Маданият фалсафаси


Сақлаш
21:07 / 06.07.2023 0 1099

Маданият фалсафаси – маданиятнинг моҳияти, ривожланиш қонуниятлари, тараққиёт босқичлари ва истиқболларини яхлит, бир бутун ҳодиса сифатида ўрганувчи фалсафий фан. Маданият фалсафаси фан сифатида ажралиб чиққани учун ҳам улар ўртасида узвий боғлиқлик бор. Хусусан, фалсафий қонун ва категорияларни билиш маданият ва унинг ривожланиш муаммоларини назарий-методологик жиҳатдан тўғри ечиш учун замин яратади. Айни пайтда маданият фалсафаси маданиятнинг хилма-хил кўринишларини таҳлил қилиш асосида фалсафий қонунлар ва тушунчаларнинг мазмунан бойиши, фалсафанинг ижтимоий амалиёт билан алоқасининг кенгайиши ва чуқурлашуви, у илгари сураётган хулоса ва қоидаларнинг бойиши ва такомиллашувига хизмат қилади. Маданият фалсафаси ижтимоий тараққиётнинг субъектив, яъни кишилар фаолияти билан боғлиқ жиҳатларига алоҳида эътибор беради. Маданият фалсафасининг предмети доираси маданият масалалари билан чекланган. Шу боис маданият тушунчаси кенг талқин қилинган тақдирда ҳам бутун жамиятни қамраб ололмайди. Маданият фалсафаси бошқа фанлар маълумотларидан фойдаланиш билан бирга ўзининг эмпирик материалларини йиғади ва таҳлил қилади. Маданият фалсафаси ижтимоий-гуманитар фанлар билан ўзаро таъсирда бўлиб, уларнинг категорияларидан фаол фойдаланади. Масалан, фалсафа фанидан «фаолият», «тараққиёт», «ворислик», «бошқарув» каби тушунчаларни ўзлаштириб «маданий фаолият», «маданий тараққиёт», «маданий ворислик», «маданиятни бошқарув» каби категорияларни ишлаб чиқади.

 

Маданият фалсафаси назарий таҳлил объекти сифатида жуда қадимий илдизга эга. Шарқда Будда, Конфуций, Зардушт, Ғарбда антик фалсафа намояндалари қарашлари бунга мисол бўла олади. Аммо узоқ вақт маданиятшуносликка оид тадқиқотлар фалсафа, тарих, антропология каби фанларнинг таркибий қисми сифатида ривожланиб келди. XIX–XX асрлар оралиғини маданият фалсафасининг фан сифатида шаклланишида муҳим босқич дейиш мумкин, чунки бу даврда маданият фалсафасига муҳим ижтимоий ҳодиса сифатида жиддий эътибор қаратилди. Жумладан, И.Кант учун маданият фалсафаси тараққиёти аввало ахлоқ тараққиёти бўлса, Гегель учун фалсафа тараққиёти асосий ҳисобланади. Умуман олганда, немис мумтоз фалсафаси доирасида маданият фалсафаси жамият ва индивиднинг маънавий ва сиёсий ривожланишининг умумий шакли сифатида талқин этилади ва маданиятнинг турли шакллари инсон маданий эволюциясининг тарихий босқичлари сифатида таҳлил этилади. Бугунги кунда маданиятнинг моҳиятини таҳлил қилишга йўналтирилган бир қатор ёндашувларни ажратиш мумкин. Натуралистик ёндашувда маданият инсон табиати ривожланишининг табиий маҳсули, инсон табиати эволюциясининг якуний босқичи деб ҳисобланса, мумтоз ёндашувда маданият инсон ва жамият маънавий ҳаёти билан айнанлаштирилади, у табиатдан ташқаридаги, ғайритабиий ҳодиса сифатида талқин қилинади. Аксиологик ёндашувда маданият тушунчаси фақат қадриятларга нисбатан қўлланиши мумкинлиги таъкидланса, фаолиятли ёндашув доирасида маданият инсон ҳаётий фаолиятининг ўзига хос усули, фаолият, унинг манба ва натижаларининг диалектик бирлиги сифатида эътироф этилади. Бундан ташқари, маданият фалсафаси семиотик, структуравий, постмодерн, антропологик ёндашувлар нуқтаи назаридан ўрганилиши мумкин. Шундай қилиб, маданият фалсафасининг талқин этилиши борасида турли-туман ёндашувлар мавжуд бўлса-да, бу тушунча ва ҳодисанинг яхлит умумэътироф этилган концепциясини ишлаб чиқишга эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги қўйилган

Барчаси

Қатра

15:04 / 17.04.2025 0 33
Марҳамат ая соғинчи

Биласизми?

10:04 / 08.04.2025 0 84
Нархнинг навоси

Биласизми?

17:03 / 12.03.2025 0 195
Туркистондаги қадимий аёллар байрами



Кўп ўқилган

Барчаси

Қомус

15:04 / 19.04.2023 0 9442
Жадидчилик

Қатра

20:08 / 18.08.2022 15 5352
Илк ватан

Қатра

01:01 / 10.01.2022 7 4938
Бир қоп ун

Қомус

22:08 / 04.08.2023 0 4464
Миллий урф-одатлар

Қатра

17:08 / 21.08.2022 6 4371
Тинчлик

Қатра

01:01 / 18.01.2022 2 3575
Ўқиш пули

Бир куни...

03:12 / 09.12.2021 3 3161
Ҳар нарса ҳам кўринганидек эмас

//