Бир куни...
Сахийлик – ҳеч кимдан нарсасини, яхшилигини аямаслик; ҳотамлик хислатини англатувчи тушунча. Унинг маъно-мазмуни «Очкўзда бўлса ҳам – йўқ, сахийда йўқ бўлса ҳам – тўқ», «Сахий билан бахил бир қудуқдан сув ичмас», «Сахий топса, барча ер, бахил топса, босиб ер» каби ўзбек халқ мақолларида ўз ифодасини топган. Сахийлик қўлидан келганча инсонларга яхшилик, мурувват кўрсатиш хусусиятини ўзида мужассам этадиган фазилатдир. Навоий «Ҳайратул-аброр» достонида сахийликни улуғлайди: «Эй ҳушёр одам, сен шундай одамни сахий деб билки, бахт-давлат унинг бошини юқори кўтариб, аҳволи яхши бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам бировдан молу амал таъма қилмаса». Сахий одам қандай мулоҳаза юритмасин, қўлида бор нарса билан қўли қисқа одамни хурсанд қилади. Денгизнинг олдида турса ҳам, ундан бир томчи сув сўрамайди; бировнинг ярасини кўрса, малҳамни аямайди. Муҳтож одам бир нарса сўраса, қўлидан келганча унга хайр беради. У сўрамаса ҳам, унинг аҳволини тушуниб, эҳтиёжи ва камбағаллигини эътиборга олади. Эҳсон ва саховат кўрсатиш вақтида бахил бўлмай, танти бўлиш лозим. Чунки бахиллик инсонга хос тубан иллат, лекин сахийлик эса энг нафис жавоҳирдир. Кимки сахийлик қилишга қодир экан, пул улашишга муносиб экан, ном чиқариш учун гавҳарни ҳовучлаб сочиш, мақтаниш учун этаклаб пул бериш ақлли иш, деб ҳисоблашдан йироқдир. Бундай саховатдан бахиллик яхшироқдир. Қуръонда «Енглар, ичинглар! Лекин исроф қилманглар.» дейилади. Демак, эҳсон беришда ҳам исрофгарчиликка йўл қўймасдан, меъёрни эътиборга олган ҳолда одамнинг эҳсонга қанчалик муҳтож эканлигини ҳисобга олиш лозим. Хайру эҳсон йўлида сарф-харажат қилиш ҳақиқий ҳадядир. Бериш учун олиш ишидан йироқ бўлиш, бераман деб олмай қўя қолиш яхшироқдир. Cахийлик қилиб, ночорларга ёрдам қўлини узатган одам, яхшилик йўлида қадр топади. Cахийлик кишининг кўрки, унинг зийнатидир.
Саховат (арабча қўли очиқлик, олийҳимматлилик, сахийлик) –
1) баландҳимматлилик, сахийлик; ҳиммат қилиш; ёрдам қўлини узатиш; ҳиммат билан эҳсону инъомлар улашиш;
2) кўчма маънода табиий бойлик; мўл ҳосил; тўкинлик, мўлкўллик.
Саховат сўзи қўли очиқлик, мурувватлиликни англатади. Саховатлилик инсонга хос бўлган хусусиятларнинг энг олижанобидир. Чунки ҳамма инсонлар ҳам саховатли бўлиш шарафига муяссар бўла олмайди. Ҳазрат Навоий таъкидлашича, «Қандай инъом бўлмасин уни очиқ юз билан бериш, аччиқ бодани ширин сўз билан тутиш керак. Саховат кўрсатган киши муомалада ҳам хато қилмаса, у бир йўла иккита инъом берган бўлади. Кишилар қўлидан сўз билан наф етказиш келмаса, лоақал кўнглидаги андишаси яхши бўлиши керак. Кўнгли одамларнинг хурсандлигидан шод бўлиши лозим. Лекин биров сенга яхшилик қилмоқчи бўлса, сўз билан сенга жон бағишламоқчи бўлса-ю, аммо гап билан буни ифодалай олмаса, яхшиликни тилга олганининг ўзи киши таъбига осойиш бағишлайди. Худо сени шундай нодир қилиб, дунёдаги одамларга наф келтирувчи қилиб яратди. Кимки унинг шу амрига мансуб бўлса, барча кишилар кўнглига ҳам ёққан бўлади. Бу сифатдан яхши сифатни таниш қийин. Лекин бундан ҳам яхши бир иш бор. Бу – бировга бир нарса бериб, ундан олишни одат қилмаслик; наф келтиришу, лекин бировдан наф қидирмаслик; бериш ишини доим хотирда сақлаб, бериб, бир нарса олишни ўйламасликдир. Бундай одамни инсонларнинг инсони деб, ҳақиқий одамларнинг энг яхшиси деб бил. Уни одамгарчиликни тўла эгаллаган, юз кишининг одамгарчилиги қўлидан келадиган деб тушун!» Кўринадики, саховатлилик сидқидилдан қилинган яхшилик бўлиб, у беминнатликнинг нишонасидир. Шарқда ҳимматли ва саховатли кишиларнинг пешвоси сифатида Ҳотамтой маълум ва машҳурдир. Ҳар бир шахснинг воқеликни идрок этиши, уни қабул қилиши, маълум билимлар тизимига эга бўлиши ижтимоий тараққиёт билан изоҳлансада, унинг ўзига хос томонлари мавжуд. Буни кишиларнинг билими, хулқи, одоби, саховати ва бошқа хусусият ҳамда фазилатларининг турфа хиллигида намоён бўлади. Ўз навбатида, индивидуал онг ижтимоий ҳаётни таҳлил қилишда, тарихда шахснинг роли ва ўрнини аниқлашда, таълим-тарбия масалаларини тўғри ҳал қилишда катта аҳамиятга моликдир. Саховат очиқ ва самимий кўнгил мевасидир. Аксинча, бахиллик, хасислик, тор кўнгиллик, кўролмасликнинг оқибатидан бошқа нарса эмас.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ