
Биласизми?
Мафкуравий беқарорлик – кишилик жамиятига хос муайян хусусиятлардан бири; мафкуравий соҳадаги тамойилларнинг қарор топмагани, доимий бўлмагани, муқим бўлмагани каби маъноларни англатади. Бу гоҳида ижтимоий ҳаётда мафкураларнинг алмашиб туриши жараёнини изоҳлаш учун ҳам қўлланилади. Мафкуравий беқарорлик асосан, муайян бир ҳудудда давлат тизими бир ижтимоий-иқтисодий тузумдан бошқасига ўтиш даврида юзага келади. Шу нуқтаи назардан олганда, Мафкуравий беқарорликни муайян тарихий шароитда юзага келадиган ғоявий ўзгарувчан ҳолат, деб ҳам таърифлаш мумкин. Жамиятнинг янгиланиш босқичларида одатда эски тузум, эски турмуш тарзи билан биргаликда ўша тузум мафкураси ҳам юз тубан бўлади, бундай ҳол маълум даражада мафкуравий беқарорликни юзага келтиради. Мафкуравий бўшлиқ ва мафкуравий беқарорлик ҳамоҳангдир, чунки бундай пайтда вазиятдан фойдаланиш илинжида турли ғаразли мақсадларни кўзлаган мафкуралар ҳам бош кўтаради. Агарда ана шундай ҳолатда эҳтиётсизликка йўл қўйилса, жамият ҳалокат ёқасига келиб қолиши мумкин. Том маънодаги мафкуравий беқарорлик ана шунда пайдо бўлади. Юзага чиққан турли бегона, ёт мафкуралар билан янгидан шаклланаётган миллий мафкура ўртасида муросасиз кураш боради. Бу кураш томонларнинг ўзаро вақтинчалик муваффақиятлари тарзида кечиши мумкин. Бундай беқарорлик ижтимоий ҳаётга катта салбий таъсир кўрсатади.
Мафкуравий бўшлиқ – жамият, давлат ва меҳнат жамоаларида вужудга келган вазият, ижтимоий муҳит, тарбиявий-мафкуравий ишларнинг заифлашиб қолиши. Бундай шароитда фуқаролар онги ва фаолиятида турли миш-мишлар, сафсаталар устуворлик қила бошлайди. Кишилар хатти-ҳаракати ва руҳиятини бўшанглик, лоқайдлик, бефарқлик эгаллаб олади. Қаерда шундай ҳолат юз берса, ўша ерда мафкуравий бўшлиқ ҳукмрон бўлади. Шунинг учун ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ вужудга келмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик чоғиданоқ шакллантириб бориш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Мафкуравий вазият – муайян минтақа ёҳуд мамлакат ҳаётида мафкураларнинг ўрни ва мавқеи, улар ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ жараён ва шарт-шароитлар мажмуи. ХХ асрнинг 90-йилларига келиб, жаҳонда социализм лагери барҳам топди. Дунё сиёсий харитасида ўзларининг мустақил тараққиёт йўлини белгилаб олган ўнлаб суверен давлатлар пайдо бўлди. Айни пайтда социалистик ғоялар ҳукмрон бўлиб келган ҳудудни мафкуравий жиҳатдан бўлиб олиш билан боғлиқ вазият юзага келди. Бу вазият буюк давлатчилик шовинизми, диний экстремизм, тажовузкор миллатчилик каби мафкуравий таҳдидларда намоён бўлмоқда. Бундай вазиятда фақатгина кучли, халқ иродасини ўзида акс эттирган ғояларгина мамлакатни, жамиятни ёт ғоялар таъсиридан, мафкуравий тазйиқлардан муҳофаза қила олади. Мафкуравий вазият ўз характери, ҳаракатлантирувчи кучлари ва юзага келиш сабабларига кўра қулай ёки ижобий, ноқулай ёки салбий тусга эга бўлади. Агар мамлакатда миллийлик руҳи билан суғорилган, халқнинг эзгу-мақсадларини ўзида акс эттирадиган, жамиятнинг турли қатламларини бир мақсад томон йўналтирадиган ғоялар ҳукмронлик қилса, у ҳолда бундай мамлакатда қулай ёки ижобий мафкуравий вазият вужудга келган ҳисобланади. Турли хил мафкуралар мавжуд бўлса-да, улар жамиятни ягона умуммиллий мақсадга йўналтирмаса, халқ бегона ғоя ва мафкуралар тазйиқидан холи бўлмаса, бу мафкуралар кишиларнинг орзу-истакларини юзаки акс эттирса, у ҳолда мамлакатда ноқулай, салбий, таъбир жоиз бўлса, хатарли мафкуравий вазият вужудга келади. Бундай ҳолларда мамлакат парокандаликка учраб, жамият ўз тараққиёт йўлини йўқотиши ва боши берк кўчага кириб қолиши мумкин. Ёш мустақил давлатлар учун мафкуравий вазият масаласи жуда катта аҳамиятга эга. Чунки бундай давлатларнинг келажаги, тараққиёт йўли ана шундай мафкуравий вазиятнинг қандайлигига кўп жиҳатдан боғлиқ. Шунингдек, мафкуравий вазият жамиятда янги мафкуранинг шаклланиши, ривожланиши ва халқ онгига сингдирилиши борасида амалга оширилаётган ишларни, муайян ҳудуд ёки минтақадаги хилма-хил мафкураларнинг ҳукмронлик учун бўлган ўзаро курашларини ҳам англатишини унутмаслик зарур. Айни пайтда мафкуравий вазият янги, шаклланаётган мафкура билан ўз «вазифа»сини бажариб бўлган ёки адо эта олмаган мафкура ёхуд унинг қолдиқлари ўртасида муросасиз кураш боришини ҳам ифодалайди.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ