Меҳнатсеварлик


Сақлаш
21:07 / 28.07.2023 0 671

Меҳнатсеварлик – маънавий фазилат сифатида шахснинг ишчанлиги, меҳнатни, ишни ҳуш кўриши ва умуман, инсоннинг меҳнатга муносабатини ифодаловчи тушунча. Унинг натижалари эришилган ютуқ, қўлга киритилган ҳосил ёки маҳсулотнинг миқдори ва сифати билан ўлчанади. Меҳнатсеварликнинг зидди ялқовлик, дангасалик, танбаллик, боқиманадаликдир. Ҳар қандай жамиятда ёшларни меҳнатсеварлик руҳида тарбиялашга ҳаракат қилинади. Чунки меҳнат қилмайдиган одам бошқалар ҳисобига кун кечиради, у оила, жамоа ва жамият тараққиётига ҳалақит беради. Меҳнатсеварлик меҳнатнинг ҳар қандай турига нисбатан намоён бўлмаслиги ҳам мумкин. Масалан, айрим кишилар ақлий меҳнатни ёқтирмаслиги, жисмоний меҳнат билан эса жон-дили билан шуғулланиши, бошқалар эса жисмоний меҳнатни ёқтирмаслиги мумкин. Меҳнатсеварликнинг шаклланиши фақат шахснинг ички сифатларига эмас, жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатлар, меҳнат ва маҳсулот тақсимоти тамойилларига ҳам боғлиқ. Масалан, шахс ўз ерида унумли ва чин кўнгилдан меҳнат қилиши, бошқаларнинг ерида эса мажбуран, номигагина меҳнат қилиши мумкин. Меҳнат натижаларидан баҳраманд бўлиш имконияти меҳнатсеварликнинг кенгроқ ва чуқурроқ ёйилишига хизмат қилади. Меҳнат натижаларидан баҳраманд бўлиш имконияти пасайиб кетса, меҳнатсеварлик миқёси ва даражаси ҳам камаяди. Меҳнатсеварликнинг қай даражада ёйилиши, унинг ижтимоий қадриятга айланиши кўп жиҳатдан меҳнатнинг хусусиятларига боғлиқ. Мустамлака мамлакатларда меҳнат кўпинча мажбурий бўлган. Унинг меваларидан асосан мустабид давлат кўпроқ баҳраманд бўлган. Бундай муҳитда меҳнатсеварликнинг кенг ёйилиши мантиққа зид бўлади. Бундай шароитда меҳнат ихтиёрий ва яхши кайфият билан бажарилган фаолият тури эмас, мажбуран бажарилган кўнгилсиз фаолиятга айланади.

 

Меҳнатсеварликнинг жамиятда ёйилиш миқёси ижтимоий тараққиётга бевосита таъсир ўтказади, боқимандаликнинг авж олиши эса мамлакатни инқирозга олиб келади. Алишер Навоий «Маҳбуб ул-қулуб» асарида деҳқончиликни тавсифлар экан, меҳнатнинг ижтимоий ҳаётдаги ролини шундай таърифлайди: «Оламнинг ободлиги деҳқонлардан, меҳнат аҳли шодонлиги улардан. Деҳқон ҳар қандай экин экишга қилса ҳаракат – элга ҳам озиқ-овқат етказур, ҳам барокат». Меҳнатсеварлик шахс ва жамият маънавият таркибидаги муҳим сифатлардан бири ҳисобланади. Маънавиятнинг шаклланиши ва ривожи ҳам кўп жиҳатдан меҳнатсеварликнинг мавжудлигига боғлиқ. Меҳнатсеварлик бўлмаганда маънавият ҳам бўлмас эди. Меҳнатсеварликнинг бир қатор хусусиятлари фақат эркин, ижтимоий меҳнат жараёнида шаклланади ва намоён бўлади. Улар жумласига шижоат, ғайрат кабиларни киритиш мумкин. Меҳнатсеварлик шунчаки ишда эмас, шижоат ва ғайрат билан қилинаётган меҳнат жараёнида яққолроқ намоён бўлади. Бундай меҳнат жамият аъзоларида меҳнатсеварликни шакллантириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

11:09 / 17.09.2025 0 111
Қаҳрамон

Биласизми?

14:07 / 15.07.2025 0 286
“Кимсан” аслида ким?



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 12423
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 6034
Илк ватан

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 5614
Миллий урф-одатлар

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 5369
Бир қоп ун

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4820
Тинчлик

Қомус

15:04 / 18.04.2023 0 4318
Радикализм

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3764
Ўқиш пули

//