Андак ҳазил, андак киноя


Сақлаш
13:11 / 25.11.2021 0 832

Султонмурод ОЛИМ

 

Уддабурон

Бир воиз катта залда маъруза ўқибди. Кетиш маҳали идора раҳбари илтифот кўрсатиб пальтосини кийдириб қўймоқчи бўлибди.

– Йўқ, – дебди воиз, – ўзим кияман, раҳмат, узр.

– Келинг, тақсир, хизмат қилсак, сиздай азиз одамга хизмат қилибмиз-да.

– Йўқ, – дебди воиз яна, – ёмон ўрганиб қоламан.

– Нимага ёмон ўрганиб қоладилар? – деб сўрабди раҳбар.

– Иззат-ҳурматга.

– Нима қилибди, арзийсиз, тақсир. Икки карра арзийсиз!

– Лекин сиз ҳам ёмон ўрганиб қоласиз-да.

– Хўш-хўш, биз нимага ўрганиб қолар эканмиз?

– Сизми... сиз ўзининг чопонини ўзига кийдириб юборишга ёмон

ўрганиб қоласиз.

 

Ўч

Бухоронинг қиши қаттиқ келади. Тун аёзига чидаш қийин. Акрам келиб-келиб шундай кечаларнинг бирида заводдан бир машина пишиқ ғишт гаплашди.

Самосвалчи боришга рози бўлди. Лекин кабинадан тушмаслигини, бу қаҳратонда ғишт юклашга ярамаслигини айтди. Бир ўзига осон эмас – Акрам Субҳонни кўндирди. “Кабинада бориб, кабинада келаман. Тепага ўзинг чиқасан” деб шарт қўйди у ҳам. Боришди. Юклашди. Машинага ғишт отиб турган одамнинг бадани қизийди, совуқни сезмайди. Лекин терлайди. Энди шу ҳолда ғишт устига чиқиб ўн чақиримча ерга етиб боришни тасаввур қилинг!

Акрамнинг эса иши битиб, эшаги лойдан ўтди.

– Тегирмон ҳам навбати билан, жўражон, – деди у Субҳонга. – Келишда яхлаб ўлай дедим, кетишда ўлишим аниқ. Энди тепага сен чиқасан.

Субҳон кўнмади:

– Ваъдангни бузма, оғайни!

Бўлди жанжал, бўлди жанжал... Охири ҳайдовчи аралашиб масалани ҳал қилди – Акрам иккови Субҳонни зўрлик билан бортга – ғишт устига юклашди. Кабина эшиклари шарт-шарт ёпилдию машина юриб кетди. Тепада Субҳонни ваража тутди. Нима қилиш керак? Бирдан калласи ишлаб кетди. Биратўла ҳам совуқдан ҳимояланиш, ҳам ваъдасини бузган жўрасидан ўч олишнинг йўлини топди: ғишт отиб турган одамнинг бадани қизийди, совуқни сезмайди. Манзилга етиб борганларида машинада бир дона ҳам ғишт қолмаган эди.

Акрам ўзидан кўрсин!

 

Ўтириш

Қамоқдан чиққан кишини бир қалин оғайниси кўчада тасодифан кўриб

қолиб:

– Жўражон, бир ўтирайлик! – дебди.

– Раҳмат, шунча ўтирганим етар, – дебди ҳалиги киши капалаги учиб.

 

Иззатталаб воиз

Бир идора раҳбари таклиф қилинган воизга ҳурмат билан сўз берибди. Воиз минбарга чиқибди-ю, ҳеч маърузасини бошламас экан денг. Охири раҳбар ёрдамчисининг қулоғига бир нималарни шипшитиб, унинг олдига юборибди.

– Бошланг, тақсир, раҳбар хафа бўляптилар... ноқулай, ахир, – дебди ёрдамчи воизнинг қулоғига.

– Одам кам-ку! – дебди воиз.

Хайр, наридан-бери маъруза бўлибди.

Орадан бир муддат ўтиб, яна ўша воизни таклиф қилишибди. Лекин энди бу гал раҳбар қаттиқ тайинлаб қўйган экан, зал лиқ тўла эмиш. Аввалгидек ҳурмат билан сўз берилибди. Воиз минбарга чиқибди-ю, яна бошламас экан денг. Раҳбар ёрдамчисининг қулоғига бир нималарни шипшитиб, унинг олдига юборибди.

– Бошланг, тақсир, раҳбар хафа бўляптилар... ноқулай ахир. Яна нима гап?! – дебди ёрдамчи воизнинг қулоғига.

– Бу ўтирганлар орасида мени тушунадиган одам кўринмаяпти-ку! – дермиш нотиқ бу гал.

 

Зам сура

Бир отахон худойига бир қозон ҳалим тайёрлатиб, ўғлини масжидга юборибди:

– Бомдоддан чиққан намозхонларни тўғри шу ёққа бошлаб келаверасан.

Ўғил бор-йўғи етти кишини бошлаб келибди.

– Ахир, бомдодга ҳар куни юз киши чиқар эди. Қолганлар қани? – деб сўрабди отахон ҳайрон бўлиб.

– Масжид эшиги олдида туриб, чиқаётганлардан “Бугун имомимиз зам сурага қайси сурани ўқидилар?” деб сўрадим. Етти киши тўғри айтди. Бошқалар эса “биз имомга иқтидо қилдик, қандай сура ўқиганлари билан ишимиз бўлмади” деб жавоб берди. Сиз намозхонларни чақиришимни уқтирган эдингиз, мен уларни намозхон деб ҳисобламадим-да, – дебди ўғил.

 

“Сиз-да кандидат, мен-да кандидат!”

Озарбойжонлик академик Ҳамид Орасли домла фан номзоди бўлган пайтида бир аспирант тайёрлабди. У азбаройи садоқатидан ҳар маҳал устознинг портфелини кўтариб юрар экан. Шогирд ниҳоят бир кун диссертациясини ёқлаб, ўша замон ибораси билан айтганда, филология фанлари кандидати бўлибди – илмий даража бўйича устозига тенглашибди. Ҳимоядан кейин пастда автобус зиёфатга борувчиларни кутиб турган экан.

Ҳамид Орасли бундоқ қараса, портфель йўқ – у ҳимоя бўлиб ўтган залда қолиб кетган экан. Устоз, одатга кўра, дарҳол шогирдини топиб, портфелни олиб тушишни сўрабди.

– Йўқ, – дебди “олим” йигит, – энди бу ишни бошқа бировга буюринг. Чунки сиз-да кандидат, мен-да кандидат...

 

Танқид

“Танқид – келажак меваси”.

Сталин тўғри айтган. Келажак мевасини татиб кўришдан умидингиз бўлса, минбаъд танқид қила кўрманг!

 

Академикнинг картошка пиширгани

Академик эрталабдан уйида фан билан машғул. Хотини рўзғор учун бозор қилиб келадиган бўлибди.

– Тушликни нима қиламан? – дебди олим китобидан бош кўтармай.

– Қозончага сув солиб, битта катта картошкани ювиб қўйдим. Сувни қайнатиб, картошкани соласиз. Ёнига будильник соатни ҳам қўйиб қўйганман. Ярим соатдан кейин олиб, картошкани совитиб, пўстини арчасиз-да, пичоқда кесиб, туз сепиб, сариёғ қўшиб еб оласиз, – деб тайинлабди хотини.

Тушлик бўлибди. Академик картошкани қозонга солиб, энди соатни қўлга

олган ҳам эканки, эшик жиринглабди. Очса, аспиранти.

– Зап вақтида келдинг-да, ҳализамон картошка пишади. Каттагина. Иккаламизга етади, бирга тушлик қиламиз, – дебди.

Аспирант қараса, ўша каттагина арчилмаган картошка – устознинг қўлида. Секингина ошхонага кириб қозонга қараса, будильник қайнаб ётган экан...

 

 

“Tafakkur” журнали, 2020 йил 1-сон

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Биласизми?

15:05 / 07.05.2024 0 104
Омад ёш танламайди

Биласизми?

16:04 / 26.04.2024 0 100
Японларнинг яхши одати



Кўп ўқилган

Барчаси

Қатра

15:08 / 18.08.2022 15 3851
Илк ватан

Қатра

20:01 / 09.01.2022 7 3827
Бир қоп ун

Қатра

12:08 / 21.08.2022 6 3252
Тинчлик

Қатра

20:01 / 17.01.2022 2 2940
Ўқиш пули

Бир куни...

22:12 / 08.12.2021 3 2567
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

Қатра

22:12 / 27.12.2021 1 2413
Туғилган кун

Қатра

16:01 / 01.01.2022 0 2248
Қўнғироқ