
Қатра
Матбуот – турли давлат ва нодавлат ташкилотлар, идоралар, ҳаракатлар, бирлашма ва марказлар, шунингдек, ихтисослашган ва ўз лицензиясига эга бўлган хусусий ва юридик шахслар томонидан чоп этиш воситасида обуна ва эркин савдога чиқариш орқали аҳоли ўртасида тарқатиладиган, турли-туман мавзуларни қамраб оладиган ОАВ. Газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, ахборот агентликлари, ТВ (кабелли, эфир-кабелли ТВ) ва радиоэшиттиришлар, ҳужжатли кино, электрон ахборот тизими, шунингдек, доимий номга эга бўлган, давлат тасарруфидаги, мустақил ва бошқа оммавий даврий нашрлар шулар жумласидандир. ОАВ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иловалар нашр этиши мумкин. Матбуот кенг маънода, барча босма маҳсулотлар мажмуини, тор маънода, даврий нашрлар, асосан, газета ва журналларни ифодалайди. Матбуот ижтимоий онгнинг ўткир ва таъсирчан воситаси сифатида кишилик жамиятига доимий ва фаол таъсир кўрсатади, жамоатчилик фикри ва маънавиятини шакллантиради, омма онгига муайян қарашларни сингдиришнинг қудратли ғоявий омили ҳисобланади. Матбуот жамият ҳаётини турли (ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-ишлаб чиқариш, илмий-техникавий ва бошқа) йўналишларда ёритади. Матбуот ХV асрнинг ўрталарида Европада таркиб топган. Қарийб 5 аср мобайнида (ОАВнинг бошқа турлари – радиоэшиттириш ва ТВ пайдо бўлгунига қадар) кишилар билан оммавий мулоқотнинг, билим ва ғоялар тарқатишнинг асосий воситаси саналган. Дастлабки босма нашрлар китоб, рисола ва варақалардан иборат бўлган, XVII асрнинг бошларида газеталар, кейинроқ эса журналлар ташкил топган; XIX асрнинг ўрталарида матбуот агентликлари вужудга кела бошлаган.
XX асрда оммавий ахборотнинг радиоэшиттириш ва ТВ сингари турларининг пайдо бўлиши ва тараққий этишига қарамай, матбуот ҳамон жамиятдаги ўз ўрни ва мавқеини кенгайтириб, ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва фаолиятнинг барча соҳаларига доимий ва самарали таъсир кўрсатиб келмоқда. Тарихий ривожланиш жараёнида матбуотнинг хусусий шахслар, ижтимоий гуруҳлар (сиёсий оқимлар, партиялар, касаба уюшмалари, маданий-маъмурий ташкилотлар ва бошқа), ҳиссадорлик жамиятлари, ҳукумат муассасалари ва бошқа томонидан таъсис этилган ва уларнинг мақсадларига хизмат қилган қатор турлари вужудга келди. Матбуот қарор топган дастлабки пайтларда Европада черков диний мафкурани тарғиб қилишда босма китоблардан, варақалардан кенг фойдаланди. Жамият маънавий ҳаётига черков таъсирининг тобора чекланиши заминида дунёвий матбуот таркиб топди ва кенг ривожлана бошлади. Илғор ижтимоий тузум, демократик тартиблар ўрнатиш учун курашда тараққийпарвар матбуотнинг хизмати катта бўлди. Ўзбекистонда матбуот XIX асрнинг 2-ярмида таркиб топди. Тошкентда 1870 йилда ўлкадаги мустамлакачи ҳукмронлар ташкил этган «Туркестанские ведомости» ва «Туркистон вилоятининг газети» Марказий Осиёдаги матбуотнинг илк намуналари ҳисобланади. Туркистонда дастлабки тараққийпарвар миллий газеталар 1905–07 йиллардан фаолият кўрсата бошлади («Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат» ва бошқалар). Уларнинг йўлини ХХ асрнинг 2-ўн йиллигида чоп этилган «Садои Туркистон», «Садои Фарғона», «Нажот» газеталари, «Ойина» журнали давом эттирди. Миллий нашрлар Туркистонни саводли, маърифатли, тараққиётга эришган, обод, мустақил диёрга айлантириш ғояларини тарғиб қилдилар, 1917 йилдан сўнг, собиқ иттифоқ таркибидаги барча иттифоқдош республикаларда бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам янги сиёсий йўналишдаги партиясовет матбуотининг кўп тармоқли тизими қарор топди. Умумдемократик қоидаларга зид равишда матбуотнинг шаклланиши ва ривожланиш жараёни яккапартиявийлик – коммунистик партиянинг мутлақ яккаҳокимлиги шароитида кечди. Газета, журналлар, китоблар қиёфаси, йўналиши шу ҳукмрон партия раҳбарияти кўрсатмалари асосида белгиланди. Янги давр Ўзбекистон матбуоти тараққиётида ҳам сифат жиҳатидан бутунлай янги – демократик ривожланиш босқичи бошланди. Эндиликда ташкилотлар, партиялар, уюшмалар, айрим жамоалар, фуқаролар ҳам матбуот нашрларини таъсис этиш ҳуқуқига эга бўлди. «Тараққий» газетасининг 1-сони чиққан 27 июнь (1906) санаси Ўзбекистонда матбуот ва ОАВ ходимлари куни сифатида нишонланиб келади (1993 йилдан). Ўзбекистон матбуотига доир масалалар асосан «Ўзбекистон Матбуоти» журналида ёритилади.
Матбуот эркинлиги – сўз, шахс, виждон эркинлиги сингари сиёсий ҳуқуқлардан бири бўлиб, матбуотнинг эркин фаолият кўрсатишини, кишиларнинг матбуотда ўз фикр-мулоҳазаларини тўсиқларсиз ифода эта олишини ифодалайди. Матбуот эркинлиги матбуотнинг моҳиятини, унинг жамият ҳаётидаги ўрнини белгилайди. Сиёсий жиҳатдан матбуот эркинлиги демократия кўринишларидан бири сифатида қаралади. «Эркинлик» сўзи ҳар қандай тўсиқ, монелик ва шу кабилардан холи бўлиш, мустақиллик, озодлик маъносини англатади. Шу билан бирга, эркинлик – англанган заруратдир: инсон ўз олдида турган тарихий, иқтисодий, сиёсий заруратни англаб етгандагина том маънода эркин бўлади, эркин фикрлай олади. Матбуот эркинлиги ҳам ана шундай хусусиятга эга, яъни жамият тараққиётига, унинг қонуниятларига жавоб берадиган матбуотгина эркин матбуотдир. Жамият тараққиётининг бош масалаларини теран англаб етган ҳолда фаолият юритадиган журналистгина эркиндир. Матбуот эркинлиги уч асосга: ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий негизларга таянади. Матбуот эркинлигининг ижтимоий-сиёсий асоси матбуотнинг қандай ижтимоий борлиқ ва тузумда фаолият кўрсатиши, ижтимоий онгнинг қандай кўриниши экани, қандай мафкура ва ғояларга хизмат қилишида намоён бўлади.
Матбуот эркинлигининг иқтисодий асоси эса матбуот нашрлари ва ОАВнинг ким томонидан, қандай маблағ эвазига чиқарилиши билан боғлиқ. Матбуот эркинлигининг маънавий асоси эса уни чиқараётган шахс, гуруҳ, унда хизмат қилаётган журналистларнинг руҳияти, дунёқараши, эътиқоди билан боғлиқ. Юксак маъятли, эътиқодли, инсоният, жамият олдидаги масъулиятини чуқур англаб олган, умуминсоний ва миллий қадриятларга хизмат қилувчи, эзгуликка интилувчи журналист доимо эркин бўлади. Аксинча, қолоқ, қотиб қолган тушунчалар, ақидалар асосида ва бошқа мақсадлар йўлида хизмат қилувчи журналист ҳеч қачон руҳан эркин бўла олмайди. Матбуот эркинлиги муаммоси матбуот пайдо бўлганидан буён мавжуд бўлиб, турли жамиятда турлича ҳал этиб келинган. Матбуот вужудга келган илк даврлардаёқ унинг эркинлигини таъминлашга эҳтиёж пайдо бўлган. Тараққийпарвар кучлар ўз фикр ва қарашларини эркин баён этиш учун матбуот эркинлигини талаб қила бошлайди. XVII–XVIII асрларда Франция, Англия каби мамлакатларда юз берган инқилобий воқеалар давридаги матбуот эркинлиги учун кураш бунга яққол мисол бўла олади. Англияда яшаб ижод этган Жозеф Аддисон, Ричард Стил, Францияда Камиль Демулен, Жан Поль Марат ва бошқа тараққийпарвар журналистлар ўз асарларида халқ оммасининг фикр ва туйғуларини ифода этиб, матбуот эркинлиги учун курашган.
ХХ аср бошида Туркистонда вужудга келган жадид матбуоти намояндалари ҳам мустамлакачи чор ҳукуматининг матбуот эркинлиги борасидаги қаттиқ зулмига қарши чиққан эди. Бу даврда матбуотда ишлаб, публицистика соҳасида ижод қилган Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний каби маърифатпарварлар чор Россиясининг сиёсатига қарши чиқиб, эркин миллий матбуотни шакллантириш ва ривожлантириш ғоясини илгари суриб, уни амалиётга жорий этишга ҳаракат қилганлар. Ўзбекистонда мустабид тузум даврида матбуот эркинлиги «таъмин этилган» бўлса-да, амалда бутун Иттифоқда бўлгани каби, юртимизда ҳам журналистлар фаолияти партиявий назоратнинг қаттиқ исканжасига олинган ва унинг мафкурасига хизмат қилишга мажбур эди. Мустақилликни қўлга киритиб, демократик ва ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бораётган мамлакатда матбуот эркинлиги сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий асослари кафолатланган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 82-моддасида «ОАВ эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Цензурага йўл қўйилмайди», дея қайд этилган. Матбуот эркинлигининг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий асослари қабул қилинган қонунларда ўз ифодасини топган.
Қатра
Бир куни...
Бир куни...
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ