Бир куни...
Санъат – ижтимоий онг ва инсон фаолиятининг ўзига хос шакли. Санъат инсон меҳнати, ақл-идроки, шуури билан яратилган ижод маҳсулидир. Санъат асарида шахснинг ўзига хос истеъдоди намоён бўлади. Санъат инсоният маънавий маданиятининг таркибий қисми, дунёни маънавий англашнинг махсус туридир. «Санъат» тушунчаси кенг маънода, бадиий қадриятлар, уларни яратиш (бадиий ижод қилиш) ва истеъмол (бадиий идрок этиш) жараёнларини қамраб олади. Санъат ҳозирги даврга қадар инсоният тараққиёти билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган. «Санъат» сўзи жонли тилимизда нечоғли кенг маънода қўлланмасин, табиийки, бизни унинг луғавий эмас, балки истилоҳий маъноси қизиқтиради. Истилоҳий маънода «Санъат» деганда инсоннинг гўзаллик қонуниятлари асосида борлиқни бадиий ўзлаштириш (ва ўзгартириш)га қаратилган яратувчилик фаолияти ҳамда унинг натижаси ўлароқ вужудга келган жами нарсалар тушунилади. Яъни, гўзаллик қонунлари асосида маҳорат ва дид билан яратилган нарсаларнинг ҳаммаси санъатга алоқадордир. Санъатнинг қуйидаги икки тури фарқланади: амалий ва бадиий (нафис). Амалий санъат турларига кулолчилик, наққошлик, каштачилик, зардўзлик, либос яратиш каби соҳалар кирса, бадиий санъат турларига рассомлик, мусиқа, ҳайкалтарошлик, кино, театр, бадиий адабиёт кабилар мансуб. Шунингдек, ифодали ва тасвирий санъат турлари фарқланади. Баъзи санъат турлари тасвирласа, бошқалари ифодалайди. Айтайлик, мусиқа – ифода санъати, композитор оҳанглар орқали кечинмаларни ифодалайди ва шу оҳанглар руҳиятимизда муайян бир кайфият ҳосил қилади. Рассомлик билан ҳайкалтарошлик тасвирий санъат турлари бўлиб, унда бирор манзара, ҳолат мусаввир қалбини жунбушга келтириб, қалбида муайян кечинмаларни қўзғатади ва мусаввир ўша манзарани ранг-тасвирга муҳрлайди. Шу тариқа санъат асарлари руҳиятимизга озиқ беради. Санъатнинг турли кўринишлари воқеликни, ундаги ҳодиса, нарса ва ҳолатларни ўзига хос усуллар ёрдамида акс эттиради Масалан, мусиқада товушлар, уларнинг ўзаро боғланиши, уйғунлиги орқали; бадиий адабиётда сўз, образлар орқали; тасвирий санъатда бўёқлар ёрдамида муайян ҳиссий образ гавдалантирилади; театрда пьеса қаҳрамонларининг сиймоси актёрлар орқали намоён бўлади.
Мавжуд санъат турлари орасида бадиий адабиёт етакчи ўрин тутади. Чунки бадиий адабиёт универсал билиш ва ифода воситаси бўлмиш сўз билан иш кўради. Санъат ижтимоий ҳаётнинг мустақил бир соҳаси бўлиб, жамиятнинг барча томонларига таъсир ўтказади, ижтимоий онгнинг ҳамма шакллари билан алоқага киришади. Санъат воқеликни бадиий воситалар орқали янада тўлақонли, жозибали англашга ёрдам беради. Санъат учун инсон бош мавзу бўлиб хизмат қилади. Санъатда инсон ҳамма вақт ҳам бевосита ифодаланмайди. Санъат нарсалардан, табиат ҳодисаларидан инсон учун аҳамиятли бўлган маънони излайди, инсон қалбини поклайди, унинг ҳар томонлама камол топишида муҳим восита бўлиб хизмат қилади. Санъат қадимий тарихга эга бўлиб, у жамият тараққиётининг илк босқичларида меҳнат жараёни, шунингдек, кишилар ижтимоий фаолиятининг ривожланиши билан боғлиқ ҳолда вужудга кела бошлаган. Ибтидоий санъатнинг дастлабки илдизлари сўнгги полеолит даврига, тахминан милоддан аввалги 40–20 минг йилликка бориб тақалади. Санъатга доир маълумотлар дастлаб Юнонистонда қадимдан ўрганила бошлангани маълум. Арасту, Афлотун каби ўша даврнинг йирик файласуфлари Юнонистонда санъат тарихи билан ҳам шуғуллангани тўғрисида маълумотлар сақланган. Қадимги Римда юнон санъатига катта эътибор билан қаралган. Милоддан дастлабки асрларда Ўрта Осиё мамлакатларида меъморчилик ва санъатга оид рисолалар яратилган. Ўрта асрларда Европада санъат илоҳиётнинг (теология) бир қисми бўлиб қолди. Ўрта аср санъатшунослари санъатни нариги дунёнинг бу дунёдаги моддий образи деб баҳолаган. Уйғониш даври санъат ривожида муҳим давр бўлиб тарихга кирди. XIV–XVI асрларда инсонпарварлик ва реализм ғоялари билан бир қаторда санъатни черков таъсиридан ажратишга интилиш кучайди ва уни илмий тавсифлаш йўлида муҳим қадам қўйилди. Бу даврда санъат, унинг назарияси ва тарихи бўйича қимматли асарлар вужудга келди. Леонардо да Винчининг рассомликнинг илмий асослари ва имкониятлари, тасвирий санъатда инсон маънавий ҳаётининг акс эттирилиши каби муҳим аҳамиятга эга бўлган фикрлари, ХVI асрда Германияда А.Дюрернинг пропорциялар ҳақидаги илмий фикрлари, Венецияда П.Аретинонинг борлиқни тўғри акс эттириш бўйича рассомлар олдига қўйган талаблари санъатга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. ХVII асрдан бошлаб Германияда Г.Е.Лессинг реализм назариётчиси сифатида «тасвирий санъат» атамасини фанга киритди. ХIХ асрда санъатнинг илмий-тарихий асослари мустаҳ камланди, санъат фан сифатида шаклланиб такомилига етди, ўз услубиётига эга бўлди. Францияда Стендаль, Г.Курбе, Германияда И.Гёте ва Г.Гейненинг асарлари санъатшунослик фанида катта роль ўйнади. Айнан шу даврда археологик тадқиқотлар кўлами кенгайди, бадиий музейлар очилди. Айниқса, Буюк француз инқилоби ғоялари, И.Кант, А.Шопенгауэр, Г.Ф.Гегель эстетик қарашлари, Россияда эса В.В.Стасов, И.Н.Крамской, И.Е.Репин ва бошқаларнинг санъатнинг ҳаётий бўлиши ва ижод эркинлиги хусусидаги қимматли фикрлари, В.Г.Белинский, А.И.Герцен ғоялари санъатнинг реалистик йўналиши ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, бу даврда санъат дин билан ҳам мустаҳкам алоқада ривожланди. Жаҳон санъати дурдоналари – буюк архитектура иншоотлари, Вергилий, Данте, Милтон, Леонардо да Винчи, Рафаэл, Микеланжело тасвирлари, И.С.Бах, И.Гайдн, В.А.Моцарт мусиқалари, Шарқда эса Ф.Аттор, Ж.Румий, А.Жомий, А.Навоий асарлари диний манбалардан илҳом олиб яралган эди.
Санъат одамларнинг эстетик талабларини қондириш билан бирга, ўз тараққиётининг турли даврларида жамият аъзоларини маълум руҳда тарбиялаш, уларни ақлий ва ҳиссий жиҳатдан ривожлантириш воситаси сифатида хизмат қилиб келган, уларнинг турли мақсад, ҳис-туйғу, манфаат, идеалларини ифода этган. Санъат ижтимоий онгнинг бошқа шаклларидан ўзининг предмети, мазмуни, воқеликни ифода этиш усули ва услуби, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни ҳамда вазифалари жиҳатидан фарқ қилади. Санъат инсоннинг моддий ва маънавий фаолиятидаги билими, тажрибаси, маҳорати ва қобилиятларини намоён этувчи бадиий ижодиёт маҳсулидир. Эстетик тафаккур тарихида санъат нарса ва ҳодисаларни қандай бўлса шундайлигича акс эттириш ва ҳаётни гўзаллик қонунлари асосида бадиий ифодалаш ғоялари сари юксалиб борди. Табиат, жамият ва инсоннинг ижтимоий, маънавий, миллий дунёси санъат предмети ҳисобланади. Воқелик қайси шаклда бадиий ифода этилмасин, ижодкор унга маълум ижтимоий-эстетик идеал нуқтаи назардан муносабат билдиради ва ўз эстетик баҳосини беради. Санъат инсон учун эстетик завқ-шавқ манбаи; инсон ҳаётига гўзаллик бахш этади; одамларда воқеликка нисбатан ҳиссий муносабатни шакллантиради; ҳаётни кузатиш, ўрганиш ва билиш воситаси; ҳаётни инсон орзу қилган томонга ўзгартиришда ёрдам беради; тарбия воситаси сифатида хизмат қилади; ҳаётдаги гўзалликдан илҳомланишга, хунукликдан нафратланишга чорлайди; одамлар орасидаги маънавий кўприк, мулоқот воситаси; одамларнинг бадиий эстетик дидини тарбиялайди, уларда маълум дунёқарашни шакллантиради ва ҳоказо.
Санъат жамият маънавий ҳаётининг бошқа ҳодисалари (фан, мафкура, ахлоқ) билан маълум даражада боғлиқдир. Санъатнинг мақсади дунёни бадиий ўзлаштириш, одамга лаззат бахш эта оладиган, уни маънавий бойита оладиган асарлар яратиш йўли билан кишиларнинг эстетик эҳтиёжларини қондиришдан иборат. Санъат асарларининг диққат марказида инсонлар, уларнинг ижтимоий алоқаси ва ўзаро муносабатлари, муайян тарихий шароитлардаги ҳаёти, фаолияти туради. Шунинг учун ҳам санъат асарлари берадиган маърифий билим муайян мамлакат, миллат ёки маълум бир тарихий давр ва шахслар ҳақидаги илмий асарлардан олинган маълумотлардан фарқ қилади. Санъатнинг тарбиявий кучи унда ифода этилган кечинма ва образларнинг ҳар бир ўқувчи, томошабиннинг қалбига кириб бориши, уларда эстетик завқ уйғотишидадир. Санъат барча ижтимоий онг шакллари сингари ўз тараққиёт қонуниятларига эга. Бу қонуниятлар санъатнинг ўз ички хусусиятларидан келиб чиқса-да, ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ бўлган халқ, миллат, элат, мамлакат ва жаҳон цивилизацияси даражаси бу қонуниятларда ўз ифодасини топади. Санъат қонуниятларини эстетика, санъатшунослик фани ўрганади. Санъатни тушуниш, унинг кишилар ҳаётидаги ролини аниқлаш масаласи бутун маданият тарихи давомида кескин баҳс, тортишувларга сабаб бўлиб келган. Масалан, баъзи санъаткор ва санъатшунослар уни «табиатнинг тақлиди» ёки «воқеликнинг акс эттирилиши» деб ҳисобласа, бошқалари «Санъаткорнинг соф шахсий ижодий маҳсули», «ўз-ўзини изҳор этиш» сифатида талқин этади. Бу санъат предметининг мураккаблиги, унинг хусусиятлари ва шакллари, мужассамлаштириш усулларининг хилма-хиллиги ҳамда турли даврларда санъат назариётчиларининг синфий ва ғоявий фикрлари ўртасидаги тафовутлар билан изоҳланади. Санъатда гўзаллик категорияси муҳим аҳамият касб этади. Эстетика фани – гўзаллик санъатнинг зарур шарти эканлигини, гўзалликсиз санъатнинг йўқлиги ва бўлиши мумкин ҳам эмаслигини уқтиради. Санъатда мазмун ва шаклни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Санъатнинг ўзига хос хусусияти унинг воқеликни илғор ғоявий нуқтаи назардан туриб бадиий образлар орқали акс эттиришдир. Миллий истиқлол мафкурасини ёшлар онгига сингдириш жараёнида санъат алоҳида ўрин тутади. Чунки санъат юксак ижтимоий ғояларни тарғиб этувчи, инсон маънавий дунёқарашини кенгайтирувчи, уни шахс сифатида тарбияловчи воситалардан биридир. Санъат инсониятнинг эзгулик томон ҳаракати учун зарур бўлган ўзаро мулоқотлар воситаси сифатида турли қитъалар ва давлатларни ўзаро боғлайди. Зотан, инсон санъатдан эстетик завқ, битмас-туганмас ижодий куч-қудрат олади ва шу маънода санъат маънавий юксалишнинг энг таъсирчан қуролига айланади.
Бир куни...
Биласизми?
Ҳикмат
Биласизми?
Бир куни...
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қатра
Бир куни...
Қатра
//
Изоҳ йўқ