меъмор Фидий ва бошқа файласуфлар иштирок этадиган тўгарак) «Жамият жаҳолатдан халос бўлиб, маънавий-маърифий такомиллик сари бориши, инсон эркинлик неъматидан оқилона фойдалана олиши мумкинми?» деган саволни ўртага ташлаган ва умрининг охиригача жавоб излаган. Бу саволга эса ҳозирга қадар жавоб изланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//