
Позитивизм – Ғарб мамлакатларида кенг тарқалган фалсафий тафаккурнинг бир кўриниши бўлиб, унинг диққат марказида фалсафа ва фаннинг ўзаро муносабати муаммоси туради. XIX асрнинг 30–40 йилларида марксизм фалсафаси ўзини ягона илмий дунёқараш деб даъво қилиб чиққанидан бир оз олдинроқ Францияда О.Конт эски фалсафий анъаналардан узил-кесил воз кечиш ва янги илмий фалсафа яратиш зарурлигини таъкидлаб, позитивизм фалсафасига асос солди. О.Контнинг фикрича, фалсафанинг фан билан ўзаро «даъвогарлик» тарихи шундан далолат берадики, «метафизик», яъни фалсафий муаммоларни илмийлик руҳига мослаштиришга бўлган барча уринишлар беҳуда. Ҳар қандай фан унга ўз ҳукмини ўтказишга жазм қиладиган фалсафага муҳтож эмас. У ҳар қандай таянчни фақат ўзида топиши мумкин. Анъанавий фалсафа муаммоларини илмий нуқтаи назардан, яъни тажриба ва ақлий муҳокама кўмагида ҳал қилиб бўлмайди. Метафизика сарқитларини фандан сиқиб чиқариш зарур. Бундай сарқитлардан бири – фаннинг ҳодисаларни сабаб-оқибат тамойили асосида таҳлил қилиши ва уларнинг моҳиятига кириб боришга даъвосидир. Фаннинг вазифаси ҳодисаларнинг «нима учун» эканини уқтириш эмас, балки уларнинг «қандай экан»ини ёритиб беришдан иборат. Позитивизм ривожланиши жараёнида фандан дунёқарашга бевосита тааллуқли муаммолар бирин-кетин олиб ташланади. Буни XIX аср позитивизмининг йирик вакиллари Ж.С. Милл ва Г. Спенсер қарашларида яққол кўрамиз. Позитивизм вакилларининг таъкидлашича, билиш, тажриба, субъект-объект муносабати, нарса, субстанция, воқеликнинг унсурлари, физиологик ва психологик жараёнларнинг ўзаро алоқадорлиги масалалари соф метафизик муаммолар бўлиб, улардан воз кечиш мақсадга мувофиқ. Позитивизм негизида мантиқий позитивизм, неопозитивизм ва постпозитивизм оқимлари вужудга келган.
Постпозитивизм – XX асрнинг 50–70-йилларида неопозитивизм ғояларини танқид қилиш жараёнида юзага келган Ғарб фалсафасининг қатор концепцияларини ифодаловчи истилоҳ. Ушбу концепциялар моҳиятан мантиқий эмпиризм билан ҳамоҳанг. Постпозитивизмнинг асосий йўналишларига К.Поппернинг танқидий рационализми, У.Куайн ва М.Уайтларнинг прагматик таҳлили, Д.Армстронг ва Ж.Ж.Смартларнинг илмий материализми, П.Фейерабенд ва Р.Рорти концепциялари, ҳозирги замон фалсафий реализмининг турли кўринишлари киради. Айни пайтда, постпозитивизм атамаси аниқ таърифга эга эмас. Баъзи файласуфлар уни таҳлилий фалсафа билан боғласа, бошқалари унга тор доирада таъриф беради. Неопозитивизм ривожлангани сайин унинг фалсафани тубдан ўзгартиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ижобий натижа бермаслиги маълум бўлади. Шунга асосланиб, постпозитивизм намояндалари метафизика билан фан тушунчалари орасига қатъий чегара қўйиб бўлмайди, деган хулосага келади. Постпозитивизмнинг таъкидлашича, позитивизмнинг асосий камчилиги шундан иборатки, у эмпиризм тамойилининг аҳамиятига, ҳиссийликнинг ролига ортиқча баҳо беради. Билишнинг дастлабки нуқтаси бевосита қабул қилинган элементлар ёки кузатиш билан эмас, балки назария билан боғлиқ, чунки назариядан илгари ва ундан ташқарида билишнинг бўлиши мумкин эмас. Ушбу тамойиллар К.Поппернинг танқидий рационализмида ўз ифодасини топди. Постпозитивизм тарафдорлари мантиқий позитивизмнинг қатъий талабларидан (масалан, эмпирик верификация назариясидан, фалсафани фаннинг мантиқий методологик таҳлилига айлантириш ғоясидан) воз кечиб, физикализм ғоялари, илмий реализм концепцияси, редукционистик методология ва ягона фан назариясини ривожлантиришга интилади. Бунинг учун неопозитивизмнинг таҳлил қилиш усули ва муаммоларга лингвистик ёндашувидан фойдаланилади. Бу борада Куайн ижоди алоҳида аҳамият касб этади. У онтологияни фанларнинг ўзига хос проекцияси сифатида таърифлайди. Илмий материализм эса руҳийлик ва жисмонийликнинг айнан мослиги ҳақидаги тезисни ёқлайди. Онтологияни фан билан, реалликни эса тил билан тенглаштириш тенденцияси бутун постпозитивизмга хос хусусиятдир.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ