Масъулият


Сақлаш
19:07 / 11.07.2023 0 1354

Масъулиятмаънавий, ижтимоий ва маъмурий-ҳуқуқий соҳаларда кенг қўлланиладиган тушунча; маънавият нуқтаи назаридан ёндашилганида бурч; ижтимоий маънода жамият ва бошқа олдидаги маънавий қарздорлик; маъмурий жиҳатдан, ижтимоий тартибга солишнинг турли меъёрларини амалга оширишни назарда тутувчи жамоатчилик назоратининг намоён бўлиши; ҳуқуқий ёндашувда эса асосан юридик жавобгарликни англатадиган серқирра ва кенг маъноли категория. Масъулият муаммосига фанда азалдан эркинлик ва зарурат категорияларининг ўзаро нисбати, шахс хулқ-атвори ва фаолиятининг маънавий-ахлоқий жиҳати нуқтаи назаридан ёндашиб келинади. Шу маънода масъулият тушунчаси фалсафий, ахлоқий, психологик, юридик, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга хос кўплаб масалаларнинг мураккаб мажмуини қамраб олади. Бу ҳол инсон ва ижтимоий борлиқ моҳиятининг мураккаблиги ва ранг-баранглиги билан белгиланади. Ҳар қандай одам ўзи учун муҳим бирон бир мақсадга эришиш йўлида ҳаракат қилиш усулини танлашда ўз табиатига кўра эркин эканига қарамай, унинг шахсий ҳаёти бутун жамият ҳаёти, бошқалар олдидаги масъулияти билан узвий боғлиқдир. Жамият эса ўз-ўзини асраш ва ривожланиш учун муайян ички тартибни шакллантириб, ўз аъзоларининг номақбул қилмишларини амалда чеклашга мажбур. Шундай қилиб, одамларнинг хулқ-атвор меъёрлари билан масъулияти узвий алоқададир.

 

Бу ҳолат жамиятнинг барча аъзолари бирбири ва жамият олдида маълум мажбуриятларни онгли ёки онгсиз равишда қабул қилиши, шунингдек, зарур ҳолларда уларни рўёбга чиқаришга тайёрлигида намоён бўлади. Тарихдан маълумки, ҳокимиятнинг барча бўғинлари барқарор ва масъулиятли бўлмаса, жамият изчил ривожланиши ва тараққий этиши мумкин эмас. Бу масала ҳозирги дунёда янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Масъулиятга ахлоқ ва ҳуқуқ категорияси сифатида таъриф берилганида у шахснинг жамиятга нисбатан ўз маънавий бурчи ва ҳуқуқий меъёрларни бажариши билан тавсифланувчи алоҳида ижтимоий ва ахлоқий-ҳуқуқий муносабатни акс эттиради. Шу нуқтаи назардан масъулият бошқарув қарорларини қабул қилишда давлат ҳамда жамият манфаатларининг англаниш даражасидир. Баъзи бир асарларда масъулият шахс хулқ-атвори устидан ижтимоий назоратни амалга ошириш шакли, пировард натижанинг кўзланган мақсадга, бошқарув субъектининг сиёсий, юридик, ижтимоий ва бошқа муносабатларининг объект билан мувофиқлиги мезонлари, бажарилган иш учун ташкилот, давлат ва жамият олдида жавоб бериш қобилияти, раҳбарнинг касбий, шахсий ва ишбилармонлик фазилатлари омили, унинг фаолият услуби, бошқарувни рағбатлантириш ва унинг самарадорлиги омили сифатида таърифланади. Технологик тусга эга талқинда бошқарув жабҳасидаги масъулият – бу ҳокимият органи, унинг раҳбари ва ходимлари қонуний қабул қилинган хизмат фаолияти, хулқ-атвор меъёрлари, қоидалари ва тартиб-таомилларини тан олиши, уларга риоя қилиши, ўз ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги натижаси учун жавоб беришини ифодаловчи тушунчадир. Масъулиятнинг асосий функцияларини ёритишда унинг ривожланиш жараёни инсоннинг ҳам ички дунёси, ҳам ташқи муҳит билан боғлиқ эканига эътиборни қаратиш лозим.

 

Инсоннинг ички ривожланиши жамиятга ва унинг мўлжалларига муносабатини белгилайди. Ташқи муҳит эса мавжуд одатлар, анъаналар, ахлоқ қоидалари ва давлат мажбурлови ёрдамида унинг хулқ-атворини тартибга солади. Бундай талқинда ижтимоий масъулият судланиш, маъмурий ёки жиноий жазони қўллаш таҳдиди остида ўз хулқ-атворини мавжуд ижтимоий меъёрлар, ижтимоий мақсадлар ва қонунларга мувофиқлаштириш зарурлигини ихтиёрий (баъзан мажбурий) қабул қилиш тарзида амал қилади. Бу, аввало, инсон жамият ва унинг қонунларидан ташқарида мавжуд бўла олмаслиги билан белгиланади. Шахс умумэътироф этилган нормаларни қабул қилмаган ёки бузган тақдирда масъулият мазкур жамиятнинг яхлитлигини сақлаш мақсадини кўзловчи тартибга солиш омили сифатида хизмат қилади. Масъулиятнинг мазкур тартибга солиш функцияси нафақат шахсга, балки ҳар қандай – расмий ва норасмий ижтимоий тузилмаларга нисбатан ҳам амал қилади. Бундай ташкилотларга нисбатан масъулият даражаси давлат ва маҳаллий бошқарувнинг амалдаги нормалари, қонун ва қоидаларига риоя этилиши билан белгиланади. Зотан, жамоатчилик ҳозирги ташкилотлардан нафақат юксак моддий натижаларни намойиш этишни, балки жамиятнинг ижтимоий мақсадлари нуқтаи назаридан ҳам катта ютуқларга эришишни талаб қилади. Масъулиятнинг яна бир муҳим функцияси – гносеологик ёки билиш – тадқиқ этишдан иборат. У ишончли билимни ҳамда янги технологиялар, фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг жамият учун ижтимоий муҳим натижаларини таъминлайди. Ижтимоий масъулиятнинг бу функцияси роли келгусида, айниқса, дунё миқёсида давом этаётган жамиятнинг ижтимоийлашув жараёнлари муносабати билан изчил ортиб боради. Масъулиятнинг асосан умумдавлат аҳамиятига молик қарорлар қабул қилиш фаолиятига дахлдор ихтиёрий-бошқарув функцияси гносеологик функция билан узвий боғлиқ. Бу функция ноаниқ ёки фавқулодда вазиятда, шунингдек, вақт танқис бўлган шароитда қарор қабул қилиш лозим бўлган ҳолларда алоҳида аҳамият касб этади.

 

Масъулият мураккаб ва кўп даражали ҳодиса бўлиб, у шахс хулқ-атвори устидан ижтимоий назорат ва ўз-ўзини назорат қилиш шакли сифатида таърифланиши ҳам мумкин. Шу жиҳатдан масъулият чораси пировард натижанинг кўзланган мақсад билан ўзаро нисбати, шунингдек, бошқарув субъектининг объект олдидаги мажбурияти билан боғлиқ. Айни вақтда, масъулият – бу ҳар бир кишининг касбий, шахсий ва ишчанлик фазилатлари, унинг фаолият услуби хусусияти, меҳнатининг рағбатлантирувчи ва самарадорлик омилидир. Масъулият шахс мақомининг муҳим кўрсаткичи бўлиб, у, ўз навбатида, инсоннинг давлат ва жамиятдаги ўрни ва ролини тавсифлайди, унинг давлат ва жамият билан ўзаро муносабатларини белгилайди. Бунда шахс фаолиятининг самарадорлиги ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва масъулиятнинг аниқ ва тўлиқ белгиланганига кўп жиҳатдан боғлиқдир. Айни вақтда, бу фаолият натижалари учун масъулият шахснинг мажбуриятлари, ҳуқуқлари, унинг ҳаракатлари самарадорлигига баҳо бериш мезонларининг белгиланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатади. Буларнинг барчаси масъулият инсоннинг бурч ва ҳуқуқлари билан бевосита боғлиқлигидан далолат беради. Улар бир-бирини тақозо этади ва жамулжам ҳолда ҳар бир инсоннинг жамиятдаги ўрни ва мақомини белгилаб беради. Жамиятнинг турли институтлари, уларнинг ижтимоий тартиб ва жамиятнинг яшовчанлигини қонун кучи билан таъминлашга бурчли бўлган хизматчилари зиммасига юклатилган масъулият алоҳида ижтимоий аҳамият касб этади. Чунки айнан бошқарув ходимлари жамиятга қараб мўлжал олувчи шахслар сифатида шаклланади. Бунда жамият ва давлат таъсирида хизматчиларнинг муайян ижтимоий интизоми ва жавобгарлиги (сиёсий, ҳуқуқий, ахлоқий масъулият) шаклланади. Бошқариш тизимида масъулият муаммоси давлат ва фуқаролик жамиятининг ички жараёнлари билан узвий боғлиқ. Миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш, ислоҳотларни изчил давом эттириш, жамиятда барқарорликни таъминлаш лозим бўлган ҳозирги шароитда турли жабҳалардаги жараёнларда масъулиятни оширишнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу жараёнда масъулият, аввало, самарали давлат ва маҳаллий бошқарув ҳамда кадрлар билан ишлаш сиёсатини олиб боришнинг муҳим омили намоён бўлади.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

15:04 / 17.04.2025 0 33
Марҳамат ая соғинчи

Биласизми?

10:04 / 08.04.2025 0 84
Нархнинг навоси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 195
Туркистондаги қадимий аёллар байрами



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9442
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5352
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4938
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4464
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4371
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3575
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3161
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//