Яхшилик ҳақида беш ҳикоя


Сақлаш
00:08 / 09.08.2023 0 643

Болалигимиздан оила катталари яхшилик билан боғлиқ мақолларни қулоғимизга қуйишади. “Яхши гап билан илон инидан чиқар...», “Яхши гап жон озиғи”, “Яхшидан боғ қолади”, “Яхшилик қилу дарёга от, балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ...». Шу тариқа отаётган тонг, ботаётган шомлардан эзгулик кутиб улғая борамиз. Ҳар гал яхшиликка дуч келганимизда эса ҳаётга чайир ришталар билан боғлана бошлаймиз. Ўйлаб қарасам, руҳиятимизни маҳкам тутиб турадиган устунлар ҳам ўша яхшилик билан боғлиқ хотиралар бўлса керак. Ҳар гал шундай воқеалар эсимга тушганда, ҳаётнинг мураккабликлари, муаммолари ортга чекингандек бўлади. Бугун яна ёдим китобининг саҳифаларини варақлагим, хотирамга нур бериб тургувчи ана шундай воқеаларнинг баъзиларини эслагим келди.

 

***

Ўн саккиз ёшга тўлар-тўлмас ўқишга кириш учун Фарғонага йўл олдим. Умримда илк бор ёлғиз ўзим йўлга чиқишим. Қўлимда бир жомадон китоб. Белимда онам оқ дуррага тугиб, икки тарафидан тикиб берган 150 сўм пул. Марғилонда мени институтда ўқиётган холам кутиб олиши керак эди.

 

Ярим тунда поезддан тушиб, атрофга қараб чиқдим, холам кўринмасди. (Кейин айтишларича, имтиҳондан чиққани учун чарчаб, шоҳбекатнинг ичида ухлаб қолган экан). Ҳайдовчиси “Фарғона”, “Фарғона” деб чорлаётган автобусга йўловчилар чиқаётган экан, мен ҳам таваккал қилганча, уриниб, суриниб кириб олдим. Ҳеч қанча юрмасимиздан одамлар туша бошлашди, йўловчилар сийраклашган сайин мени ваҳима боса бошлади. Охирида ёлғиз ўзим қолдим.

 

— Қаерга борасиз? - деб сўради ҳайдовчи.

— Автобус шоҳбекатига, дедим. Назаримда, у ерда одам кўп бўладигандай эди. Ҳайдовчи айтган жойимга тушириб қолдирди, лекин бекатда бирор зоғ кўринмасди. Жомадонимни судраганча, бир ўриндиққа чўкдим. “Шит” этган товушни эшитсам, юрагим така-пука бўлади. Назаримда, ўғри-пўғри келиб белимдаги пулни ечиб олиб кетадигандай... Икки қўлим белимда. Бир маҳал узун супургини кўтариб бир отахон келиб қолди. Эртаклардаги “Гар саломинг бўлмаганда ..., деган гап эсимга тушиб, шоша-пиша салом бердим.

 

— Қизим, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? - сўради отахон. Вазиятни тушунтирдим жовдираб. — “Пединститут”нинг ётоқхонаси бу ердан анча нарида. Ҳозир ярим тунда автобус юрмайди. Узоқ йўлдан чарчаб келаётган экансиз. Машиналар юрадиган пайтгача қоровулхонада дам олиб туринг, мен энди тонг отгунича ишдаман, эшикни занжирлаб кетаман, ҳеч ким безовта қилмайди — деди отахон. Уч кундан буён йўлда бўлганим учун зўрға оёқда турардим. Индамайгина уларнинг изларидан эргашдим. Эртасига отахоннинг ўзи мени автобус бекатига олиб чиқиб, камига ҳайдовчига ҳам тайинлади: “Бу қизимни “пединститут”нинг тўртинчи ётоқхонаси олдида тушириб қўйинг, ўзи билмайди, тағин адашиб кетмасин...

 

Ўша пайтда отахоннинг яхшилиги менга табиий туюлган. Ҳозир ҳар хил воқеалар, турли гапларга дуч келиб биляпманки, ўша одам олис Туркманистондан келган нотаниш қизга катта яхшилик қилган экан. Ахир мен яна уч-тўрт соат кимсасиз жойда ўтирсам, ўғри-пўғрига дуч келишим ёки кўнгли эгри одамлар келиб қолиши, қўлимда зилдай юк билан пединститут ётоқхонасини тополмай сарсон бўлишим мумкин эди. Зуваласи яхшилик билан ийланган халқнинг вакили бўлган бир покиза инсоннинг шарофати билан мен бундай хатарлардан нари бўлгандим.

 

***

Имтиҳонларнинг ҳар учтасини ҳам “аъло” баҳога топшириб, мандатни кутмай уйга қайтдим. “Тошкент-Қўнғирот” поезди Тошовузга кечаси соат учда тўхтарди. Поездда кетарканман, “Вокзалда тонг отишини кутаман”, деб ўйлардим-у, лекин уйимни, тўққиз яшар укам автоҳалокатга учраб ҳалок бўлгач, хасталаниб қолган онагинамни соғиниб кетган эдим. Урганчдан ўтганимиздан сўнг худди чиқиш жойида турсам, поезд тезроқ юрадигандай танбурга чиқиб олдим. Сал туриб, ёнимга ўрта ёшлардаги бир киши келиб:

 

— Сен Олтмишдаги Пошша шўронинг қизи эмасмисан? — деб сўради.

— Ҳа,-дедим.

— Жуда ўхшаб турибсан.

Гап асносида маълум бўлдики, бу киши қўшни қишлоқлик бўлиб, оиламизни таниркан.

 

— Қиз бола бошинг билан вокзалда қолма. Ҳар хил одамлар бор. Мен сени уйимга олиб кетай, кеннойинг билан чой-пой қилгунингча тонг ёришади. Кейин уйингга ташлаб келаман, — дегач, уларга эргашдим. Ҳақиқатдан одамжонли аёли бор экан, дастурхон ёзди. Бир пиёла чой ичар-ичмас, уйга кетгим келиб қолди. “Кетаман”, деб туриб олдим. Ҳозир эсласам уялиб кетаман бундан. Икки қишлоқ ораси салкам ўн километрлар келарди. Велосипеднинг орқасига катта жомадонимни боғлаб, пиёда йўлга тушдик. Кетаётиб амакининг оёғини оқсаб босаётганига кўзим тушди. Бечора одам “Ярим тунда уйингда бало борми, тонг отса, бирор улов топиб юбораман”, демай, муштдай қизнинг гапи билан шу ҳолига оқсоқланиб йўлга тушганди. Ортга қайтиб бўлмасди, ундан-бундан гапириб, қишлоғимизга кирдик. Уйимизга уч километрча қолганида виждоним чидамай қолди, шекилли:

 

— Дойи, сиз изингизга қайтаверинг. Уйимга яқин қолди, — дедим.

— Ростданми, қўрқмайсанми? – сўради амаки.

 

— Қўрқмайман, қайтаверинг, дедим-у, у киши изига қайтиб кетгач, жомадонимни бошимга қўйиб, уйга қараб югурдим. Чунки йўлда қамишлар ўсиб ётган кўл бўлиб, атрофида итлар юрарди доим. Эсон-омон уйимга етиб олиб, онам ётадиган сўридаги пашшахона ёнига бориб, “Опа!” деб бақириб йиғлаб юбордим. Акам нариёқдан чопиб келиб, “Ўқишга кира олмадингми, йиғлама, зарари йўқ”, деб юпата бошлади. Мен эса бир тарафи уйдагиларни соғиниб кетганимдан, иккинчи тарафи оёғи оғриган бандани шунча йўлга қийнаб пиёда юргизиб келганимдан йиғлардим.

 

Ҳозир бутунлай нотаниш тугул, танишларига ҳам заррача яхшилик қилса, ойлаб миннат қиладиган баъзи одамларни кўрсам, ғира-ширада велосипедининг орқасига китоб тўла жомадонимни боғлаб, ўзи оқсоқланиб йўл босаётган ўша олижаноб инсон кўз олдимга келади.

 

***

Институтни битиргач, “Тошкентга кетаман”, деб юриб, уч ярим йилни ўтказдим. Ахийри 1978 йилнинг қишида Тошкентда сиртдан ўқиётган тоғамдан (фарғоналик курсдошимнинг дадаси) “Сенга иш топдим, ҳозир Тошкентда, қишки сессиядаман. Аянг ҳам ёнимда. Кел.» деган телеграмма олдим. Кўч-кўронимни кўтариб, онамнинг оқ фотиҳаси билан йўлга тушдим. Поезддан тушгач, кўрсатилган манзилни айтиб, таксига чиқдим. Борсак уй муҳрланган, одам яшамаскан. Қўни- қўшнилари жуда кекса рус одамлари – ҳеч нарсани тушунишмади ҳам, тушунтириб беролишмади ҳам. Такси ҳайдовчиси ҳам рус миллатига мансуб киши эди. Нуқул
— Энди қаерга борасан, кеч тушиб қоляпти, - деб ташвишланарди.

 

Ахийри “Ҳозир ўқишлар тугаган. Юкларингни вокзалга юкхонага қўй, мен сени бирорта танишингникига олиб бориб қўяй, эртага эрталабдан ахтарасан тоғангни, ўқийдиган жойи орқали топиб оласан” деди. Қишнинг куни бир тутам – бирпасда қоронғи тушди. Тиббиёт институтида ўқийдиган ҳамқишлоқларимнинг ижара уйини элас-элас билардим. Таксичига айтгандим, адаша-адаша олиб бориб қўйди. Деярли бутун Тошкентни кезган бўлсак ҳам кўп пул олмади. Аксинча, “Аниқ шу уйми? Кўчада қолмайсанми?» дея қайта-қайта сўраб, “Ҳа” деганимдан сўнггина кетди. Мен у ҳайдовчининг ҳатто исмини ҳам билмайман. Машинасининг номерига ҳам қарамаганман. Аммо таксига чиққанимда, ҳайдовчи рус бўлса, “Қани эди ўша илк пойтахтга келган кунимдаги инсон бўлса, танисам, яхшиликларга ишонишим Сиздан бошланган” десам, дегич, ушалмайдиган орзуларни қилиб қоламан.

 

***

Раҳматли Матёқуб Қўшжонов раҳбарлик қилаётган собиқ Пушкин номидаги тил ва адабиёт институтида ишлардим. Ижара уй ва иш орасида ҳаётим бир маромда кетарди. Бир куни уйимизнинг эгаси кутилмаганда кириб келдида:

 

— Бир соатда уйни бўшатиб, чиқиб кетинглар. Қизим қайнонаси билан чиқишмай қолди, кўчини олиб келяпман, деб қолди. Уй уники, “хўп”, дейишдан бошқа илож йўқ. Шеригимнинг юки енгилроқ эди, нарсаларини тугиб, ўртоқларининг ёнига кетди. Тошкентда бемалол эшигини тақиллатиб боришим мумкин бўлган яқиним йўқ эди у пайтлар. Бор-будимни йўлакка чиқариб қўйиб, ижара уй ахтара бошладим. Аммо “Ҳа” деганда мен истагандай уй топилавермади. Ишхонада ётиб қола бошладим. Ҳамма кетганидан сўнг эшикни ичкаридан қулфлаб қўярдим. Кечга яқин буфетдан бир стакан кофе билан битта “булочка” олиб, чироқни ҳам ёқмай (қоровул кўриб, у-бу дейишидан қўрқардим), стулларни бирлаштириб ухлардим. Аммо бу аҳволда узоқ давом этиши мумкин эмасди. Асабийлашиб, сиқилиб, бошимни қайси тошга уришни билмай юрганимда, институт йўлагида ҳамюртим Абдулла Матёқубовга дуч келиб қолдим.

 

— Ҳа, шоир! ( раҳматли шеър ёзадиган борки, ҳаммани шундай чақирардилар) Нима бўлди, хафароқ кўринасиз? Тўлиб турган эканман, йиғлаб юбордим. Хуллас, аҳволимни айтишга мажбур бўлдим. — Шунга ҳам шунчами, қани юринг, бизникига, - дедилар кулиб.

 

Абдулла аканинг рафиқаси ҳам ишлар, тўртта фарзанди билан икки хонали уйда туришарди. Тор уйга томоша бўлиб, уй томондан тинмай меҳмон келарди – ким ўқишга, ким шифохонага... Аммо ҳозир оёқ тирайдиган, “Сизга юк бўламанми”, дейдиган аҳволда эмасдим. Мулзам бўлганимча ортларидан эргашдим. Рафиқаси Сўножон опаям худди уйларига ҳеч ким келмай мени кутиб ўтиргандек:

 

— Келавермайсизми, мана уй,- дея кутиб олди. Тошовуздан келадиган меҳмонлардан ташқари, Абдулла аканинг ёнига Азим Суюн, Саъдулла Ҳаким, Хуршид Давронлар кунда, кунора келишар, балконда адабий жараёнлар ҳақида соатлаб суҳбат қуришарди. Мен ичкарида гурунгга қулоқ тутардим. Уч ойча, то ижара уй топгунимча оиланинг қизчалари билан бирга ётиб, турганман. Бу файзли хонадон, бу яхшилик ҳеч ёдимдан чиқмади. Абдулла аканинг вафотларидан кейин ҳам оилали бўлиб, аравам оғирлашгунга қадар кўп бориб турардим.

 

***

“Энамни бериб қўйдик, тушга чиқарамиз! – Келинойимнинг овози чақмоқдек бутун вужудимни тилкалаб ўтди. Онамни кўриб келганимга бир ҳафта бўлганди. Сал паришон бўлиб қолган бўлсалар ҳам яшайдигандек туюлгандилар. Аэропортга борсак, Урганчга билет тугаган, фақат Нукусга бор экан. Аммо Нукусдан бизгача транспорт масаласи қийинроқ эди. Эндигина чегара масалалари чиқа бошлаган ўша пайтларда бирор муаммо бўлса, Хоразмдан Тошовузга ўтказиб қўйишга ёрдам берадиган ёзувчилар бор эди. Лекин мен Нукусда фақат Гулистон опамни танирдим. Опа у вақтлар Қорақалпоғистон Республикаси аёлларининг етакчиси эди. Банд одам, вақти ўзининг ихтиёрида эмас, келолмасликлари мумкинлигини билсам ҳам, қўнғироқ қилишга мажбур эдим.

 

Самолётда “Ишқилиб етиб борай, сўнг бор кўриб қолай”, деб илтижо қиламан. Бутун вужудим музлаб қолгандек, кўзимга бир томчи ёш келмайди. Самолётдан тушсам, трапнинг ёнида Гулистон опам турибди. Кўриб йиғлаб юбордим. Аэропортдан тўғри Тошовузга кетдик. Машина рақамини кўргач, чегарадагилар ҳам ўтказиб юборишди. Ўша пайтдан буён анча сувлар оқиб ўтган бўлсаям, энг оғриқли кунимда ёнимда турган Гулистон опамнинг катта бошини кичик қилиб аэропортга келиб турганларини ҳеч унутмайман.

 

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

17:11 / 21.11.2024 0 50
“Тариф”нинг таърифи ва тарихи

Биласизми?

10:11 / 20.11.2024 0 58
“Ўдаға”нинг ўдағайлагани

Қатра

21:11 / 11.11.2024 0 126
Мўъжизанинг баҳоси

Қатра

15:11 / 08.11.2024 0 160
Ота ва етти ўғил ҳикояси

Биласизми?

23:11 / 01.11.2024 0 237
“Бирпас”ми, “иккипас”?..



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 6108
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 4920
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4561
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 3987
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3412
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 2981
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

03:12 / 28.12.2021 1 2896
Туғилган кун

//