Мустамлакачилик


Сақлаш
22:08 / 09.08.2023 0 683

Мустамлакачилик кучли давлатлар томонидан зўрлик билан эгалланган мамлакат ёки ҳудудни сиёсий ва иқтисодий мустақилликдан маҳрум этиб, ўзига бўйсундириш, қарам қилиш ғояси асосидаги ўзга халқ ёки мамлакатларни босиб олиш, талаш сиёсати. Тарихдан мустамлакачилик империяларнинг шаклланиши ва ўзга давлатларни босиб олиши билан боғлиқ экани маълум. ХХ-аср бошига келиб, деярли бутун дунё йирик мустамлакачи давлатлар (Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Испания, Нидерландия, Португалия, АҚШ, Япония, Россия) томонидан босиб олинган эди. Мустамлака мамлакатлар билан бир қаторда, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан заиф ва қарам бўлган ярим мустамлакалар ҳам мавжуд эди. Ҳукмрон кучлар ва уларнинг монополистик бирлашмалари мустамлака ва қарам мамлакатлардан хом ашё манбаи, даромад олиш бозори, сармоя қўйиш соҳаси, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар ҳамда янги жойларни эгаллаб олиш учун таянч майдони сифатида фойдаланиб келди. Мустамлака ва қарам ўлкаларнинг халқларини эксплуатация қилиш ва эзиш ҳисобига мустамлакачилар катта даромадга эга бўлди. Қарам ўлкалар эса аграр хом ашё етиштириладиган бир томонлама ишлаб чиқаришга асосланган қолоқ иқтисодиёт билан қолаверди. Мустамлакачи давлатларнинг дунёни қайтадан бўлиб олишга бўлган интилиши 1914–1918 йиллардаги Биринчи жаҳон урушига олиб келди. Уруш оғриқларидан азият чекаётган халқларнинг миллий-озодлик ҳаракатлари кучайиб борди. Иккинчи жаҳон уруши (1939–1945) дан сўнг эса, жаҳон мустамлакачилик тизимининг тез емирилиши ва қулаши бошланди. Масалан, «Африка йили» деб ном олган 1961 йилда Африканинг 21 та давлати мустақилликка эришди. Ўтган даврда мустамлакачиларнинг қаттиқ қаршилигига қарамай, кўплаб мустамлака ва қарам давлатлар озодликни қўлга киритиб, ўзларининг сиёсий ҳамда иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаб бормоқда. Мустамлакачилик барҳам топган ҳозирги шароитда, реакцион мустамлакачи кучлар ҳали ҳам турли усуллар ва шаклларда ўзларининг иқтисодий ва сиёсий мавқеларини сақлаб қолишга интилмоқда.

 

Ўзбек халқи ҳам ўз бошидан мустамлакачиликнинг аянчли даврини ўтказди. Аввал Россия империяси, сўнг собиқ совет империясининг мустамлакачилик сиёсати мамлакатимиз тараққиёти учун тўсиқ бўлиб келди. Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришган бўлсада, қўлга киритилган истиқлолни ҳар томонлама мустаҳкамлаш бугунги куннинг асосий вазифаси бўлиб қолмоқда. Зеро, ўз таъсир доирасини сақлаб қолмоқчи ёки қарам қилишни орзу қилаётган мустамлакачи кайфиятдаги сиёсий кучлар ватанимиз бойликларига, халқимиз озодлигига кўз олайтиришни қўймаяптилар. Ўз манфаатларига эришиш йўлида ҳар қандай усул ва найранглардан фойдаланувчи, мустамлакачилик ғоялари билан қуролланган кучларнинг асл қиёфасини очиб ташлаш, уларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантиришда миллий ғоянинг имкониятларидан тўла фойдаланиш давр талабидир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 75
“Кимсан” аслида ким?

Ҳикмат

10:07 / 03.07.2025 0 75
Армон бобо

Биласизми?

16:07 / 02.07.2025 0 67
Елиб келди



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 11094
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5673
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5207
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5152
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4651
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 3919
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3690
Ўқиш пули

//