
Биласизми?
Иррационализм (лотинча irrationalis – онгсиз, ақлга асосланмаган) – XIХ асрнинг биринчи ярмида Европадаги тараққиёт фаннинг турли соҳаларида эришилган ютуқ ва кашфиётлар натижаси бўлиб, бу жараён ўз навбатида фалсафий тафаккурдаги ноанаънавий ёндашувларнинг шаклланишига ҳам катта таъсир кўрсатган. Шундай ёндашувлар асосида фалсафий муаммолар доираси кенгайиб, турли оқим ва йўналишлар пайдо бўлишига олиб келган. Шунингдек, бу даврда ижтимоий-сиёсий ҳаётда кечган мураккаб жараёнлар таъсирида маърифатпарварлик ғоялари ва қарашлар инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, ҳаётнинг мазмуни, қўрқув, масъулият, яшашдан мақсад, демократия, плюрализм каби масалаларга ўрнини бўшатиб бера бошлайди. Файласуфларнинг баъзилари бундай ўзгаришларни таҳлил қилар экан, анъанавий фалсафий ёндашувлардан четга чиқиш кераклигини ва асосий эътиборни инсоннинг иррационал моҳиятига қаратиш лозимлигини исботлаш ва асослашга ҳаракат қилган. Чунки анъанавий фалсафий ёндашувларда ақл инсон моҳиятини белгилаб берувчи асос сифатида эътироф этилган бўлса, ноанъанавий ёндашувларда ақл эмас, балки инсоннинг мавжудлиги, иродаси, руҳияти, онгсизлиги унинг моҳиятини билишда муҳим аҳамият касб этади. Бундай қарашларни ўз ичига олган фалсафий йўналиш эса иррационализм номи билан ривожлантирилди. Иррационализм йўналиши ўз навбатида волюнтаризм (А.Шопенгаур) ва экзистенциализм диалектикасида (С.Кьеркегор) ўз ифодасини топди. ХХ асрдаги иррационализмнинг ривожи эса фалсафадаги янги йўналишларнинг шаклланишига олиб келди. Улар жумласига фалсафий антропология (М.Шеллер, К.Юнг), феноменология (Э.Гуссерль), руҳий таҳлил (З.Фрейд, К.Юнг), структурализм ва постструктурализм (К.Леви Стросс, Ф.Лаунсбери, Ж.Мердок, М.Фуко, Л.Альтюссер, Ж.Деррида, У.Эко), экзистенциализм (М.Хайдеггер, А.Камю, Ж.Сартр, К.Ясперс, Г.Марсель, Н.Бердяев) каби оқимларни киритиш мумкин. Иррационализм ғоялари ХХ асрнинг бошларидан мафкуравий қарашларга ҳам таъсир кўрсатиб, либерализм таълимотида ҳам маълум даражада намоён бўлган. Лекин иррационализмнинг мафкуравий асослари бир томонлама ёндашув ва қарашлардан иборат бўлган ортодоксал ғоялар мажмуи сифатида неорационализм вакиллари томонидан кескин танқид қилинган. Чунки иррационализм жамият тараққиётига оид дастурларнинг фан, техника, технология билан боғлиқ жиҳатларини танқид қилиши истиқболдаги стратегик мафкуравий ислоҳотларни белгилаб олишда турли муаммоларни юзага келтириши мумкин. Фан, техника, технологиянинг ўрнини тўғри баҳоламаслик, инсонларнинг жамиятдан бегоналашуви, келажак тўғрисида қайғурмаслик, ақлнинг одамзод ҳаётидаги ўрнини камситиш, ҳиссиётга берилиш ва бошқалар шулар сирасидандир. Иррационализм билишнинг ноақлий (ёки ақлдан қуйи ёки юқори) босқичлари ҳам мавжудлигини тан олади ва шу босқичлар мазмунининг таҳлилига алоҳида эътибор беради. Иррационализм инсон руҳий фаолиятининг рационаллик доирасидан ташқарига чиқувчи хилма-хил жиҳатларини биринчи ўринга сурадиган турли хилдаги фалсафий тизим ва йўналишларни бирлаштиради. Масалан, иродани (волюнтаризм), интуицияни (интуизм), онгсизликни (психоанализ) ва ҳоказо. Барча динларнинг мистик йўналишлари иррационализм (норационал) табиатга эга: ислом динида бу тасаввуф бўлса, Ҳиндистонда шаклланган динларда йога, Хитойда эса дзен-буддизмдир.
Диний ақида ва унинг расмий жиҳатлари (шакллари) эса рационал табиатга эга. Шу маънода, иррационализм ўз табиатига кўра жуда қадимийдир. Фақат XVII–XVIII асрларга келиб унинг рационалистик жиҳатлари етакчи ўринга чиқиб, XIX аср охирларига қадар ҳукмронлик қилиб келди. Ҳозирги давр фани рационалликка асослангандир. Билишнинг рационалликдан (интелектуалликдан) бошқа юқори шакллари мавжудлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалар энг қадимги манбалардан бири бўлган ҳинд фалсафий меросида батафсил баён этилган. Унда энг олий ҳақиқатга ривож топган ақл ёрдамида ҳам эришиб бўлмаслиги, унга эришиш учун олий реалликка сингиб, у билан уйғунлашиб кетиш кераклиги каби ғоялар олға сурилган. Бундай сингиб кетиш натижасида инсон онги ёришади, дейилади. Тасаввуфда буни «ишроқ», яъни Ҳаққа (Аллоҳ висолига) етишиш дейилади. XX асрнинг йирик мистик ҳинд файласуфи А.Гхош ақл инсон табиатини тубдан ўзгартира олмайди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ақл турли тизим ва таълимотларни яратишдан нарига ўта олмайди, чунки, бу тизимларда ифода этилган ғояларнинг ўзи тўлиқ эмас, нисбий ҳақиқатдир. Ҳаёт эса ҳеч қандай формула ва тизим доирасига сиғмайди, у инсон интеллектининг иродасига бўйсунмайдиган мураккаб ва чексиз яширин имкониятларга тўлиқдир. А.Гхош онг эволюциясининг ақлдан юқори ва ақлдан қуйи кўп поғоналари мавжудлигини ва ҳозирги давр Европа иррационалистик фалсафий оқимлари, хусусан, психоанализ онгнинг ақлдан бошқа шаклларини ўрганиш учун эндигина илк қадамлар қўяётганини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, инсон билиш мумкин бўлган ҳақиқатнинг «қора ярим сферик қисми» ҳам бор. Психоанализ «онгсизлик соҳаси» деб ўрганаётган, одамнинг жинсий қувватларини ифода этадиган, бу соҳадан бошқа ақлдан юқори (супраментал) онг соҳаси мавжудлиги ҳамда унинг ўзи ҳам турли даражаларга бўлиниши ғоясини илгари суради.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ