
Биласизми?
Инсонийлик – инсонлик, одамгарчилик чегарасида қилинадиган ишлар, одамга ярашадиган, унга зеб бўладиган, шахсини улуғлайдиган фазилатни, ҳаётга, одамзод тақдирига гуманистик муносабатни англатадиган тушунча. Инсонийлик ғоялари узоқ тарихга эга бўлиб, унинг ёрқин ифодаси бўлган ижод намуналари, реал далил ва мисоллар халқ оғзаки ижодиётида, бадиий адабиётда, диний ва фалсафий таълимотларда, турли халқларнинг тарихи, маданий меросида асрлар давомида яшаб келмоқда. Шарқнинг буюк мутафаккирларидан Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби мумтоз сиймоларнинг асарларида инсон эркинлиги, унинг қадрқиммати, инсонийлик ғоялари билан бирга бир бутун ҳолда илгари сурилади. Хусусан, Алишер Навоий ижодида дунёдаги энг катта бойлик – ҳазрат инсондир, деган ғоя бадиий сўз орқали асослаб берилган. Ул зотнинг фикрича, бутун мавжудот, борлиқ инсон учун, унинг бахт-саодати учун хизмат қилиши лозим. «Одамий эрсанг демагил одами, Оники йўқ халқ ғамидин ғами». Алишер Навоийнинг биргина шу байтида унинг ижодида инсонийлик нақадар етакчи ўринга чиққани яққол кўриниб турибди. Миллий тафаккуримизнинг бошқа намояндалари ижодида ҳам бу анъана давом эттирилиб, юксак инсонийлик маънавий тараққиётнинг муҳим омили сифатида тараннум этилган. Шарқ фалсафаси ва ижтимоий тафаккурида инсонийлик ғоялари азалдан кенг тарқалган бўлиб, унинг кўп минг йиллик тарихи билан чамбарчас боғлиқ. Европада эса инсонийлик яхлит дунёқараш тизими сифатида биринчи бор ўарб Уйғониш даврида, яъни XV–XVII асрларда шаклланган.
Ўрта асрларда Худо ва дин номидан камситиб, ҳақоратлаб, минглаб инсонларни инквизиция гулханига ташлаган шафқатсиз диндорлар ва уларни қўллаб-қувватлаган черков ҳокимиятига қарши, Европада инсонийлик ғоялари ўзига хос кураш дастури сифатида намоён бўла бошлади. У ижтимоий фикрни кенг қамраб олиб, адабиёт, фалсафа, санъат ва бошқа соҳалар ривожига янгича мазмун ва руҳ касб этди. XIV–XVII асрларда инсонийлик ғоялари дастлаб Италияда, кейинчалик эса Европанинг бошқа мамлакатларида тарқала бошлади. Шундан кейинги асрлар давомида инсонийлик ғоялари катта тарихий йўлни босиб ўтди. Жаҳон илмий, сиёсий ва ижтимоий фалсафасида инсонийлик, инсонпарварлик «гуманизм» номи билан ривожланди. Бу атама илм-фанда биринчи марта XIX аср бошларида ишлатила бошлади ва XX асрнинг ўрталаригача жамиятдаги адолатсизлик ва тенгсизлик кўринишларини танқид қилиш учун ғоявий асос бўлиб хизмат қилди.
Инсониятнинг XV асрдан то XX асрнинг ўрталаригача бўлган тарихи аста-секин инсонийлик ғояларини ўзлаштиришга сабаб бўлди ва уларни инкор этиш инсониятни қандай катта фожиаларга ундаши мумкин эканини кўрсатди. Шу асосда Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда дунё тараққиётида туб ўзгаришлар юз бера бошлади ва ҳақиқий инсонийлик томон жиддий қадамлар қўйилди. Буни БМТ, ЮНЕСКО каби нуфузли халқаро тузилмалар ташкил этилгани, бошқа соҳалар қатори гуманитар масалалар ҳам сиёсий муҳокама мавзусига айланганида кўриш мумкин. Инсонийлик ўзбек миллий менталитетининг таркибий қисмидир. У халқимиз ҳаётида доим мавжуд бўлган ва унинг мутафаккир фарзандлари ижодида ўз ифодасини топган. Яъни, инсонийлик ғоялари юртимиз ва халқимиз онгига ташқаридан киритилган эмас, балки халқимиз тафаккури, ижодкорлик даҳоси меваси сифатида яшаб, юксалиб келмоқда. Бу жараён мустақиллик йилларида янада кенг давом эттирилмоқда. Ўзбекистон барча соҳаларда биринчи галда инсонийлик ва инсонпарварликнинг юксак мезони ва талаблари асосида сиёсат олиб бормоқда. Мамлакатимиз Конституцияси ва қонунлари, юртимиздаги туб ислоҳотлар, аввало, инсонни улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани, халқимиз маънавиятига, миллий қадрият ва анъаналаримиз ривожига берилаётган эътибор, бу борадаги кенг кўламли ишлар – инсонийликнинг амалдаги ёрқин ифодасидир.
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Биласизми?
Қомус
Қатра
Қатра
Биласизми?
Қатра
Қомус
Қатра
Бир куни...
//
Изоҳ йўқ