Салом


Сақлаш
17:10 / 12.10.2023 0 456

Салом, саломлашиш (арабча тинчлик, саломатлик; кўриниш) – кишиларнинг ўзаро учрашган пайтларида урф-одатга кўра бир-бирига нисбатан илиқ муносабатини англатадиган тушунча. Саломнинг келинчакни тўйдан кейинги кун эрта билан олиб чиқиб, куёвнинг ота-оналарига, қариндош-уруғларига таъзим қилдириш маросими ва умуман келинчаклар таъзими, яъни келинсалом ва саҳнада ўйин-томоша майдонларида актёрларнинг томошабинларга таъзими каби шакллари ҳам бор. Нутқий одобда суҳбатдошлар бир-бири билан таниш ёки нотанишлигидан қатъи назар, нутқий мурожаатнинг ҳар қандай тури саломдан бошланади. «Ассалому алайкум» арабча сўз бўлиб, «Сизга саломатлик, омонлик тилайман», деган маънони билдиради. Саломга жавобан «Ваалайкум ассалом», яъни «Сизга ҳам соғлик, омонлик тилайман», деб алик олинади. Салом бериш тартиби қуйидагича: ёши кичик – ёши каттага; отлиқ – пиёдага; пиёда – ўтирган кишига; ташқаридан кирган киши – хона ичидагиларга; озчилик – кўпчиликка салом беради. Шеригини ким биринчи бўлиб пайқаган бўлса, унинг салом бериши саломнинг «олтин қоидаси» ҳисобланади. Тарбия кўрганлик ва ахлоқий одоб саломдаги олдинма-кетинликка бошқаларнинг қадрини пасайтириш ё кўтариш сифатида қарамайди. Лекин халқ орасида юзага келган тартибга кўра, таниш, ёши катта ёки мақоми юқори бўлган шахсни учратганда биринчи бўлиб кичик ёшдагиси каттага салом бериши мақсадга мувофиқдир.

 

Сўз шаклидаги «Ассалому алайкум», «яхшимисиз» бир оз таъзим ёки ўнг қўлни чап кўкрак устига қўйиш билан тўлдирилиши мумкин. Бунда ёши ёки мақоми бўйича кичик бўлган киши биринчи бўлиб қўл узатишга ҳаракат қилмаслиги керак. Бундай ҳолатда қўл узатиш каттанинг ихтиёрида. Хонага кирганда салом берувчи бир киши билан қўл бериб сўрашдими, қолганлар билан ҳам шундай қилиши зарур (чунки жамоа орасидан биттани ажратиб қўйиш нотўғри). Агар хонада ёки гуруҳда нотаниш одам бўлса, албатта, салом қисқа танишув билан кифояланиши жоиз. Қўл бериб кўришганда, албатта, қўл узатганнинг кўзига қараб салом бериш керак. Бундай вақтда чап қўлни узатиш одобдан эмас, агар ўнг қўл банд бўлса, албатта, уни бўшатиш лозим. Келувчи хонага кирганда у ердагиларга биринчи бўлиб салом беради. Бу қоида унинг ёши ёки лавозимидан қатъи назар, барчага бирдек тааллуқли. Агар киши бирон-бир муҳим иш билан банд бўлса, келувчининг умумий саломига бош қимирлатиб қўйиш билан кифояланиши мумкин. Бу унинг келувчини пайқагани ва саломини қабул қилганига ишора бўлади. Саломга нисбатан эътиборсизлик қилиш одоб доирасига кирмайди, салом берувчига нисбатан ҳурматсизлик, унинг қадрини пастга уриш, нутқ одоби талабини бажармаслик иш билан боғлиқ муомаладаги ёмон кўрсаткич ҳисобланади. Қўл бериб сўрашиш одоб доирасидаги, жамият аъзолари орасидаги салом шаклидир. Саломнинг яна ўпишиб кўришиш шакли ҳам мавжуд бўлиб, бу айниқса эркаклар ва ўғил болалар ўртасидаги кўпчилик томонидан маъқулланмайдиган салом шаклидир.

 

Ислом одобида саломнинг энг мақбул ҳамда одоб доирасидаги шакли салом берувчининг ўнг қўлини чап кўксига қўйиб, бошини бир оз эгган ҳолда «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокотуҳу» дейиш ҳисобланади. Бу саломнинг сўздаги тўлиқ ифодаси. Бундан қисқароғи «Ассалому алайкум» ҳисобланади. «Салом» ёки «Саломалайкум» ёхуд «Сомалайкум» тарзида салом одобсизлик ёки фаросатсизлик ҳисобланади. Қуръони каримнинг «Ан-Нисо» сураси 86-оятида салом одоби ҳақида шундай дейилади: «Сизга салом берилса, сиз ундан яхшироқ ёки ўшандай алик олинг». Саломнинг инсон ва жамият ҳаётидаги аҳамияти жуда катта. Икки инсон учрашганда мулоқот бир-бирига яхшилик тилашдан бошланса, бу уларнинг ҳар иккисининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Яхши кайфият эса иш унумининг ошишига, яхшиланишига олиб келади, кишининг ижодий қобилиятининг ўсишига туртки бўлади. Салом кишиларни бир-бирига яқинлаштиради. Масалан, катта корхонанинг ҳамма ишчи ва ходимлари ҳам бир-бирини танимаса-да, аммо корхона ичида салом-алик қилиб юришади. Йиллар мобайнида бирор марта мулоқотда бўлмаган бўлсалар ҳам, ўзларини бир-бирлари билан қадрдонлардек ҳис қилади ва бирор тасодиф туфайли кўча-куйда учрашиб қолишса, эски танишлардек суҳбатлашади. Саломнинг яна бир жиҳати – хафалашиб қолганларни яраштириш, аразларни аритишдир. Бир-бири билан уришиб, хафалашиб қолган инсонлар салом орқали тезда ярашиб кетиши ҳеч кимга сир эмас.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Бир куни...

18:12 / 04.12.2024 0 12
Бунинни жиддий рақиб деб бўладими?

Биласизми?

10:12 / 03.12.2024 0 30
Пул ва минора – улар “қариндаш”ми?

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 164
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6380
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4942
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4587
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4014
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3422
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2988
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2907
Туғилган кун

//