Манфаат


Сақлаш
21:07 / 10.07.2023 0 556

Манфаат (арабча фойда кўрмоқ) – 1) наф, фойда, самара, натижа;

2) индивид ёки ижтимоий гуруҳ фаолиятини, ҳуқуқини белгилайдиган асосий омил;

3) зарурат, эҳтиёж.

 

Индивид ёки ижтимоий гуруҳ манфаат, аввало, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги, ишлаб чиқаришдаги ўрни ва мавқеи билан белгиланади. Манфаат жуда мураккаб, кенг қамровли тушунча бўлиб, турли давр ва вазиятларда унинг ўзига хос кўринишлари намоён бўлади. Манфаат субъектига кўра, шахс, гуруҳ ва жамият манфаатлари, эҳтиёж шаклига биноан моддий ва маънавий манфаатларга бўлинади. Маънавий манфаатлар эса ўз навбатида, маданий, руҳий, ахлоқий ва бошқа турларга бўлинади. Манфаатлар муайян эҳтиёжларни қондириш билан боғлиқ ҳолда вужудга келади. Субъект ўз манфаатларини қанчалик чуқур англаса, уларни рўёбга чиқариш учун шунчалик қулай имконият туғилади. Манфаатларни чуқур англаб етмаслик шахс ёки гуруҳнинг ўз манфаатларига зид фаолият юритишига сабаб бўлиши мумкин. Манфаатларни англаш даражаси эса шахс ва ижтимоий гуруҳнинг маънавий тараққиёт даражасига боғлиқ. Манфаат билан яқин ва турдош ҳодиса эҳтиёждир. Эҳтиёжсиз манфаат бўлиши мумкин эмас. Улар ўртасида умумий жиҳатлар билан бир қаторда, тафовутлар ҳам мавжуд. Эҳтиёжлар бевосита объектга йўналтирилган бўлса, манфаатлар шу эҳтиёжларни қондириш воситалари, жамиятда амал қилаётган тақсимот тамойилларини ҳам ўз ичига олади. Эҳтиёж ва манфаат ўртасида зиддият ҳам вужудга келиши мумкин. Масалан, гиёҳванд кишининг эҳтиёжини наркотик модда қондиради, аммо бу ҳол унинг манфаатларига зиддир. Индивид ва ижтимоий гуруҳ фаолиятининг негизида манфаат ётгани учун ана шу фаолиятни ўрганувчи ахлоқшунослик, ижтимоий фалсафа, сиёсатшунослик, иқтисодий назария каби фанлар манфаат категориясига мурожаат қилади. Манфаатнинг умумий жиҳатлари, шаклланиш, ривожланиш ва қондирилиш қонуниятлари ижтимоий фалсафа фанида ўрганилади. Фалсафа тарихида манфаат моҳиятини талқин қилишда турлича ёндашувлар бўлган.

 

ХХ асрнинг иккинчи ярмида манфаатнинг онтологик жиҳатларини тушунтиришда икки хил нуқтаи назар пайдо бўлди. Улардан бири манфаатни объектив ҳодиса, иккинчиси эса субъектив ҳодиса сифатида талқин этади. Биринчи ёндашув вакиллари иккинчисини субъективизмда айбласа, иккинчиси биринчисини вулгарлик ва метафизикада айблайди. Узоқ давом этган бу тортишув айтарли самара бермайди. 90-йилларнинг бошларида манфаат ҳам объектив, ҳам субъектив воқелик билан боғлиқ бўлган ҳодиса, деб талқин этила бошланди. Шу маънода индивид ва гуруҳлар фаолияти негизида уларнинг манфаатлари ётади, деган фалсафий қоидани бундай фаолият асосида оддий манфаат эмас, англанган манфаатлар ётади, манфаатнинг фаолиятга таъсири унинг англаниш даражасига боғлиқ, деб тўлдириш мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, субъектлар баъзи ҳолларда ўз манфаатларига зид ҳаракат қилишлари ҳам мумкин. Масалан, оч юрган она зўрға топган овқатини ўзи емай боласига бериши унинг манфаатларига зид бўлсада, аммо олий инсоний манфаатларга мувофиқдир.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

15:04 / 17.04.2025 0 33
Марҳамат ая соғинчи

Биласизми?

10:04 / 08.04.2025 0 84
Нархнинг навоси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 195
Туркистондаги қадимий аёллар байрами



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9442
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5352
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4938
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4464
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4371
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3575
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3161
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//