Нафрат


Сақлаш
15:09 / 15.09.2023 0 736

Нафрат – маънавий-руҳий хусусият бўлиб, эҳтиёж, хоҳиш, қадриятларга нисбатан салбий муносабатни ифода этувчи туйғу. Нафратнинг шаклланишига воқеаларнинг ноқулай кечиши туфайли юзага келган норозилик ёки салбий кечинмалар асос бўлади. Тарбия амалиётида нафратнинг шаклланишини назорат қилиш учун маъқул бўлмаган воқеа-ҳодисаларнинг мазмун-моҳияти ва сабабларини очиш зарур. Нафрат шахсга, фаолиятга, вазиятга қаратилган ҳамда шахсий, гуруҳий, миллий ва бошқа турларга бўлинади. Нафратнинг шахсга қаратилган тури бирор инсоннинг барча ҳаракатлари, фазилатларини инкор этишда, уни доимий равишда танқид қилиш, шахсий хислатларидаги ижобий жиҳатларини кўра билмасликда намоён бўлади. Нафратнинг фаолиятга қаратилган турида шахснинг муайян фаолият туридан завқланмаслиги, бирор фаолият билан банд бўлишни истамаслиги, умуман, ушбу фаолиятни тан олмаслиги кузатилади. Ҳатто муайян фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ ютуқлар ҳам, нафрат мавжуд бўлса, кўзга ташланмайди ва уларни тан олмаслик хоҳиши устун бўлади. Вазиятга қаратилган нафрат инсон шаъни, ҳаётига таҳдид солувчи ҳолатларга нисбатан салбий муносабатда намоён бўлади. Нафрат шахснинг эҳтиёжлари, қадриятларига мос келмаган тақдирда унинг феъл-атворида акс этади.

 

Муайян гуруҳдаги ўзгарувчан жараён ва қонуниятларга мос келмаган хоҳиш-истак таъсирида гуруҳий нафрат юзага чиқади. Нафратнинг шахсга боғлиқ турида темпераментнинг таъсири кузатилади. Холерик тоифадаги шахсда у кескин, шиддатли, ўзини бошқара билмаслик, жанжалкашлик тарзида очиқ-ошкора намоён бўлади. Флегматик тоифадаги шахснинг нафратида ички мулоҳаза кучли бўлгани учун ташқи аломатлари яққол ифодаланмайди, унда ақлий мулоҳазага таянган нафрат кузатилади. Агар холерик ва сангвиник тоифадаги шахсларнинг бирор вазият, шароитда нафратини ошкора билдириши одатий ҳол бўлса, флегматик ва меланхолик тоифадаги шахсларда нафрат ичидан пухта ўйланган, режалаштирилган ҳаракатларнинг маҳсули сифатида намоён бўлади. Шунинг учун нафратнинг шахс темпераменти тоифасига мос таъсирини билиш керак. Нафрат инсон шаъни, мақсади, бахти учун курашда ҳам яққол ифодаланади. Агар инсоннинг муҳим ҳаётий қадриятларига тажовуз, ҳужум амалга оширилса, унинг нафрати ошкор бўлиши мумкин. Бундай нафрат орқали у ўз шаъни, бахтини онгли равишда ҳимоя қилишга интилади. Ҳар бир инсон нафратнинг руҳий таъсирини билиши керак. Мунтазам равишда нафратланиш киши асаб тизимининг заифлашувига, унинг серзарда бўлишига, меҳнат самарадорлигининг пасайишига, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолишига олиб келади. Шунинг учун руҳий машқлар орқали нафратни ўйламаслик, уни йўқотишнинг хилма-хил усулларини билиш ҳар бир одам учун муҳим ҳисобланади. 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:02 / 23.02.2026 0 85
Нега 23 февраль эмас, 14 январ?

Бир куни...

11:02 / 05.02.2026 0 109
Келажак бор

Бир куни...

17:11 / 10.11.2025 0 279
Кўрпача



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 15690
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6527
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 6458
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5785
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 5242
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 5128
Радикализм

Қомус

16:12 / 25.12.2023 0 4536
Ўзбекистон тарихи

//